Тизимдаги трансформациялар, шарқона гендер тенглик ва ишсиз аёллар — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси билан интервью
Kun.uz мухбири Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова билан интервью ўтказди. Интервью давомида ишсизлик сабаб хорижга кетаётган аёллар, “шарқона” гендер тенглик, қўмита тизимида бўлаётган доимий трансформациялар, шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизларини қийнаётган бошқа муаммолар ҳақида сўз борди.
– Ўзбекистонда аёл бўлиб туғилишнинг осон ва қийин томони нимада?
– Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Оила ва хотин қизлар қўмитаси президентимиз томонидан жамиятда аёл мавқейини янги босқичга олиб чиқиш учун тузилди. Жойларда оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар фаолиятини юзага чиқариш бўйича жуда катта амалий ҳаракатлар учун асос яратилди. Инсон Ватанни танлай олмайди. Шахсан ўзим Ўзбекистонда аёл бўлиб туғилганимдан афсусланмайман. Ҳавас қилса арзийдиган тарихнинг давомчилари бўлиб яшашни бахт деб биламан. Қайси юртда бўлишидан қатъий назар, аёл деган буюк номни шаънини сақлаш, оилада аёлнинг ўрнини белгилаш ва шунга муносиб бўлиш аёлларимизнинг бўйнидаги энг қийин вазифа деб биламан.
– Ўзбекистонда кўп йиллар давомида Хотин-қизлар қўмитаси фаолият юритди. Кейинчалик Маҳалла вазирлиги ташкил этилди. Яқинда ўзингиз айтганингиз каби Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. Бунга сиз раҳбарлик қилиб келяпсиз? Бу тизимда нега бунча кўп ўзгаришлар бўлганини изоҳлаб берсангиз? Ўз вақтида бу ташкилотга Элмира Боситхонова, Танзила Норбоева раҳбарлик қилган. Уларнинг хатолари нимадан иборат бўлди-ю, сиз келганингиздан кейин бу тизимда нималар ўзгарди?
– Мустақилликнинг илк йилларидан оилаларга ва хотин-қизларга эътибор бериш бошланган. 1995 йилда хотин-қизлар қўмиталари тузилди ва уларнинг раҳбарлари ҳоким ўринбосарларига тенглаштирилди, вазир ўринбосари лавозимлари жорий этилди. Жуда катта амалий ишлар олиб борилди. Лекин ҳамма даврда ҳам ўша даврга оид сиёсат юритилган. Кейинги даврларда ҳам бу жараён тўхтаб қолгани йўқ ва ҳозирда ҳам белгилаб берилган 100 та мақсадда аёлларнинг мавқейини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ режаси тузиб чиқилган. Биз ҳам ана шу мақсад асосида ўзимиз учун вазифаларни белгилаб олганмиз. Биздан аввалги раҳбар аёллар ҳам ўша давр руҳи ва ўша давр мақсад-вазифалари асосида жуда ҳам яхши ишларни амалга оширишган. Аммо бугун ўзгаришлар катта. Нафақат бизда, балки дунё миқёсида ҳам жараёнларга муносабатларнинг ортиб бориши яққол кўзга ташланмоқда.
– Ҳар бир даврнинг ўз руҳи бўлиши табиий. Аммо шакл ўзгариши билан тизимда нималар ўзгаради?
– Биринчидан, дастлабки йилларда аёлларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш, уларнинг раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишини таъминлаш ҳақида жуда кам ўйланган. Тўғри, у йилларда ҳам дастурлар бўлган ва амалий ишлар олиб борилган. Лекин муаммоларни ўша даврларда очиқ айта олмасдик. Сўнгги 5-6 йилда муаммоларни айтишни ўргандик, уларни ҳал этиш борасида ҳуқуқий ечимларимиз бор. Тизимдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсам, бугун ташкилот жамоат ташкилоти сифатида эмас, балки давлат қўмитаси сифатида фаолият олиб бормоқда. Маҳаллаларда ҳам хотин-қизлар фаоллари иш олиб бормоқда. Илгари мурожаат қилган аёлларгагина ёрдам берилган. Ҳозир эса бу ишлар хонадонбай тарзида олиб борилмоқда.
– Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда гендер тенглиги ҳақида кўп гапириляпти. Бу масаланинг назорати ҳам сизнинг қўлингизда экан. Аслида гендер тенглиги нима? Биз қандай мақсад томон ҳаракат қиляпмиз ва нимани ўзгартиришни истаяпмиз?
– Гендер тенглиги – жамиятимиздаги барча имкониятлар, хизматлар, ваколатлардан аёлларнинг ҳам эркаклар сингари тенг фойдаланиши имконияти деб биламан. Бугун оилада, жамиятда, корхона ва ташкилотларда аёлларга берилаётган имкониятлар эркакларникидан кам бўлмаслиги керак. Тўғри, ҳақ-ҳуқуқларимиз Конституцияда белгилаб қўйилган. Аммо бу жараёнларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳам гендер тенглиги тамойили олдинга суриб келиняпти. Таълим олишда, раҳбарлик қилишда, касб-ҳунар ўрганишда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги кўзда тутиб келинган.
– Шарқона қадриятлар асосида яшайдиган жамиятга гендер тенглигини қандай олиб кирамиз?
– Халқимиз орасида гендер тенглиги деганда аёллар устунлигини таъминлаш деган нотўғри фикр ҳам шаклланиб қоляпти. Аслида ундай эмас. Давлатчилигимизнинг келиб чиқишида ҳам оилада аёлга ҳурмат билан қарашган. Айнан бизнинг қадриятларимиз асосида отага ҳурмат, уни улуғлаш ва эъзозлаш қадриятлари шакллантирилади. Бугун аёллар мулкдор бўлиш, ҳар бир жабҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлиши учун ҳаракат қилиняпти. Хусусан, ШҲТ доирасида ўтказилган саммитда Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди. Шунга қарамасдан, биздаги аҳволни қониқарсиз дейишга ҳаққимиз йўқ. Биргина тадбиркорликни оладиган бўлсак, уларнинг 35 фоизини аёллар ташкил қиляпти. Раҳбарлик лавозимларининг 27 фоизини аёллар ташкил қилади.
– Бугун Ўзбекистон аёлларини қийнаётган муаммолар қайси жабҳаларга тўғри келади? Уларни нима масалалар қийнаяпти?
– Таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш бугунги кунда давлатимиз олдида турган энг муҳим вазифа деб биламан. Аммо аёлларнинг ўзига хос муаммолари ҳам бор. Жойларда хотин-қизларни ўқитиш ва уларни иш билан таъминлаш жараёнларигача назоратга олиняпти. Аёл оилада фарзанд тарбияси билан боғланиб қолмасдан, ўз устида ишлаши, таълим олиши борасида амалий чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Касб-ҳунарга ўқитиш натижасида кўпгина аёлларимиз ўзининг оиладаги ўрнини, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда.
– Айтганингиз каби аёлнинг оила ва фарзанд тарбиясидан ортиб, яхши мутахассис бўлиб етишиши учун нималар қилиш керак ва нималар қиляпсиз?
– Биринчидан, хотин-қизларни касб-ҳунарга қайта ўқитиб, уларни иш билан таъминлаяпмиз. Иккинчидан, ҳудуддаги бир устозга 10 та қизни шогирд қилиб бириктиряпмиз. Оилада даромад топиш имкониятлари бўйича алоҳида иш олиб бориб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган, ҳунарманд аёллар орқали эҳтиёжманд оила вакилларини иш билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
10:26 / 03.07.2024
Ўзбекистонда 6 ойда қанча оила яраштирилгани маълум қилинди
16:50 / 24.06.2024
Сенат раиси “Раҳбар аёллар мактаби” тингловчилари билан учрашди
10:42 / 02.06.2024
Хотин-қизларни энг кўп ишга олган 10 та корхона маълум қилинди
20:21 / 23.05.2024