Жумладан, Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна”, Зарафшон шаҳридаги “Қизилқум”, Учқудуқ шаҳридаги “Лочин”, Ғаллаорол туманидаги “Маржонбулоқ” ўйингоҳлари, Нуробод шаҳридаги “Нуробод”, Заркент қўрғонидаги “Кончи” маданият уйлари ва бошқа бўлинмаларда бўлиб ўтган тадбирлар кончиларни бир даврага жамлади. Уларда минглаб ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари, фахрийлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.


Анъанага кўра, тадбирларда соҳа фидойиларининг машаққатли меҳнати юксак эътироф этилиб, бир гуруҳ соҳа илғорлари Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар фахрий ёрлиқлари, турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари, “НКМК фахрийси” унвони, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.


Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, комбинат бош геологи Сергей Руднев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвони, 2-гидрометаллургия заводи аппаратчиси Абдували Қаюмов “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Мурунтов” транспорт цехи автосамосвал ҳайдовчиси Зокир Норов “Шуҳрат” медали, “Фарҳод” маданият саройи директори ўринбосари, хонанда Шерзод Давронов “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани улкан жамоа меҳнатининг юксак эътирофи бўлди.


- Ўттиз бир йилдан буён оғир юк кўтарувчи карьер автосамосвал ҳайдовчиси бўлиб ишлайман. Касбим, ишим ўзимга ёқади. Инсон меҳнат қилса, албатта, роҳатини кўраркан, - дейди З.Норов. - Мустақиллик айёми менинг ҳаётимга қувонч олиб кирди. “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мен учун кутилмаган совға бўлди. Албатта, бу эътироф ва эътибор ҳамкасбларимга ўрнак бўлиб ишлашга, юртга сидқидилдан хизмат қилишга чорлайди.


Айниқса, “Фарҳод”, “Олтин водий”, “Учқудуқ”, “Кончи”, “Нуробод” маданият муассасалари бадиий жамоалари ва санъаткорлари, жумладан, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Шерзод Давронов, “Дўстлик” ордени соҳиби Серижан Жанахметов, Муслима Нуримбетова, Баҳодир Олтибоев, Башорат Ражабова, Дилдора Абдиева ва бошқа хонандаларнинг чиқишлари байрам тадбирига янада файз бағишлади. Мустақиллик, ватан, дўстлик мадҳини ўзида мужассам этган куй-қўшиқлар, мушакбозлик юртдошларимизга чексиз фахр, қувонч ва шукроналик улашди. Зеро, мустақиллик барчамизни мана шундай дориломон кунларга етказди. Тақдири, келажагини ўз қўли билан яратаётган элимизга мана шундай байрамлар ярашади.





























