Ўзбекистон | 22:09 / 25.10.2022
41673
4 дақиқада ўқилади

“Қаерда гапираётганингизни, ўрнингизни билинг!” — Акмал Саидов Ҳисоб палатаси раиси ўринбосарига танбеҳ берди

Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ялпи мажлисда Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Ўткир Жумановга танбеҳ берди. Жуманов агар топшириқ бўладиган бўлса, ҳар қандай жамғармани текшира олишларини айтгач, Саидов палатадан қонунан ҳаққи бўлмаган ишларга “бурнини тиқмаслик”ни талаб қилди.

Бугун, 25 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мажлисда Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Ўткир Жумановдан киритилаётган ўзгаришлар борасидаги муносабатини сўради.

“Биз бюджет маблағлари ажратилган жамғармаларни текширамиз. Лекин топшириқ бўладиган бўлса, ҳаммасини текширишга ҳаққимиз бор. Топшириқнинг эса бизга ким томонидан берилишини жуда яхши биласиз”, деди Жуманов кўрсаткич бармоғи билан юқорига ишора қиларкан.

Бунга жавобан Акмал Саидов: “Топшириқ қонун асосида бўладими ёки...” дея сўради. Ўткир Жумановдан қонун асосида деган жавобни эшитгач, унинг сўзларини тўғрилади: “Шундай денг-да, қонун асосида бериладиган топшириқни бажарамиз, денг”.

Акмал Саидов сўзида давом этди: “Сизлар нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳузуридаги фондларни ҳам текширасизларми? Масалан, парламент ҳузурида Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди бор. Уларни ҳам текширасизларми?”

“Агар топшириқ бўлса, ҳа”, деди Жуманов.

“Қайси асосда текширасизлар? Топшириқ... Тўхтанг! Бу ерда ўтирган 120та депутат тушунмайди деяпсизми? Сизлар, нима, эртага жамоат фондини ҳам текширасизларми? Нима демоқчи эканингизни билиб турибман. Қонун бўйича айтинг. Мен бошида айтдим: Ҳисоб палатасининг вазифаси битта – давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш. Ундан бошқа ҳеч нарсага бурнингизни тиқишга ҳаққингиз йўқ.

Фуқаролик жамияти вакиллари ёки хусусий ташкилотлар жамғарма ташкил қилиши мумкин. Сизлар топшириқни бажарамиз, дейсизлар. Қонунни биласизларми ўзи? Қаерда гапираётганингизни билинг, ўрнингизни! Бу ерни Қонунчилик палатаси деб қўйибди! Сизлар ҳақингиздаги қонунни ҳам мана шу ерда қабул қилганмиз”, деди Саидов.

Маълумот учун, “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги қонунга кўра, мазкур ташкилот бюджет тизимидан ташқари, белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларни ҳам аудитдан ўтказиш ваколатига эга. Мажлисда депутатлар қонундаги “белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар” деган сўзларга аниқлик киритиш, бунда фақат бюджет маблағлари жалб этилган жамғармаларни кўзда тутиш бўйича таклиф киритди. Шу тариқа, қонун лойиҳаси қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.

Лойиҳада, шунингдек, Ҳисоб палатасига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда бюджет ташкилотларида мол-мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганлик учун баённома расмийлаштириш ваколатини бериш назарда тутилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда Ҳисоб палатаси томонидан тафтиш, текшириш ва ўрганишларни амалга ошириш тартиби назарда тутилиб, уларнинг фарқли томонлари акс эттирилганди. Шунингдек, палата молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режалари тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш қоидалари белгиланган.

Мавзуга оид