Божхоначилар ва уларнинг оила аъзоларига пенсия тўлаш тартиби эълон қилинди
“Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари ходимларига ҳамда улар оила аъзоларига пенсия ва нафақа тўлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга мувофиқ божхона органларида сержантлар ва офицерлар таркибида хизмат қилган Ўзбекистон ҳудудида яшовчи шахслар пенсия олиш ҳуқуқига эга. Божхона органлари ходимлари ёки улар оила аъзоларига пенсия қуйидаги турлари тайинланади: а) хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсия (уни олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда); б) ногиронлик пенсияси; в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Божхона органлари пенсионери вафот этгани муносабати билан дафн этиш маросими учун унинг оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинланади. Вафот этган божхона органи пенсионер оила аъзолари нафақа олиш учун мурожаат этмаган ҳолатларда дафн маросимини ўтказган шахсга тайинланади.
Қуйидагилар хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсия олиш ҳуқуқига эга:
- божхона органлари хизматидан бўшатилган кунда ҳарбий хизмат, ички ишлар ва божхона органларидаги хизмат даври, Божхона институти, Давлат божхона қўмитаси собиқ Божхона коллежи, Ўзбекистон олий-ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида ўқиш, Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизмат ёки сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни ўташ даврлари календарь ҳисобида йигирма йил ва ундан ортиқ бўлган;
- умумий иш стажи календарь ҳисобида йигирма беш йил ҳамда ундан ортиқ бўлиб, ундан ўн икки йил олти ойидан кам бўлмаган қисми ҳарбий хизмат ва (ёки) ички ишлар, божхона органларида хизмат қилган даврга эга, хизматда бўлиш белгиланган чегара ёшига тўлгани, касаллиги, соғлиғи боис ёки ташкилий-штатлар ўзгариши сабабли хизматдан бўшатилган ва шу кунда хизматда бўлиш белгиланган чегара ёшига тўлган шахслар.
Хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсия қуйидаги миқдорларда белгиланади:
а) хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсия тайинланганда:
- йигирма йиллик хизмат учун – тегишли пул таъминоти миқдори қирқ фоизи, хизматда бўлиш белгиланган чегара ёшига тўлгани, касаллиги, соғлиғи боис хизматдан истеъфога бўшаганларга эса – қирқ беш фоизи;
- йигирма йилдан ортиқ ҳар бир тўлиқ хизмат йили учун – тегишли пул таъминоти миқдори уч фоизи, лекин ушбу миқдор етмиш беш фоизидан ошмаган ҳолда.
б) меҳнат стажини ҳисобга олиб хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсия тайинланганда:
- йигирма беш йиллик умумий меҳнат стажи учун – тегишли пул таъминоти миқдори қирқ фоизи;
- йигирма беш йилдан ортиқ ҳар бир тўлиқ йил учун – тегишли пул таъминоти миқдори бир фоизи.
Алоҳида тоифадаги шахсларга тайинланадиган хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсияга қуйидаги устама ҳақлар белгиланади:
- I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган ёхуд уруш қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахсларга, агар улар кўп миқдордаги ногиронлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаса ёшга доир энг кам пенсия 150 фоизи миқдорида пенсионерни парваришлаш учун;
- I гуруҳ ногиронлиги бўлган пенсионерларга, саксон ёшга тўлган ёлғиз пенсионерларга ёшга доир энг кам пенсия 50 фоизи миқдорида пенсионерни парваришлаш учун;
- қарамоғида (эр ва хотин никоҳи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари рўйхатида бўлганда) ўн саккиз ёшга тўлмаган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига эга ишламайдиган пенсионерларга – ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 50 фоизи миқдорида. Бунда устама ҳақ фақатгина давлат пенсиясини олмайдиган оила аъзоларига нисбатан белгиланади.
Қуйидагилар хизмат муддатини ўтагани бўйича пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат стажи даври ҳисобланади:
- Ўзбекистон Қуролли кучлари ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги бирлашган қуролли кучлари, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон бошқа ҳарбий қисмларида оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги лавозимларда шартнома ёки офицерлар таркиби лавозимларида чақириқ асосидаги ҳарбий хизмат даври;
- собиқ СССР қуролли кучлари, қўшинлари, Давлат хавфсизлиги қўмитаси, ички, қоровул ҳамда темирйўл органлари ва қўшинлари, бошқа ҳарбий қисмларидаги офицерлар таркиби, прапоршик, мичман ҳамда белгиланган муддат тугагандан кейинги хизмат ҳарбий хизматчилари ҳарбий хизмат даври;
- Ўзбекистон ва собиқ СССР ички ишлар органларида оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги хизмат даври;
- Ўзбекистон божхона органларида 1997 йил 30 июлдан сўнг бошлиқлар таркибига киритилган мансабдор шахслар хизмат даври махсус унвон бўлишидан қатъи назар;
- Ўзбекистон божхона органларида сержант ва офицерлар таркибидаги хизмат даври;
- Божхона институти, Давлат божхона қўмитаси собиқ Божхона коллежи, Ўзбекистон олий-ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларидаги ўқиш даври.
Мавзуга оид
07:20 / 30.10.2024
2025 йилда иш ҳақи ва пенсияларни оширишга қанча маблағ ажратилиши маълум қилинди
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
18:08 / 01.10.2024
Божхона постида Ўзбекистонга олиб кирилаётган пневматик қуроллар ва 2,7 минг дона ўқлар тўхтатиб қолинди
19:53 / 16.09.2024