Жаҳон | 21:31 / 30.10.2022
30247
30 дақиқада ўқилади

«Энди бу қандай бўлишини тушунгандирсиз» — Белгород аҳолиси ўқлар остида қандай яшамоқда?

Шебекино шаҳридаги кўча. HTTPS://T.ME/VVGLADKOV

Сентябр ойида Харкивда муваффақиятли қарши ҳужум амалга оширилгач, Украина армияси Россия чегарасига яқинлашди. Шундан бери Россиянинг Украинага чегарадош Белгород области деярли ҳар куни ўққа тутилмоқда. Украина босқини бошланганидан кейинги 8 ой ичида белгородликлар ҳарбий амалиётлар садосига ўрганиб қолган, чегарага яқин қишлоқлар эса бир неча бор эвакуация қилинган. Аммо ҳозир баъзилар бунга дош бермасдан Россия ичкарисига кўчиб кетишга уринмоқда.

(Мақоладаги барча қаҳрамонларнинг исми уларнинг илтимосига кўра ўзгартирилди).

22 октябр, шанба куни Шебекино шаҳарчасида яшовчи 35 ёшли Алина Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери биринчи марта Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан SMS-хабар олди: «Диққат! Шебекино ўққа тутилмоқда. Зарур нарсаларингизни олиб, ертўлага (бошпанага) тушинг. Кўчага чиқманг!»

Илгари ФВВ бундай хабарларни юбормас эди.

«Ҳукуматимизнинг қўлидан келадигани шу. Бу ерда бомба бошпаналари бор ёки йўқлигини билмаймиз, ҳеч ким тушунтирмайди. Шунчаки ертўлага тушиш сўраляпти. Кимда ертўла бўлса, яширинади. Лекин одамлар фақат шанба кунидан (22 октябр) яширина бошладилар. Бундан олдин ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Ростини айтсам, биз ўша куни ҳеч қаерга яширинмадик. Ҳар доимгидек бўлса керак деб ўйладик. Кўникиб қолганмиз», деб шикоят қилади Алина.

«Эрталабдан кечгача гумбурлаш овозлари»

Шебекино – Белгород областидаги чегарага яқин кичик шаҳарча. Сўнгги 10 йил ичида унинг аҳолиси доимий равишда қисқариб борди ва 2021 йилда 40 минг кишидан камайди. Бу йил одамлар уруш туфайли Шебекинони тарк эта бошлади – шаҳарчадан Украина чегарасигача беш километрдан сал кўпроқ масофа. Бу ерда ҳарбий ҳаракатлар овозлари аниқ эшитилиб туради. Сўнгги пайтларда эса шаҳарча мунтазам равишда ўққа тутилмоқда.

Маҳаллий расмийлар ўққа тутишларда Украина армиясини айбламоқда. Украина ҳукумати ўз қуролли кучлари Россия ҳудудини ўққа тутаётганини тан олмайди ва буни россиялик ҳарбийларнинг хатолари ёки Россия ҳаво мудофаа тизими Россия ракеталарини уриб тушираётгани билан изоҳлайди.

Шебекино аҳолиси ҳаво ҳужумидан мудофаа техникаси, ҳарбий вертолётлар, миномётлар ва артиллерия шовқинини эшитишади, агар ўққа тутиш оқибатида ёнғин чиқса, паға-паға тутунни кўришади.

Август ойида Белгород губернатори Вячеслав Гладков Шебекино ва бошқа чегара ҳудудлари аҳолисини ўққа тутишларнинг яна бир оқибати ҳақида огоҳлантирди. У портламай қолган ўқ-дорилардан эҳтиёт бўлишни, уларга тегмасликни сўради: «Бизда катта фожиа юз берди, болакай патронлардан бирини бўлакламоқчи бўлди ва панжасидан айрилди».

Шунингдек, Гладков Шебекино ҳудудида кўплаб миналар топилганини айтди (пиёдаларга қарши «Лепесток» миналари, қўлда эмас, масофадан туриб ўрнатилади). Шебекино шаҳрида яшовчи шахс ушбу миналардан бирини босиб олган ва товонидан айрилган. Шу туфайли Гладков аҳолига ўрмонга бормасликни маслаҳат берди.

Уруш Шебекино шаҳрига Путин томонидан эълон қилинган «махсус операция» бошланишидан олдин келганди. 21 феврал куни, Украинага босқиндан уч кун олдин, ижтимоий тармоқларда Z белгиси туширилган рус ҳарбий техникалари Шебекинодан ўтаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Алинанинг айтишича, февралгача ҳеч қачон йўлларда танкларни кўрмаган.

