21:20 / 27.06.2024
3841

“Менинг боғим” ташаббусларига овоз бериш бошланди

Ўзбекистонликлар келгуси 10 кун давомида “Очиқ бюджет” портали, порталнинг мобил иловаси ёки Telegram-ботдан фойдаланиб, яшил жамоат боғларини ташкил этиш бўйича 738 та ташаббусдан бирини қўллаб-қувватлаши мумкин. Энг кўп овоз тўплаган 200 дан ортиқ ташаббус ғолиб деб топилади.

Фото: Андрей Воробьев / Yandex xaritalar

“Менинг боғим” лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсуми учун овоз бериш жараёни бошланди, дея эълон қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Овоз бериш босқичи 6 июл соат 10:00 га қадар давом этади.

Бу муҳлатгача фуқаролар 627 та маҳаллада жойлашган 738 та ташаббусдан бирига овоз бериши мумкин.

Овоз беришнинг учта йўли бор:

  1. “Очиқ бюджет” порталининг веб-саҳифаси орқали;
  2. порталнинг мобил иловаси орқали;
  3. Telegram-бот орқали.

Илк марта ўтказилаётган “Менинг боғим” лойиҳасининг биринчи мавсумига жами 52 млрд сўм ажратилган. Бу маблағ ҳисобидан республиканинг энг кўп овоз олган камида 208 та нуқтасида яшил жамоат парклари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилдан бошлаб “Яшил макон” дастури доирасида давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг камида 50 фоизи яшил жамоат боғларини ташкил этишга йўналтирилади. Бунда жамоатчилик қаерда парклар ташкил этилиши бўйича ташаббусларини “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида қолдириши мумкин.

Ғолиб ташаббусларни амалга оширишга 250 млн сўмгача маблағ ажратилади.

Kun.uz аввалроқ “Менинг боғим” лойиҳасига доир саволларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Экология вазирлиги масъулларидан жавоб олганди.

Top