Жамият | 22:37 / 03.11.2022
15133
4 дақиқада ўқилади

Электрон тизим орқали янги экилган дарахтлар назорат қилинмоқда

Кузнинг бошидан бери Ўзбекистон бўйича жами 13 млн донадан ортиқ кўчатлар экилган бўлиб, уларнинг 71,1 фоизи, яъни 9 млн 328 минг 670 донаси “Яшил макон” электрон платформасига киритилган. Ушбу  электрон тизим орқали дарахт кўчатларининг экилишидан тортиб парвариши доимий назорат қилиб борилади.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

3 ноябр куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бошчилигида медиа-тур ташкил қилинди. Унда ҳудудларда кўчатлар экилиши, уларнинг парвариши қандай ташкил этилиши ҳақида батафсил маълумот берилди. Мутахассисларнинг айтишича, маълум бир ҳудудда экилган дарахт кўчатлари ҳақидаги маълумотлар туман ва шаҳарлар Экология бўлимлари давлат инспекторлари томонидан yashilmakon.eco платформасига киритиб борилади. Кўчат экиш мавсуми олдидан бу ишларни бажарадиган давлат инспекторлари махсус планшет-гаджетлар билан таъминланган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, yashilmakon.eco платформаси электрон тизими экиладиган дарахт кўчатларининг жойлашув локацияси, сони, фотофактлари, ҳудудда суғориш тизимининг ҳолати ҳақидаги ахборотларни ўз ичига олади. Экоқўмита ҳузуридаги АКТни жорий этиш ва мултимедиа маркази директорининг маълумотига кўра, yashilmakon.eco 1 мартдан ишга туширилган бўлиб, ундаги маълумотлар қўмитанинг штаблари томонидан киритиб борилади.

“Мамлакатимиздаги ҳар битта туман ва шаҳарда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги “Долзарб 40 кунлик”и давомида кўчат экилишини тўғри ташкил этиш мақсадида махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак,Чилонзор тумани ҳудудидаги айни мана шу жойга 8 та дарахт кўчатлари экилган. Бу дарахтлар қайси ташкилотга бириктирилганига қараб, маълумотлар тақдим этилади. Экилган дарахт ҳақидаги маълумот бизнинг инспекторларга келиб тушади. Шунга қараб, инспекторларимиз жойига чиқиб, доимий равишда шу дарахтни ўрганади, ҳудудда суғориш тизими бор ёки йўқлигига жавобгар бўлади”,– деди Даврон Абдуллаев.

Қайд этилишича, платформанинг мобил иловаси ҳам ишга туширилган бўлиб, ҳудудлардаги давлат инспекторларига жами 557 та махсус планшетлар берилган. Улар мана шу планшетлар ёрдамида экилаётган дарахт кўчатлари ҳақидаги маълумотларни тизимга киритиши ва доимий мониторинг қилиши белгиланган.

Қизиғи, бу маълумотлардан жамоатчилик вакиллари ҳам бохабар бўлиш имкониятига эга. Бунинг учун тегишли туманнинг махсус коди билан платформага кириши ва керакли кўча ёки маҳаллани танлаб, ўша ҳудуддаги мавжуд кўчатларнинг айни вақтдаги аҳволини билиб олиши мумкин.

Таъкидланишича, кунига туманлар кесимида мингдан ортиқ янги экилган дарахтлар ҳақидаги маълумотлар шу платформага киритиб борилмоқда.

Мутасаддиларга кўра, келгусида yashilmakon.eco тизимига ҳудудлардаги тупроқ-иқлим хусусияти ва дарахт турлари, кўкаламзорлаштирилган даражаси, дарахтларни кесиш учун берилган рухсатномалар рўйхати ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар, кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни ҳам қайд этиб бориш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, тадбир давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази мутахассисларининг иши билан ҳам таништирилди. Улар Тошкент шаҳрининг 2 та ҳудуди, Яккасарой ва Чилонзор туманлари атмосфера ҳавосининг майда чанг заррачалари (PM10 ва PM2,5) билан ифлосланиш ҳолатини ўрганишди.

Кўчма экологик лаборатория ва газанализаторлар ёрдамида ўтказилган ўрганишлар давомида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддалар учун рухсат этилган максимал бир марталик концентрация бўйича белгиланган меъёридан ошиш ҳолати кузатилмади.

Майда чанг зарралар – бу 10 микрометрдан кам ёки 2,5 микрометрдан кам бўлган зарраларнинг концентрацияси (PM10 ва PM2,5 фракциялар). Шаҳар муҳитида муаллақ моддаларнинг миқдори ҳаво сифатининг асосий кўрсаткичларидан биридир.

Яна бир жиҳат, атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта бўлган корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан мониторинг олиб борилиши белгиланган. Маълумотларга кўра, сўнгги 2 йилда мониторинг дастурига киритилган корхоналар сони 2 баробарга кўпайиб, ҳозирги кунда қамраб олинганлари 800 тани ташкил этади.

Шундан, Тошкент шаҳрида 63 та объектлар мониторинг дастури доирасида экологик назорат тизимига киритилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Ⓣ

Мавзуга оид