Жаҳон | 21:51 / 17.07.2023
11596
2 дақиқада ўқилади

Краснодар ўлкасида Су-25 қулади. Учувчи ҳалок бўлди

Самолёт Азов денгизининг соҳилга яқин ҳудудига қулаган. Учувчи катапулта қилинганди, аммо парашют арқонларига ўралашиб қолган. Қутқарувчилар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.

Фото: Видеодан кадр

17 июл куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да Ейск шаҳри яқинида Азов денгизига Су-25 русумли штурмовик қулаб тушди. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси оператив штаби телеграм-каналида хабар берилган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, пилот катапулта қилинган, қутқарувчилар уни дарҳол эвакуация қилишган. Самолёт қулаши сабабини аниқлаш учун воқеа жойида мудофаа вазирлиги ва махсус хизматлар мутахассислари иш олиб боришмоқда», — дейилади хабарда.

Жанубий ҳарбий округ бу маълумотни тасдиқлаб, Су-25 ўқув парвозини амалга ошираётган бўлганини хабар қилди. ТАСС агентлиги хабарига кўра, ҳалокатга двигател ишламай қолгани сабаб бўлган.

Агентлик ўз манбасига таянган ҳолда хабар беришича, штурмовик учувчисини сувдан олиб чиқиб, жонлантиришга ҳаракат қилишган. Baza телеграм-канали хабарига кўра, у сувга қўниш вақтида оёғини синдириб олган ва парашют арқонларига ўралашиб қолган. Соат 16:00 атрофида Baza ва «112» манбалари у ҳалок бўлганини хабар қилди. Кўп ўтмай Краснодар ўлкаси Ейск райони раҳбари Роман Бублик учувчининг ўлимини тасдиқлади.

«112» хабарида ёзилишича, Су-25 соҳилдан 2 км масофада қулаган. Baza хабарига кўра, денгизнинг бу қисми чуқур бўлмагани учун самолёт парчалари сув юзасидан ҳам кўриниб турибди.

  • Ўтган йил октябрида ҳам Ейскда ўқув парвози чоғида Су-34 русумли қирувчи-бомбардимончи самолёт ҳалокатга учраганди. У ҳавога кўтарилиш вақтида қулаган ва кўп қаватли уйга урилганди. Натижада 16 киши ҳалок бўлган, яна 20 га яқин киши жароҳатланганди. Учувчилар муваффақиятли катапулта қилинганди.
  • Тергов қўмитаси ҳалокат сабаби бўйича техник носозликни асосий версия сифатида келтирган. Жиноят кодексининг 351-моддаси бўйича (парвоз хавфсизлиги ва унга тайёрланиш қоидалари бузилиши) жиноий иш қўзғатилган.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид