Жамият | 14:00 / 02.11.2022
18992
3 дақиқада ўқилади

“Ҳеч ким йўқлигида ўлиб қоламанми деб қўрқаман” — синовлар қаршисида ёлғиз қолган аёл ўкинчи

Бахт ва бахтсизлик бир-бирига эргашиб юради дейишади. Келинлик остонасига қадам қўйган Зуҳра ширин орзуларга берилиб юрган кунларининг бирида қаттиқ шамоллайди. Ҳа ўтиб кетар, ўтиб кетар билан анча вақт йўқотилади. Охири шишиб, кўзларини очолмай, оёғини босолмай қолганидан сўнг турмуш ўртоғи шифохонага олиб боради.

Лекин кеч бўлган эди. Ўтказиб юборилган касаллик буйракда асорат қолдиради. Шифокорлар фарзандли бўлиш ҳаёти учун хавфли эканини, доим даволаниб юриши кераклигини айтишади. Орзу-ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғи эса уни синовлар қаршисида ёлғиз қолдиради...

“2012 йилдан бери буйрагимга диализ оламан. Олмасам қон босимим ошиб кетади, олиш жараёнида эса тушиб кетади. Жуда қаттиқ қийналаман. Шифокорлар иккала буйрак ҳам қуриб боряпти, алмаштирмаса бўлмайди дейишди. Шунча йилдан бери қўлга илинадиган нимамиз бўлса даволанишим учун сотдик. Ота-онам нафақада. Мен уларнинг хизматини қиладиган ёшда, улар менга қараш билан овора.

Кўп вақтим шифохонада ўтгани учун қишлоқдан қатнашга қийналаман. Шаҳарда ётоқхонада ижарада тураман. Опам, ота-онам, акаларим мендан хабар олиб туришади. Баъзида ҳеч ким йўқлигида ўлиб қолсам нима бўлади, деб ўйлаб қўрқиб кетаман”, дейди аёл ёшларини тиёлмай.

33 ёшни қаршилаётган Зуҳра ҳаётининг бесамар ўтиб кетаётганидан, фарзанд кўролмаслигидан ўкинади.

“Кўчада бола етаклаб кетаётган аёлларни, айниқса тенгдошларимни кўрсам, кўнглим бошқача бўлиб кетади. Мен ҳам фарзандли бўлишни, болаларимни бағримга босиб эркалашни, гўдак ҳидини туйишни истайман. Эрталаб турмуш ўртоғимни ишга кузатсам, қайтганида очиқ чеҳра билан кутиб олсам, болаларимни парвариш қилсам дейман. Лекин ҳозир ўзим бировнинг ёрдамига муҳтожман. Сал юрсам чарчаб қоламан”, дейди Зуҳра ўкинч билан.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, буйрак алиштириш амалиётидан сўнг Зуҳра соғлом ҳаётга қайтиши, фарзандли бўлиши мумкин экан. Унинг энг катта орзуларидан бири ота-онасининг хизматини қилиб дуосини олиш. Бир оиланинг бахтли бекаси бўлиш. Шу билан бирга педагогика соҳасида фаолият юритишни мақсад қилган.

“Педагогика йўналиши бўйича ўқиганман. Ўзим болаларни жуда яхши кўраман. Тузалиб кетсам, ишга кириб бошланғич синфларга дарс ўтсам, уларга таълим берсам дейман”.

Зуҳра Ибрагимовага оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 2601 1650 1644 беморнинг номида

Виза: 4738 7200 5388 7877 беморнинг номида

Манзил: Навоий вилояти, Навоий шаҳри, Навоий бўйлаб кўчаси, 43-уй, 10-хонадон.

Мавзуга оид