«Танклар, самолётлар, зирҳли транспортёрлар – буларнинг барчасини икки-уч кун давомида Шебекино ҳудудида кўрдим. Тобора қўрқинчли бўляпти. Бундан ҳам ёмон воқеа юз бермасидан олдин мамлакат ичкарисига кўчиб ўтиш вариантларини жиддий кўриб чиқмоқдамиз», – 20 феврал куни ижтимоий тармоқда шундай аноним пост пайдо бўлганди.

Алинанинг сўзларига кўра, «кўп одамлар шаҳарни тарк этган», унинг танишлари орасида бешта оила Белгород областидан кўчиб кетган. Унинг ўзи ва оиласи ҳамон Шебекинода – борадиган жойи ва уй ижарага олиш учун маблағи йўқлигини айтади. Алина эри ва тўрт фарзанди билан шахсий уйда яшайди – кенжа қизи тўрт ёшда, каттаси 13 ёшда. Эри қурувчи бўлиб ишлайди, ўзи эса болалари билан уйда ўтиради.

Баъзан Шебекино ўққа тутилиши оқибатида электр энергияси таъминоти узилиб қолади, шаҳарнинг айрим қисмлари сувдан маҳрум бўлади. Бир марта «свет» бир-икки соатга, бошқа сафар олти соатга ўчди, дейди Алина. Агар электр энергияси йўқолиб қолса, иситиш тизими ҳам ишламайди – уй чидаб бўлмас даражада совиб кетади. Шунда Алинанинг эри оиласини онасининг уйига олиб боради, унинг квартираси узлуксиз иситилади.

Ўқувчилар ҳозир таътилда. Ундан олдин отишма туфайли улар уч ҳафта давомида масофадан туриб ўқишган. Кичик қизи деярли бир ойдан бери боғчага бормаяпти. 26 сентябрдан бошлаб, Шебекинодаги барча мактаблар масофавий таълимга ўтказилди, боғчаларда фақат навбатчи гуруҳлар қолдирилди.

Алинанинг болалари отишма ва урушнинг бошқа товушларига деярли эътибор бермайди, «аллақачон бунга кўникиб қолишган». Фақат 22 октябр куни «бироз қўрқинчли бўлди». Шу куни шаҳар миномётлардан кучли ўққа тутилди. Зарба унинг марказига берилди – бир неча дўкон, бозор ва «Галерея» савдо маркази зарар кўрди. Зарба оқибатида бозор, савдо маркази ва бир қанча дўконларда ёнғин бошланди, «Галерея» биноси бутунлай ёниб кетди.

Шебекинодаги «Галерея» савдо марказидаги ёнғин оқибатлари, 22 октябр

Отишма пайтида икки киши, жумладан, 14 ёшли бола ҳалок бўлди, яна 12 киши яраланди, улардан беш нафари шифохонага ётқизилди, тўрт нафарининг аҳволи оғир. Зарбалардан кейин Алинанинг уйида сув ўчди, бошқа ҳудудларда эса электр узилиб қолган.

Алинанинг ўзи ҳам ўқ овозларига кўникиб кетган: «Биз одатдагидек яшаймиз, уйдан чиқамиз. Эрталабдан кечгача гумбурлаш овозини эшитамиз. Ҳар куни бир хил ҳолат». Урушнинг биринчи ойларида ҳам шаҳарда уруш овози эшитилиб турарди, аммо ҳозиргидан тинчроқ эди, дейди у.

Урушнинг биринчи куни, 24 февралда «жуда қаттиқ гумбурлади, жуда қўрқиб кетдик», деб эслайди Алина. Сўнгги ойларда у товушларни фарқлашни ўрганиб олди: «Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётганини, қирувчи самолётлар ва ҳарбий вертолётлар овозини, миномётлар товушини ажрата оламан. Қишда ва баҳорда бу товушлардан унчалик қўрқмаганмиз. Фақат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими жуда қўрқинчли. Унинг шовқинидан деворлар қимирлаб кетади, зарядкалар розеткалардан тушиб қолади. Баъзан куни бўйи тинч бўлади, баъзан қаторасига 6 марта ишлайди. Ракеталар биз томонга учиб келаётганида, мудофаа тизими уларни уриб туширади».

