Жаҳон | 20:10 / 17.10.2022
9603
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 80 минг коррупционер назорат органларига ихтиёрий равишда таслим бўлган

Хитой Коммунистик партиясининг 207 мингга яқин аъзоси назорат органлари томонидан жазоланган.

Фото: AP

Хитой Коммунистик партиясининг (ХПК) тартиб-интизом бўйича қўмита раиси ўринбосари Сяо Пэй сўзларига кўра, Си Жинпинг ҳокимият тепасига келганидан буён партиянинг 207 мингга яқин аъзоси назорат органлари томонидан жазога тортилган. Сўнгги беш йил ичида 80 мингга яқин партия аъзоси назорат органларига коррупция жиноятини содир қилганликда ихтиёрий равишда иқрор бўлган.

«Биз коррупция тарқалишини қатъий чеклаймиз. Уни бартараф қилишга қаратилган мақсадли сиёсат ва босимнинг кучайиши оқибатида сўнгги 5 йил ичида 80 минг партия аъзоси қонунбузарликни ихтиёрий равишда тан олди», деди Сяо Пэй ХПК ХХ қурултойида сўзлаган нутқида.

Мулозимнинг сўзларига кўра, сўнгги 5 йил ичида коррупция учун жазоланганларнинг аксарияти аввал ҳам бир неча бор жиноят содир этган. Биринчи марта пора олаётганда ушланганлар улуши 11 фоизни ташкил этади.

ХПК 96 миллион аъзога эга бўлиб, сўнгги 10 йил ичида уларнинг 5 миллиони эҳтимолий коррупция масаласида суриштирув остига тушган. Аммо фақат 553 нафар партия аъзосига нисбатан жиноят иши очилган.

ХПК етакчиси Си Жинпинг қурултой очилишида сўзлаган нутқида коррупцияни партиянинг «саратони» деб атади ва порахўрликка қарши кураш «бир лаҳзага ҳам» тўхтаб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.

Сентябрь ойида Хитойда катта коррупция можароси якунига етди. Айбловчилар хулосасига кўра, Хитойнинг собиқ жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари Сун Лижун 2001 йилдан 2020 йилгача юқори лавозимларда ишлаган вақтида ҳомийлик, лавозимда кўтарилишга кўмаклашиш ва ҳоказолар эвазига 646 миллион юандан (91 миллион доллар) ортиқ пора олган.

 

Мавзуга оид