07:32 / 27.10.2022
15445

«Украина томонидан ифлос бомба тайёрлаш» фотоси Россиянинг фейки бўлиб чиқди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган Украинанинг «ифлос бомба» тайёрлаганлиги ҳақидаги «далил» 2010 йилда Словенияда олинган сурат бўлиб чиқди. Любляна радиоактив чиқиндилар мамлакатда хавфсиз сақланишини таъкидлади.

Фото: IMAGO

Украинанинг «ифлос бомба» яратиш жараёнини акс эттирувчи фотосурат - 24 октябрь куни Россия ТИВ томонидан Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, твиттерда эълон қилинган расм - маълум бўлишича, 2010 йилда Словенияда олинган. Бу ҳақдаги твит, ўз навбатида, Словения ҳукумати томонидан 25 октябр, сешанба куни эълон қилинди.

Россия ТИВ хабаридаги суратда радиоактив хавф белгиси билан белгиланган мазмуни ноаниқ бўлган пакетлар кўрсатилган. Фотосурат тагида: «Ишлатилган материаллар: уран-235, плутоний-239» деб ёзилган.

Словения ҳукумати 2010 йилда Словения Ядро чиқиндилари агентлиги (ARAO) томонидан профессионал мақсадларда олинган ушбу фотосуратда «радиация манбалари мавжуд, аммо фотосурат остидаги жадвалда кўрсатилган радиоактив материаллардан бирортаси ҳам йўқ»лигини тушунтирди. Расмий Люблянанинг қўшимча қилишича, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу суратдан ARAO'нинг хабарисиз фойдаланган.

«Словенияда радиоактив чиқиндилар хавфсиз ва назорат остида сақланади. У ифлос бомбаларни ишлаб чиқариш учун ишлатилмайди», - дея таъкидлади мамлакат ҳукумати.

23 октябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Франция, Туркия, Буюк Британия ва АҚШдаги ҳамкасбларига қўнғироқ қилиб, Украина гўёки «ифлос бомба» – радиоактив моддалар ёки чиқиндилар билан тўлдирилган жанговар каллак ёки ракета ёрдамида провокация тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирди. Россия Мудофаа вазирлиги буни ўша пайтда ҳеч қандай далил билан тасдиқламади.

Украина бу айбловларни қатъиян рад этиб, уларни «хавфли ёлғон» деб атади. Президент Зеленский Телеграмда «Агар кимдир Европанинг қисмида ядро қуролидан фойдаланиши мумкин бўлса, демак, бу фақат битта субъект – ва у шунчаки ўртоқ Шойгуга у ерга қўнғироқ қилишни буюрган», деб ёзди. Киев Украинада «ифлос бомба» ишлаб чиқарилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун АЭХА инспекторларини мамлакатга ташриф буюришга таклиф қилди.

АҚШ, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари биргаликда Шойгунинг Киевнинг Москвани ядровий бомба портлаши билан айблаш нияти ҳақидаги сўзлари «ҳақиқатга тўғри келмаслигини» таъкидлади. «Дунё бу даъвони кескинликни кучайтириш учун баҳона сифатида ишлатишга уриниш кўради», деди улар. Москва бу айбловларни можарони кучайтириш учун баҳона сифатида ишлатмоқчи, деган фикрни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам билдирган.

Шу билан бирга, 26 октябр, чоршанба куни Россия қуруқлик, денгиз ва ҳаво стратегик тийиб туриш кучларининг ўқув машғулотларини ўтказди, унда ядровий зарядларни олиб юришга қодир баллистик ва қанотли ракеталар учирилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top