«Энди бу қандай бўлишини тушунгандирсиз»

27 ёшли Андрей шу йилнинг август ойида Шебекинодан Москвага жўнаб кетди – у узоқ вақтдан бери пойтахтга кўчиб ўтишни орзу қилган. Андрей Москва мактабларидан бирида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашди. Аммо унинг онаси Шебекинода 87 ёшли бувиси ва 92 ёшли бобоси билан қолди. «Онам ва мен бошиданоқ Россия агрессиясига қарши эдик, бувим янгиликларни унчалик ўқимайди ва кўрмайди, бобом эса ТВ орқали янгиликларни кўради», деди у.

Бобоси содир бўлаётган воқеаларни ТВ тарғиботи кўп ойлардан бери такрорлаб келаётган сўзлар билан тушунтиради: «У зарбаларни Украинада фашистик ҳукумат борлиги, уларга америкаликлар ёрдам бераётгани билан изоҳлайди. Агар «махсус операция» бўлмаганида улар барибир отишарди, деб ҳисоблайди».

«Украина Харкив вилоятини ва Шебекинога яқин жойлашган Волчанск шаҳрини озод қилганидан сўнг, қишлоқлар тез-тез ўққа тутила бошлади. Сўнгги бир ҳафта ичида вазият айниқса кескинлашди. Онам бу кунларда жуда хавотирга тушиб қолди. 22 октябр куни бозор ўққа тутилгач, «улар икки соатдан бери тинмай отишяпти, энди тамом, кўчиб кетиш вақти келди», деб ёзди», дейди Андрей.

Шебекино ўққа тутилиши оқибатлари

Унинг сўзларига кўра, бувиси кетишга дарҳол рози бўлди. Кексалиги туфайли унинг эшитиш қобилияти ёмонлашган, шунинг учун портлаш товушларини эшитмайди. Лекин ўтган шанба куни у ёнғиннинг улкан қора тутунини кўриб, жуда қўрқиб кетди. «Бобомга тафсилотларни ошкор қилмадик ва таътилга кетаётганимизни айтдик. Яхшиямки, у тезда рози бўлди», дейди Андрей.

Шанба куни кечқурун Андрей Москвадан йўлга чиқиб, 23 октябр куни эрта тонгда Белгородга етиб келди. Шебекинога борадиган автобуслар ҳали йўлга чиқмаганди. Шу сабабли таксига буюртма беришга мажбур бўлди. Олдинига такси ҳайдовчиларидан тўрт нафари Шебекинога боришни истамади ва фақат бешинчи ҳайдовчи рози бўлди.

«Такси ҳайдовчилари узоқдан йўловчисиз қайтиб келмаслик учун Белгороддан ташқарига боришни хоҳламаган ёки бу ўққа тутишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин», дейди Андрей. Чунки ҳайдовчи ундан уйига етиб бориш учун шаҳар марказини четлаб ўтадиган йўлни сўраган. Аввалроқ, у Шебекино ўққа тутилишидан бир соат олдин шаҳар марказидан ўтган экан.

Якшанба куни Андрей тахминан бир ярим соат давомида ўққа тутиш овозларини эшитди, лекин Шебекино ўз ҳаёти билан яшаётган шаҳардек таассурот қолдирди, «Гўё бир кун олдинги ёнғин ягона бахтсиз ҳодиса бўлгандек эди. Ҳамма кўчада юрмоқда, ҳаракатланмоқда».

«Аммо йўловчилар, қўшнилар қўрқиб қолишган. Энди нима бўлишини, нимани кутиш кераклигини ҳеч ким билмайди. «Украина шаҳарларига бомба ташланганида ҳамма хурсанд бўлган эди. Энди буни қандай бўлишини ўзлари ҳам яхши тушуниб олишди», деди улардан бири».

Душанба куни Андрей онаси, бобоси ва бувисини Шебекинодан Москвага олиб кетди.

«Старий Оскол шаҳрига кўчиб ўтиш»

Шебекино шаҳрида яшовчи Лариса ҳам 22 октябр кунги ўққа тутишлардан кейин чидаб туролмади ва болалари билан Белгороддан 153 км шимоли-шарқда жойлашган Старий Оскол шаҳрига жўнаб кетди.

Лариса уй топиш учун бир ой олдин ҳаракатни бошлаган. «Квартира ҳақида кўп қўнғироқ қилдик, меҳмонларни қабул қилмаяпмиз деган жавобларни олдик. Нархлар қиммат, 15 минг рубл эди. Кейинчалик бундай нархлар қолмади. Камида 25-30 минг, плюс 50 фоизи риэлторга. Охири 24 мингга топдик. Квартира расво, шу сабабли ҳам нарх нисбатан арзон».

