17:23 / 01.11.2022
5491

Европа Иттифоқи Қримдаги кузги чақирув кампаниясини танқид қилди

Фото: ТАСС

Қрим татарлари атайлаб ва ноқонуний равишда Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясида иштирок этмоқда, деб хабар қилди Европа дипломатик хизмати Россияда кузги муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланган куни.

Европа ташқи сиёсат хизмати (EEAS) Россия томонидан аннексия қилинган Қримда Россия ҳарбий хизматга чақирув кампанияси бошланганини танқид қилди. 1 ноябрь, сешанба куни Брюсселда EEAS вакили «бугунги ҳаракат Россия томонидан яна бир халқаро ҳуқуқ бузилишидан далолат беради» деди. У Россия ноқонуний равишда аннексия қилинган Украина ҳудудларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаши кераклигини, сабаби БМТга аъзо эканини, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолиги эса унга алоҳида масъулият юклашини таъкидлади.

Шу билан бирга, Брюссел қрим-татарларнинг ҳуқуқлари поймол этилишини қайд этди. Бу халқ вакиллари «Россиянинг сафарбарлик тўғрисидаги фармонини бажариш чоғида қасддан ва номутаносиб равишда таъқиб қилинмоқда», шунингдек, «Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясига зўрлик билан жалб қилинмоқда», дейилади баёнотда. 

Европа идораси Европа Иттифоқи Қрим ва Севастополнинг аннексия қилинишини тан олмаслигини, шунингдек, Украинанинг Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон вилоятларининг аннексия қилинишини рад этишини ва сўзсиз қоралашини таъкидлади. «Бу ҳудудларнинг барчаси Украина бўлиб қолади», — дейилади баёнотда. Унда айтилишича, «Европа Иттифоқи Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашда давом этади ва Россиядан Украинанинг бутун ҳудудида халқаро ҳуқуқнинг барча бузилишини тўхтатишни ҳамда қўшинлари ва ҳарбий техникасини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни талаб қилади». 

Шу куни Россияда 31 декабргача давом этадиган кузги муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланди. Мамлакатда 120 минг киши муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. 2022 йилнинг кузги чақируви 21 сентябрда эълон қилинган «қисман сафарбарлик» туфайли бир ойдан кейин бошланди. 

Россия Бош штабининг асосий ташкилий-сафарбарлик бошқармаси бошлиғи Евгений Бурдинский оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида кузги чақирув аскарлари «ДХР», «ЛХР», Запорижжя ва Херсон вилоятларида хизмат қилиш учун юборилмаслигини айтди. Улар Украинадаги «махсус ҳарбий операция»да ҳам иштирок этмайди. Айни пайтда, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари 30 октябр кунги ҳисоботида кузги чақирувга чақирилувчилар келаси баҳорда Украинадаги урушга жўнатилишини истисно қилмаяпти. Улар, шунингдек, сафарбарликнинг янги босқичи эълон қилинган тақдирда, ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг армия сафига сафарбар қилинади, дейди ISW. 

Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия президенти Владимир Путинга ҳисобот берганидек, Россия Федерациясида сафарбарлик 28 октябрь куни якунланди. Шу билан бирга, Путин тегишли фармонни имзоламади. 31 октябр куни у алоҳида фармон зарурлиги ҳақида «ўйламаганини» айтди ва бу масалани «ҳуқуқшунослар билан» муҳокама қилишга ваъда берди. 1 ноябрь куни эса президент матбуот котиби Дмитрий Песков сафарбарликни якунлаш бўйича ҳеч қандай фармон бўлмаслигини айтди. 

Top