18:52 / 28.10.2022
13765

Президент борган маҳаллага 31 километрдан сув олиб келинди

Давлат раҳбари 2021 йил 18-19 феврал кунлари Наманган шаҳридаги Бунёдкор маҳалласига борган эди. Бу маҳаллага 31 километр узоқликдан тоза ичимлик суви олиб келинди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шавкат Мирзиёев 2021 йил 18-19 феврал кунлари Наманган вилоятига ташрифи доирасида, Наманган шаҳрининг Янги Наманган тумани Бунёдкор маҳалласи ҳудудида бўлган эди. Маҳаллада муаммолар йиғилиб қолгани, мутасаддилар эътиборидан четда қолгани сабабли ўша пайтдаги Наманган шаҳар ҳокими ишдан олинганди.

Маҳалла ҳудудида энг катта муаммо ичимлик суви ҳисобланган. Аҳолига ичимлик суви махсус машиналарда етказиб берилар эди.

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Янгиқўрғон туманининг “Булоқбоши” қишлоғидаги ерости сув манбаларидан фойдаланган ҳолда, Бунёдкор маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалий ишлар қилинган. 8 та тик қудуқ қазилиб, “Ёшлик” сув тақсимлаш иншоотигача жами 22,1 км Д-700 мм диаметрли қувурлар ётқизилган.

“Ёшлик” сув тақсимлаш иншоотида эса ҳар бирининг ҳажми 5000 м3 бўлган 2 та тоза ичимлик сувни сақлаш ҳовузи қурилган. “Ёшлик” сув тақсимлаш иншоотидан маҳаллага кириб борувчи иншоотгача эса 9 км диаметри Д-500 мм бўлган асосий тармоқ тортилган.

“Бунёдкор” ва “Саховат” маҳаллаларидаги 3,3 мингдан ортиқ хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, жами 202,9 км ички тармоқ туширилган.

Бугунги кунда, мазкур лойиҳа доирасида, нафақат Бунёдкор ва Саховат маҳаллаларида истиқомат қилувчи 16 минг нафардан ортиқ аҳоли, қолаверса, Янги Наманган туманининг Мустақиллик 5 йиллиги, Ёшлик, Ахсикент, Меҳнатобод, Мингтерак, Тинчлик ва Оромгоҳ маҳаллаларидаги 43 мингдан ортиқ аҳоли ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Top