Уй-жойни ижарага олиш ёки қариндошлариникига бориш имконияти бўлмаганлар учун Старий Осколда вақтинчалик яшаш жойлари ташкил этилган. Белгород областида бундай пунктлар феврал ойида, Украинадан келган қочқинлар учун очилган эди. Ҳозирда уларга россияликлар – чегарадош ҳудудлар аҳолиси ҳам жойлаштирилмоқда.

24 февралдан бери Белгород областининг бешта шаҳарчасидан 3487 киши эвакуация қилинди, улардан 1147 нафари вақтинчалик яшаш жойларига жойлаштирилди. Қолган 2340 нафари эса қариндошлариникига кўчиб ўтган, ижарага уй олган ёки ижтимоий ташкилотлар биносида истиқомат қилади.

Белгород областида одамлар март ойи охиридан эвакуация қилина бошлади. Биринчи навбатда чегарага яқин қишлоқлар аҳолиси кўчирилди. 13 сентябр куни Белгород губернатори Вячеслав Гладков «Қолган одамларни ҳам кўчиб кетиш зарурлигига ишонтиришга уриняпмиз. Бу ҳаракатларни тўхтатмаймиз», деган эди.

Гладков «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи орқали мунтазам равишда аҳоли билан жонли мулоқот қилади. Октябр ойидаги эфирлардан бирида ундан Шебекино аҳолиси ҳам эвакуация қилинадими деб сўралди. «Бундай режа йўқ, одамлар фақат «хавфли» жойлардан эвакуация қилинади», деди у.

Шебекинолик аёл Старий Осколдаги вақтинча яшаш жойида

Аммо 23 октябр куни, Шебекино кучли ўққа тутилганидан бир кун ўтгач, губернатор аҳоли Старий Осколга эвакуация қилингани ва у ерда дам олиш базаларидан бирининг ҳудудига жойлаштирилганини эълон қилди. «Яшаш учун хавфли бўлиб қолган ҳудудларда уйма-уй кириб, одамларга тушунтирдик. Рози бўлганларни вақтинчалик кўчирдик».

24 октябр куни Старий Оскол маҳаллий телеканали Шебекинодан кўчириб келтирилган аҳоли ҳақида лавҳа намойиш этди. Маълум қилинишича, ҳозирда шаҳар 2 минг одамга жой ажратишга тайёр. Журналистлар вақтинчалик яшаш жойига боришди ва 155 одам жойлаштирилганига гувоҳ бўлишди.

У ерда Шебекинодан келган аёл билан суҳбат қилишди. «Биз ишда эдик, Шебекинонинг ўққа тутилганини эшитдик, бозоримиз ўққа тутилибди, деди у. - Кечқурун уйга келганимизда, биз яшаётган ҳудуд ҳам ўққа тутилди, бу жуда қўрқинчли эди. Шу заҳоти нарсаларимизни йиғиштириб, йўлга чиқдик».

«Москва областида ким мени ишга олади?»

Шебекинонинг нисбатан хавфсиз ҳудудларида яшовчи, лекин барибир шаҳарни тарк этмоқчи бўлганларга маҳаллий ҳокимият томонидан Старий Осколда вақтинчалик яшаш жойлари таклиф этилмоқда. 22 октябр куни кечқурун Алинага шундай имконият таклиф қилинган: «Биз раҳбаримиздан [Шебекино шаҳар округи маъмурияти раҳбари Владимир Ждановдан] сўрадик, у Старий Осколга бориш ва вақтинчалик яшаш имконияти борлигини айтди».

Аммо у Старий Осколга боришни истамайди – у ерда болалари билан ҳеч қандай шароит бўлмаган «чодир»га жойлаштирилишига ишонади.

Старий Осколга кўчирилган шебекиноликлар олдига 23 октябр куни губернатор ташриф буюрди
Фото: T.ME/VVGLADKOV

Губернатор Гладков вақтинчалик яшаш жойи фотосуратларини эълон қилди, ундаги шароитларни қулай деб аташ қийин. Суратларда кичкина хоналарда тўртта икки қаватли каравот ўрнатилганини кўриш мумкин.

21 октябр куни Москва области Белгород областидан 500 нафар одамни қабул қилишга ва уларни санаторийлардан бирига жойлаштиришга тайёрлиги маълум бўлди. Улар учун озиқ-овқат ва турар жой бепул бўлиши айтилди. «Атиги 500 та жой бор экан, чегарага яқинроқ қишлоқлардан эвакуация қилинганлар борақолсин. Уларнинг яшаш жойи йўқ», дейди Алина.

