Жиззахдаги боғда қўйиб юборилиши режалаштирилган 5 мингта шар йўқ қилинди
Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган янги қарорни эслатиб, экологияга бефарқ бўлмаган фуқароларни пластик ўйинчоқлар, шарлар учириш каби тадбирларга йўл қўймаслик, бундай тадбирларда иштирок этмасликка чақирмоқда.
Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5 мингта шар учирилиши ҳақида видео тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, шарлар йўқ қилинган.
Маълум қилинишича, Экология вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида бўлиб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган. Ўрганиш давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилган.
“Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар доимий тарзда қоралаб келинмоқда”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Янги Ўзбекистон боғида 10 000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалган, вазирлик бу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирган ва бу тадбир бекор қилинган эди.
Маълумот учун, 2024 йил 29 июн куни Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, оммавий тадбирларда фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар моддий бойликларини бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.
“Экология вазирлиги бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш тарафдори. Шунинг учун экологияга бефарқ бўлмаган юртдошларимизни пластик ўйинчоқлар, шарлар учириш каби тадбирларга йўл қўймаслик, бундай тадбирларда иштирок этмасликка чақирамиз”, дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
15:25 / 15.12.2024
Тошкент-Термиз йўлининг Жиззахдаги довондан ўтган қисмида юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланди
18:54 / 10.12.2024