Ўзбекистон | 12:30 / 03.11.2022
24914
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон электр энергияси ва табиий газ нархлари эркинлаштириши керак” – Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде

Самарқандда бўлиб ўтаётган иқтисодий форумда сўзга чиққан Анна Бьерде Ўзбекистон ечиши керак бўлган оғриқли муаммоларни санади. Жаҳон банки вице-президенти энергия нархларини либераллаштириш, ресурсларни нотўғри тақсимлашдан қочиш, давлат банкларини ислоҳ қилиш ҳамда таълим ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш энг муҳим масалалар эканини айтди.

Фото: Kun.uz

Самарқанд шаҳрида иккинчи Ўзбекистон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. Форум очилишида сўзга чиққан Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде Ўзбекистоннинг ўтган даврда эришган ютуқларини санаркан, бу билан тўхтаб қолмаслик кераклигини айтди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.

“Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон ҳам прогноз қилинганидан кўп ва юқори нархларда товар экспорт қилди ва пул ўтказмаларининг кучли оқимини сақлаб қолди”, – деди у.

Анна Бьерде хусусий сектор учун шарт-шароитларни тенглаштириш ва самарадорлик ўсишини қўллаб-қувватлаш учун ҳали кўп иш қилиш кераклигига урғу берди.

“Ўзининг халқаро рақобатбардошлигини ошириш учун Ўзбекистон капитал, энергия ва хомашё, ишчи кучи бозорларини янада эркинлаштириши ва савдо харажатларини қисқартириши керак”, — деди у.

Анна Бьерде Ўзбекистон қилиши керак бўлган масалалар қаторида қуйидагиларни санади:

  • ресурсларни нотўғри тақсимлашдан қочиш ва унумдорликни ошириш учун нархларни либераллаштириш - масалан, асосий хомашё, электр энергияси, табиий газ, ер, бизнес хизматлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва пахта хомашёси;
  • бизнес муҳитини мустаҳкамлаш;
  • давлат банклари, суғурта сектори ва нобанк кредит ташкилотлари секторини ислоҳ қилишни давом эттириш;
  • давлат корхоналарининг корпоратив бошқарувини ислоҳ қилиш ва уларнинг молиявий кўрсаткичларини яхшилаш;
  • молиявий тизимларни такомиллаштириш ва бизнес муҳитини мустаҳкамлаш;
  • соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари сифатини ошириш.

“Бу ўзгаришларнинг кўпчилиги мураккаб ва улар пухта тайёргарлик билан босқичма-босқич амалга оширишни талаб қилади”, — деди у.

Жаҳон банки вакили Ўзбекистон иқтисодий форуми давомида Ўзбекистон ва унинг келажак авлодлари манфаатлари йўлида қандай ҳаракат қилиши мумкинлиги борасида мазмунли ва очиқ мунозаралар олиб боришга умид билдирди.

Мавзуга оид