Чегарага яқин қишлоқларда, расмийларнинг тарғиботига қарамай, уйини тарк этишни истамайдиган одамлар ҳам бор. 32 ёшли Антон «Водоканал»да авария-таъмирлаш бригадасида ишлайди ва баъзан чегарага яқин қишлоқларга – Муром (чегарадан 1 км узоқликда), Красное (чегарадан 1,5 км) ва бошқаларига бориб туради. «У ерда одамлар яшаяпти, уларга сув керак», деб тушунтиради у.

Ҳозир Антон бир ҳафтадан бери Шебекинода ишлаяпти. «Мен экскаваторда ишлайман. Ускуналар шу қадар эски ва таъмирталабки, Муром ёки Красное қишлоғига боришдан олдин юз марта ўйлаб кўриш керак – экскаватор у ерга етиб борадими ёки йўқми. Эҳтиёт қисмлар учун маблағ йўқ».

«Водоканал» кам ҳақ тўлайди, одамлар иш ҳақи камлигидан норози, бундан ташқари, энди хавфли чегара ҳудудларига ҳам боришни истамайди. «Ойига 27 минг рубл – бу нормалми? Мен шунча оламан, чилангарлар эса ундан ҳам кам олади, деб шикоят қилади Антон. Улар душанба куни Муромга бориб, ёрилган қувурни таъмирлаши керак эди. Аммо иш ҳақи камлиги ва қўшимча тўлов йўқлигига эътироз билдиришди. Шунда олти одамга иккита зирҳли жилет топиб беришди».

«Нимадир портлади, катта ёнғинни кўряпман», деди у бирдан. Антон билан суҳбат чоғида Шебекинодаги лак-бўёқ заводига зарба берилди. Оқибатда, катта ёнғин чиқиб, осмонга қора тутун устуни кўтарилди. Уни кўплаб одамлар кўришди.

Антоннинг сўзларига кўра, шаҳарда ваҳима йўқ: «Умуман олганда, ҳаммаёқ тинч, одамлар ишга боради, ишлайди. Шунчаки ўққа тутишлар кўпайиб қолди, одамлар эътибор ҳам қилмаяпти. Мана ҳозир ҳам ўққа тутишяпти, жуда яқин масофада». У ўқлардан яширинмайди. «Бу ер Сталинград эмас».

«ФВВ биз билан суҳбат ўтказди. Ундай қилинг, бундай қилинг. Бомба бошпаналари ҳақида сўраганимизда, ҳали тайёр эмаслигини айтишди. Ҳаммаси одатдагидек, пуллар эса керакли жойга кетиб бўлган», дейди Антон.

У ҳали Шебекинодан кетишни режалаштирмаяпти: «Москва областида ким мени ишга олади? Бу ерда ишим, уйим, оилам бор, у ерда ким ишлайди?»

«Бунга кўникиш нормал эмас»

БелДУ 4-курс талабаси Денис Белгород жанубидаги Харковская Гора районида яшайди ва уч ҳафтадан бери уйидан чиқмасликка ҳаракат қилмоқда. У ҳозир масофавий таълимда, 11 октябрдан буён университет шундай режимга ўтган.

«Чунки вазият нотинч. Албатта, дўконга боришга тўғри келади. Бошқа ҳолатда уйдан чиқмайман. Бу одамнинг стрессга қанчалик бардош беришига боғлиқ шекилли. Кимдир кечаси сайр қилади ва қўрқмайди. Лекин мен эмас. Уйда ўтирганда ҳам портлаш овозлари эшитиляпти, демак кўчада бундан ҳам қаттиқроқ ва қаерга қочиш ҳам тушунарсиз».

Унинг сўзларига кўра, ўққа тутишлар 8 октябрдан бошлаб, Қрим кўприги портлатилганидан кейин кучайган. Россия расмийлари воқеани теракт деб атади ва бунда Украина разведкасини айблади. Украина разведкаси кўприкни портлатгани ҳақидаги айбловларни рад этади. 10 октябр куни Россия Украина шаҳарлари ва муҳим инфратузилмаларини оммавий ўққа тута бошлади. Россия қўмондонлиги бу Қрим кўпригининг портлашига жавоб эканини таъкидлади.

Белгороддаги нефт базада 15 октябр куни чиққан ёнғин. Фото: T.ME/VVGLADKOV

«Шаҳарда ҳамма нарса яхши эшитилади, дейди Денис. - Агар бирор нарса портласа, нефт омборими ёки электр нимстанциясими, бутун шаҳар уйғонади. Ундан олдин, ўққа тутишлар асосан тунда эди. Қрим кўпригидаги портлашдан кейин кучайди – эрталаб ҳам, тушда ҳам ўққа тутишяпти».

