Жаҳон | 21:58 / 22.08.2024
13782
3 дақиқада ўқилади

«Кавказ» портида украинлар зарбасидан кейин темирйўл пароми чўкиб кетди

Украина Краснодар ўлкасидаги «Кавказ» портида ёнилғи цистерналари ортилган темирйўл паромига ҳужум қилди, паромда кучли ёнғин юзага келди ва у сув тубига чўкиб кетди.

Фото: Видеодан кадр

Пайшанба куни телеграм-каналлар «Кавказ» порти ҳудудига ракета зарбаси йўллангани тўғрисида хабар тарқатди, бу маълумот кўп ўтмай маҳаллий мухбирлар томонидан тасдиқланди.

Регион оператив штаби маълумотига кўра, зарба оқибатида паромда ёнғин бошланган. РБК Краснодар ўлкаси Темрюкск райони раҳбари Федор Бабенковга асосланиб хабар беришича, Украина қуролли кучлари зарбасига дучор бўлган паромда ёнилғи солинган 30 цистерна бор эди.

Кўп ўтмай паром чўкиб кетган.

«Портнинг ўзида ёнғин ўчоқлари мавжуд эмас», — дея хабар қилган штаб.

РИА Новости агентлиги фавқулодда хизматлардаги манбасига таяниб ёзишича, паромда ҳужум вақтида беш киши бўлган. Уларнинг тақдири ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас.

Оперштабдагилар Украина қуролли кучлари зарбасини «навбатдаги терактга уриниш» деб баҳолаган.

Маҳаллий телеграм-каналлар ва пабликларда «Кавказ» порти ҳудудида тутун устуни кўтарилгани акс этган фотосуратлар тарқалган.

Ёнилғи-мойлаш материаллари солинган цистерналардаги оловни ўчириш учун порт ўт ўчириш поезди юборилган.

Зарба ҳақидаги хабар ортидан Қрим кўприги бўйлаб ҳаракат бир соатга тўхтатилган, маҳаллий вақт билан соат 17:41 да ҳаракат тикланган.

Кремл таъсиридаги Mash телеграм-каналига кўра, украин ҳарбийлари порт томон Storm Shadow ракетасини учирган бўлиши мумкин ва у ёнилғи ташувчи «Акватрейдер» паромига келиб урилган. Бу маълумотнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.

Украина ҳозирча «Кавказ» порти бўйлаб зарба ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмади.

Июл ойида украин кучлари «Кавказ» порти бўйлаб бир неча зарбалар йўллаган, натижада «Славянин» темирйўл пароми шикастланганди.

Британия ҳарбий разведкаси ёзишича, «Славянин» бу йўналишдаги ягона темирйўл пароми бўлган ва 29 май куни йўлланган зарбалардан кейин тузатилиб, хизматга қайтарилган.

Разведканинг ҳисоблашича, «Славянин» суюлтирилган нефт гази ташийди.

Разведка ҳисоботида украинларнинг «Кавказ» портига ҳужумидан кейин Россия ёнилғини Қрим кўприги орқали ташишга мажбур бўлаётгани айтилган.

«Кавказ» порти — Қора денгиз ва Азов денгизи ҳавзасида юк айланмаси бўйича Новороссийск портидан кейинги иккинчи портдир. У Керч бўғозида жойлашган, Қрим кўпригидан 12, Новороссийскдан 150 км масофада.

Мавзуга оид