Сўнгги кунларда Украина «ифлос бомба»ни қўллашга тайёргарлик кўраётгани ва бунда Россияни айбламоқчи экани ҳақида кўплаб россиялик сиёсатчилар ва ҳарбийлар гапирмоқда.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Туркиядаги ҳамкасбларига, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов эса Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи Энтони Радакин ва АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Миллига қўнғироқ қилди.

Душанба куни Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов брифинг ўтказди ва унда воқеалар ривожи қандай бўлиши мумкинлигини баён қилди.

Россия ҳарбийлари даъвосига кўра, бомбани тайёрлаш учун керак бўлган материалларни Украинанинг учта атом электр станциясидан, шунингдек, ҳозирда фаолияти тўхтатилган Чернобил атом электр станциясидан, радиоактив чиқиндиларни утилизация қилиш жойларидан, кимё ва атом саноати корхоналаридан олиш мумкин.

«Шу билан бирга, Украинада илмий база ҳам бор, бу – Харкив физика-техника институти бўлиб, унинг олимлари СССР ядро дастурида иштирок этган. Ҳозир у ерда турли экспериментал объектлар, шу жумладан «Ураган» термоядро ускунаси ишлаяпти. Бундан ташқари, Киевдаги Миллий фанлар академияси қошида Ядро тадқиқотлари институти ҳам фаолият юритяпти. У ерда юқори фаолликдаги радиоактив материаллар ёрдамида ВВР-М реакторида тадқиқотлар олиб борилмоқда», — деди Кириллов.

Россиялик ҳарбийларнинг сўзларига кўра, «Украинанинг икки ташкилоти «ифлос бомба»ни яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар олган. Ишлар якуний босқичда».

Мудофаа вазирлиги ўзидаги маълумотларга ҳаволалардан бошқа ҳеч қандай далилни келтирмади.

BBC мухбири Стив Розенбергнинг ушбу айбловларга далилларни тақдим этиш ҳақидаги сўровига Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин умумий иборалар билан жавоб қайтарди.

Унинг сўзларига кўра, «Украина президенти Зеленский Мюнхендаги хавфсизлик конференциясида нутқ сўзлаган 19 феврал кунидан бошлаб, инсоният Киев режимининг ядро қуролига эга бўлиш истагини кўриб келмоқда, ўша пайтдаёқ унинг ядро қуролига эга бўлиш амбициялари аён бўлган эди».