Белгороддаги нефт базаси 15 октябр куни тушдан кейин ўққа тутилди ва ёниб кетди. «Южная» нимстанциясига бир кун олдин зарба берилди. Оқибатда нимстанцияда кучли ёнғин бошланди ва Белгороднинг бир қисми электр таъминотидан узилди.

«Нимстанцияга зарба берилганида деярли бутун район электрсиз қолди, дейди Харковская Горада яшовчи 32 ёшли Кира.  – Районимиз катта ва унинг бир қисми электрсиз қолганида диверсия уюштириш ва шаҳарнинг ярмини электрсиз қолдириш шунчалик осон эканини тушундик. Одамлар бошпаналар қаерда экани, огоҳлантирувчи сиреналар нега чалинмагани ҳақида савол бера бошладилар».

«Южная» нимстанциясида феврал ойидан бери биринчи йирик авария 8 сентябрга ўтар кечаси содир бўлди. Шундан кейин Харковская гора аҳолиси ярим кун давомида «светсиз» қолди. «Энди бундай муаммолар тезроқ ҳал қилинмоқда, 15-20 дақиқада «свет» бериляпти. Лекин баъзан 1-2 соатга чўзилиши ҳам мумкин», дейди Кира.

Белгород ҳудудига биринчи снаряд Россия Украинага бостириб кирган куни, 24 феврал эрталаб тушганди. Бу Далная Садовая кўчасида содир бўлган. Оқибатда иккита машина ёниб кетди, бир неча уйнинг ойналари синди. Гувоҳларнинг ёзишича, портлаш тўлқини воқеага яқин жойда яшовчи одамларнинг  «иссиқхоналарини учириб кетган».

13 октябр куни Белгородда ҳаво мудофааси тизими яна ишга тушди – оқибатда ракета парчалари кўп қаватли турар жой биносига қулади ва юқори қаватга қисман зарар етказди. Воқеа Харковская гора ҳудудидаги Губкин кўчасида, Кира яшайдиган уйга жуда яқин жойда содир бўлди.

У ҳам кўп қаватли бинода яшайди ва «қандайдир бўлак учиб келишидан бироз қўрқув борлиги»ни тан олади. Унинг ўзи «иккита девор» қоидасига амал қилишга интилади ва «айниқса қўрқинчли бўлганида» ваннахонага кириб олади. Шу яқин орадаги 5 қаватли уйда яшовчи Денис ҳам бир неча бор ваннахонага яширинган – «у ерда юк кўтарувчи деворлар бор ва эҳтимол бу қандайдир ҳимоя бўлиши мумкин».

14 октябр куни губернатор Гладков ўққа тутиш кучайишини инобатга олиб, шаҳарда бомбага қарши бошпана тайёрлаш ва ертўлалар ҳолатини текшириш бўйича топшириқ берди. Ҳозир Гладковнинг «ВКонтакте»даги саҳифаси белгородликларнинг шикоятлари билан тўлган. Одамлар ертўла калитини (шаҳар маъмуриятидан) ололмаётганидан шикоят қилмоқда ёки ўз уйи ертўласи суратини жойлаб, бошпана учун мос эмаслигини ёзмоқда. Дениснинг уйида умуман ертўла йўқ, подъездда эса «бирор ҳодиса юз берса, учта уй наридаги бинога чопиш керак, чунки у ерда ертўла бор» деган маънодаги ёзув осилган.

«Бизда ертўла бор, лекин унинг қанчалик яроқли эканини билмайман. Унда сув тўпланган ва бошқарув компанияси уни қандайдир йўл билан қуритишга ҳаракат қиляпти. Аммо бу ишлар умидсиздек туюлмоқда», дейди Кира.

14 октябр куни нимстанция ёниб кетганда, у нарсаларини йиғди, итини олиб, ота-онасиникига, шаҳар ташқарисига жўнади. Бироқ иши борлиги туфайли кейинчалик Белгородга қайтишга мажбур бўлди.

«Ит доимо ҳуради, мен ҳам асабийлашаман. У ташвишланади, нима бўлаётганини кўриш учун деразага чопади. Бунга кўникишнинг иложи йўқ ва бунга кўникиш қандайдир ғайритабиий», дейди Кира.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, Кира шаҳарни тезда тарк этишга мажбур бўлган тақдирда керакли нарсалар ва ҳужжатларни тайёрлаб қўйишни эри билан муҳокама қилди. Бироқ, ҳеч нарсани тайёрламади, фақат ҳужжатларни тўплади. «Икки ҳафта олдин, ўқ отишлар кучайганида шундай жомадонни тайёрлаб қўйдим», дейди Кира.

