15:52 / 27.10.2022
5378

АҚШ гипертовушли қурол компонентларини синовдан ўтказди

Виржиния штатидаги NASA полигонида ўтказилган синовлар вақтида махсус ракета учирилди. Ҳарбий қўмондонлик парвозни муваффақиятли деб баҳолади.

Фото: Reuters

26 октябр куни АҚШ ҳарбийлари NASA’нинг Виржиния штатидаги парвоз полигонида гипертовушли қурол компонентларини синовдан ўтказди. Учириш майдончасидан махсус ракета учирилди. Американинг CNN телекомпанияси 27 октябр, пайшанба куни маълум қилишича, мутахассислар гипертовушли ракеталарнинг таркибий қисмлари, жумладан, иссиқликка чидамли материаллар ва юқори технологияли электроника ҳақида маълумотларни тўплаш учун 11 хил тажриба ўтказди

Синовларга раҳбарлик қилган стратегик тизимлар дастурлари директори вице-адмирал Жонни Вулф парвозни муваффақиятли деб баҳолади. Ушбу синовлардан тўпланган маълумотлар денгиз флоти учун гипертовуш тизимини ва армия учун узоқ масофали гипертовушли қуролни ишлаб чиқишга ёрдам беради, деб таъкидлайди CNN. 

Ракетанинг худди шундай синовдан учирилиши 27 октябрга белгиланган. Шу куни гипертовушли қуролларни яратиш доирасида 13 та қўшимча тажриба ўтказилади. 

Хитой 2021 йилда муваффақиятли гипертовушли парвозларни эълон қилганидан кейин ва Россия Украинага қарши урушда гипертовушли ракеталардан фойдалана бошлаганидан сўнг, Пентагон гипертовушли қуролларни ишлаб чиқишни устувор вазифа сифатида белгилай бошлади. АҚШ Мудофаа вазирлиги жорий йилда икки марта, март ва май ойларида гипертовушли ракеталарни синовдан ўтказди. 

2021 йил октябр ойида Россия президенти Владимир Путин Россия гипертовушли қуроллар яратиш бўйича АҚШни ортда қолдирганини айтди. РФ «Циркон» ва «Кинжал» гипертовушли ракеталари билан қуролланган бўлиб, улар Россия ҳарбийларининг фикрига кўра, 2000 километрдан ортиқ масофадаги нишонларни уриб, душманнинг ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимларини енгиб ўтишга қодир. 

Американинг гипертовушли қуроллар синовлари Россия ўз стратегик ядровий кучларини тайёрлаши фонида ўтказилмоқда. Россия томони ушбу машқлар ҳақида Пентагонни олдиндан хабардор қилган. Аввалги бундай машқлар Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланишидан беш кун олдин, 19 февраль куни бўлиб ўтган эди. 

Top