Маълумот ўрнида айтиш мумкин, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ўнталигига киради. Комбинат ерости бойликлари захираларини геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашдан то тайёр маҳсулот олишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ амалга ошириладиган саноат кластеридир.

Kun.uz жамоаси жамият тасарруфидаги “Зармитан” кони ишчиси мисолида кончилар ҳаёти, соҳанинг биз билмаган қирралари билан танишди.

2022 йилнинг август ойида “Зармитан” саноат майдонида “Скип” ва “Клет” ҳаракатланадиган шахтанинг чуқурлиги 1 000 метрга етди. Бу ҳали Ўзбекистонда соҳа тарихида кузатилмаган ҳолат.

Нега шахтанинг чуқурлигига эътибор қаратяпмиз? Чунки ер остидан турли маъданлар қазиб олинаркан, аввало бу қатламга тушишнинг ўзи бир машаққатли жараён ҳисобланади. Ер остида ишлаш, нафас олиш, ҳаракатланиш учун шароит яратилади. Умуман олганда, биринчи марта бу ҳолатга гувоҳ бўларкансиз, ҳайратингизни яшира олмайсиз. Бироқ сиз билан махсус мослама орқали ер қаърига кириб бораётган инсонлар – кончилар учун бу ҳайратли эмас. Улар учун бу масъулият, эҳтиёткорлик ва меҳнатдир.

“Зармитан” конида лаҳим ковловчи вазифасида ишлаб келаётган Шавкат Турсунов билан шахтага тушдик. У соҳада ўттиз йилдан ортиқ меҳнат қилди. Биз илк бор ер остига тушганимиз сабаблими, ҳаракатланиш жуда машаққатли бўлди. Ерости йўлингиз ҳар доим ҳам равон, ёруғ эмас. Оёқ ости баъзан сув ва лой, ҳаракатланиш учун чаққон, ҳушёр бўлишингиз лозим. Шавкат ака кабилар учун бу кундалик иш.

Дарвоқе, Шавкат Турсунов НКМКнинг соҳа фидойилари учун бериладиган учта кўкрак нишонни ҳам олиб бўлган. Бу даражага соҳада ҳамма ҳам эриша олмайди. “Дўстлик ордени” соҳиби. Бироқ у лаҳимчи. Ҳар куни камтар бўлиб ишга келади, махсус кийим-бошни кияди ва ер остига киради. Мукофотлар ва эътирофлардан ҳаволанмаган. Шогирдлари, дўстлари билан бирга.

Биз унинг иш жараёнини тасвирга олар эканмиз, айнан қандай шароитда қандай вазифани бажараётганини уйидагилар ҳам унчалик яхши билмаслигини айтиб қолди.