Путин 21 сентябрда сафарбарлик эълон қилганидан кейин Киранинг эри Россияни тарк этган. Белгород областида бу жараён ҳамон давом этмоқда. Кира сўзларига кўра, яқинда унинг танишларидан бири сафарбар қилинган. Бундан олдин эрининг иш жойида 42 ёшли ҳамкасбини олиб кетишган.

14 октябр куни Белгороддаги нимстанцияда портлаш оқибатида рўй берган ёнғин. Фото: T.ME/VVGLADKOV

Унинг ўзи ҳам кетишни ўйлаяпти: «Мен кетиш ҳақида тез-тез ўйлаяпман, лекин ҳозирги вазиятда фақат шаҳардан ташқарига, ота-онамникига бора оламан. Кўпчилик 21 сентябрдан кейин жўнаб кетди, баъзилар ўққа тутишлар кучайгач, нарсаларини йиғиштиришни бошлади. Эрталаб итни сайр қилдирганимда қўшнилар кетмоқчи экани ҳақидаги суҳбатларини эшитиб қоламан».

Денис ҳам бир ҳафтадан кейин Белгородни тарк этмоқчи: «Борадиган жой тайин, бошқа шаҳарда квартирамиз бор. Чунки бу ерда аллақачон жуда оғир бўлиб қолган».

«Ҳамма ҳаётдан завқланмоқда, бироқ биз 24 февралдан бери бир кун ҳам тинч яшамадик»

 Октябр ойида губернатор Гладковнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида чегарадаги Валуйки шаҳрида яшовчи 29 ёшли Ирина хабар қолдирди – унинг эри 16 сентябр куни шаҳар ўққа тутилганида ҳалок бўлди. У саккиз ойлик боласи билан ёлғиз қолган.

«Зарба оқибатида уйсиз қолдик, ваҳоланки, у ипотекада эди. Воқеадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди ва бу масала (ипотека бўйича тўловлар) очиқлигича қолмоқда. Ахир биз айбдор эмасмиз-ку? Менга ва боламга бегона оила бошпана берди», деб ёзди у.

Ҳозирда расмийлар унинг уй-жой масаласи билан шуғулланмоқда. Бироқ, Ирина ҳеч қандай натижа йўқлигини айтди: «Маъмурият ҳужжатларни кўриб чиқмоқда, суғурта компанияси эса бизнинг ишимизни ҳали суғурта ҳолати деб тан олмади».

29 ёшли Марина эри ва уч ёшли ўғли билан Харковская гора ҳудудида яшайди. Унинг эри армияда хизмат қилган. Шу йилнинг январ ойида уни ҳарбий қўмитага чақириб, шартнома тузишни таклиф қилишган, аммо у рад жавобини берган. Ҳозирча унга сафарбарлик қоғози келмаган.

«Қуролли тўқнашувларга қандай муносабатда бўлиш мумкин? Барча қариндошларимиз ва дўстларимиз бу воқеаларнинг якунига етишини хоҳлашади. Келажакда нима бўлишини билмасдан яшаш қийин. Энг бошидан, қиш бошланганидан буён биз фақат портлашлар, ракеталарнинг учирилиши, ҳаво ҳужумидан мудофаа, самолётлар билан вертолётлар товушини эшитяпмиз. Ҳатто шаҳарда ҳам портлашлар эшитиляпти. Портлаш эшитилганида икки марта бола билан ваннахонада ўтирдик. Ойналар шундай зириллайдики, худди синиб кетмоқчидек бўлади», дейди аёл.

Уларнинг фарзанди ёзда боғчага боришни бошлади. «Эндигина кўникиб бошлаган эди. Сўнгра боғчани ёпишди, янги йилгача очилмаса керак. Сўнгги ҳафтада шаҳар нотинч бўлиб қолди, боғчалардаги навбатчи гуруҳлар ҳам ёпилди. Болалар портлашларга турлича реакция қилишади, тарбиячиларга оғир», дейди Марина.

«Болам аллақачон кўникиб қолган, - деб қўшимча қилади у. - Қишдан бери вертолётлар тез-тез учиб, шовқин-сурон қилишарди. Аммо ҳозир бир вақтнинг ўзида ўнтагача портлашлар эшитилади. Икки-учтасидан кейин болам қўрқиб, безовталанади».

