17 октябр куни кечқурун Краснодар ўлкасида Азов денгизи соҳилидаги Ейск шаҳрида турар жой бинолари ҳовлисига ҳарбий самолёт қулади. Қулаш чоғида самолёт «уйларга урилиб кетган», натижада ёнғин бошланган. Маҳаллий расмийларнинг сўнгги маълумотларига кўра, қурбонлар сони 15 нафарга етган, 19 киши жабрланган. BBC рус хизмати ушбу ҳодиса бўйича сўнгги маълумотларни тўплади.
Самолёт қандай қулаган?
Россия Тергов қўмитасига кўра, Су-34 ҳарбий самолёти техник носозлик оқибатида ҳалокатга учраган. Ҳудудда авиаёнилғи туфайли чиққан йирик ёнғин орадан олти соат ўтибгина ўчирилган. Терговчилар ёнилғи намуналарини ва борт ёзувларини олишган. Катапульта орқали омон қолган учувчилар ҳамда аэродром ходимлари сўроқ қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан «Парвоз ёки унга тайёргарлик кўриш қоидаларини бузиш» моддаси (РФ ЖК 351) бўйича жиноий иш очилган.
Ҳалокатдан кейин олинган видеолардан бирида ерда ётган учувчидан гувоҳлар самолёт уриб туширилгани эҳтимоли ҳақида сўрашади. У «йўқ» деб жавоб қайтаради.
«Мен самолёт уйим устидан қандай учиб ўтаётганини ва ундан учқун сачраётганини кўрдим. У жуда пастлаб ва анча сокин учарди», дейди BBC билан суҳбатда маҳаллий аҳоли вакили Ирина.
«Самолёт кўринди, мен у нега бу қадар пастлаб учаётгани ҳақида ўйладим. Ва шундай ҳуштак чалинди, гўё трубиналар катта тезликда ишлаётгандек. Қарасам, у қуламоқда. Бу бир ярим-икки секунд ичида рўй берди», дея ҳодисани тасвирлайди гувоҳлардан бири «161.ru» мухбирига.

Россия мудофаа вазирлигининг расмий саҳифаси бўлмиш «Звезда» канали самолёт кўтарилиш чоғида ҳалокатга учраганини маълум қилган. Учувчилар бунга самолёт двигателларидан бири ёниб кетгани сабаб бўлганини айтишган. Расмий маълумотларга кўра, Су-34 ўқув-машғулот парвозига чиққанди ва унинг бортида ўқ-дорилар бўлмаган.
Ҳалокат ва ёнғин акс этган дастлабки видеоларда портлашлар овози эшитилган, гувоҳлар буни ўқ-дорилар детонацияси сифатида қабул қилишганди. Аммо маҳаллий расмийлар ва ФВВ маълум қилишича, самолёт ўзи билан жанговар ўқ-дорилар олиб учмаган. «Агар шу каби ҳолат бўлганида эди, уйнинг ярми вайрон бўлиб кетарди», деган Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев.
Қулаш чоғида самолёт Коммунистлар кўчасидаги тўққиз қаватли уйга урилиб кетган. Уйда ёнғин бошланган, бу эса бир неча қават қулаб тушишига олиб келган. Маҳаллий «161.ru» нашри эълон қилган фотосуратларда уйга қадалиб қолган самолёт парчаларини кўриш мумкин: балкондаги қўниш мосламаси (шасси) ва девордан чиқиб турган қанот бўлаги.




