Марина эри билан ишга кетганида, боласини қариндошларига қолдиради. У заводда ишлайди ва декрет таътилидан бир неча ҳафта олдин чиққан. Яқинда барча ишчилар тўпланиб, ўққа тутиш бошланганида ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақидаги видеони томоша қилишган.

Улар шаҳарни тарк этмоқчи эмас. «Қўрқинчли бўлсин, бўлмасин, борадиган жойимиз ҳам, одамимиз ҳам йўқ. Ишимизни ташлаб кетолмаймиз, ахир ипотекани тўлашимиз керак».

Ҳозирча кетишни истамаётган Алина олдин «ҳеч бўлмаганда болалар ва аёллар» эвакуация қилиниши кераклиги, «муносиб шароитларга эга жой»га жойлаштирилиши лозимлигини айтади. 24 феврал куни у қўрқиб кетди, лекин эри билан «[ҳарбий ҳаракатлар] ҳали бу ерга анча вақт давомида келмайди» деган хулосага боришди. «Мана энди етиб келди, шундай бўлишини билардик», дейди у.

Шу билан бирга, у «махсус ҳарбий операция»га қарши эмас эди: «Мен улар Донбассни қутқаришяпти деб ўйлагандим. Лекин аскарларга ачиндим. Энди ўйлашимча, ҳозир фақат уларни [Донбассни] қутқаришмоқда, бизни эмас».

T.ME/VVGLADKOV

Алина Шебекино аҳолисини Херсоннинг эвакуация қилинган аҳолиси билан таққослайди.

Россия томонидан босиб олинган шаҳар ҳокимияти ўтган ҳафта аҳолига Россия ҳудудларига кетишни тавсия қилди. Россия ҳукумати уларга уй-жой сертификатларини берди. Қочқинлар у билан Россияда уй-жой сотиб олиши мумкинлиги айтилди. 23 октябр куни расмийлар Херсон области аҳолиси биринчи сертификатларни олгани ҳақида хабар берди. Аммо ҳозирча бу сертификат билан уй-жой олиш ҳолати бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

«Уларга [Херсон аҳолисига] ёрдам бериляпти, бизга эса йўқ. Уларни эвакуация қилишди ва уй-жой учун сертификат беришди, улар уй сотиб олиб, хавфсиз яшаши мумкин. Биз-чи? Биз ҳатто бомба бошпанаси қаерда эканини билмаймиз. Расмийлар биз билан қизиқмайди. Ё президентга бу ерда нима бўлаётгани билдирилмайди ёки у бизнинг минтақамиз ҳақида қайғурмайди», деб шикоят қилади Алина. Унинг сўзларига кўра, Шебекино аҳолиси «махсус операция» тугашини истамоқда: «Албатта аҳоли бунинг тугашини хоҳлайди. Аскарлар ўлмоқда, икки томондан ҳам тинч аҳоли қурбон бўляпти».

«Шаҳримиз аҳолиси нимани хоҳлашини биласизми?» деб сўради тўсатдан Алина. – Улар ҳеч бўлмаганда бир марта Москвага ракета учиб боришини хоҳлашади. Шунда улар бизнинг аҳволимиз қандай эканини тушунишади. Ҳамма ҳаётдан завқ олиб яшаяпти, лекин чегарадагилар билан ҳеч кимнинг иши йўқ, одамларга шуниси алам қилади. 24 февралдан буён бир кун ҳам тинч яшамадик. Бошқалар буни билмайди. Улар фақат сафарбарлик бошланганида буни билиб қолишди. Бу ерда кўпчилик шундай фикрда».

Водоканалда ишлайдиган Антон бу воқеаларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини билмайди. «Аммо бир нарсани аниқ биламан, қадрдон шаҳрим ўққа тутиляптими, демак энди охиригача бориш керак». У сафарбарликдан қўрқмайди, лекин фронтга бориш «иштиёқида ёнмайди».

«Нима берсанг, шуни оласан. Умуман олганда, бу ерда [Белгородда] кўпчилик «махсус операция»ни ёқлайди, дейди Денис. – Z-ватанпарварлар қўрқишади, гарчи қўрқмасликлари керак эди. Чунки улар буни қўллаб-қувватладилар ва ҳаммаси қайтиб келишини тушуниши керак эди. Лекин бу ҳақда ўйламадилар. Улар ҳаммасини телевизорда кўришни хоҳлайдилар, лекин ўзига дахлдор бўлишини эмас... Улар нимани хоҳлаётганини билмайман».

Мавзуга оид