XVIII-XIX асрларда Бухоро амирлигида енгилтабиат аёлларга мушук ёрдамида қандай жазо қўлланган?
Олмахон кўринишидаги копилкалар унинг қайси хусусияти учун кенг тарқалган? Қайси ҳудудда яшовчи бургутлар булутлардан ҳам баландроқда учади? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг иккинчи ўйинида Фаррух Рафиқов жамоаси иштирок этди.
Кузги мавсумнинг иккинчи ўйинида Фаррух Рафиқов жамоаси иштирок этади.
Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):
Равшан Исмоилов - UzTelecom акциядорлик жамияти ҳодими;
Шавкат Улуғов - Муҳандис-технолог;
Фаррух Рафиқов - Муҳандис-лойиҳачи (жамоа сардори);
Саидкамол Абдураззоқов - Менежер;
Азизбек Абдуллаев - Илмий тадқиқотчи;
Умархон Шариф - Муҳандис.
1-раундда Мавлоно Али Қушчи насиҳати ҳақида савол ўйналди. Ғафлатда қолиб, қушлар сизларни уялтириб қўйишмасин, деган насиҳати нимани англатиши сўралган саволда билимдонлар тўғри жавоб бера олди ва ўйин ҳисобини ўз фойдаларига очишди. Ҳисоб – 1:0.
2-раундда жуда қизиқ савол ўйналди. 1970-80 йилларда Москвада театрга кирганлар нега махсус таблода турлича рақам киритган, деган саволга жамоа тўғри жавоб беролмади. Шу тариқа ҳисоб тенглашди – 1:1.
Кейинги раунд саволи Бухоро амирлигида фоҳишаларга қўлланган жазо тури ҳақида бўлди. Жамоа саволга муддатидан олдин жавоб бериши натижасида ушбу маълумотни аввалдан билиши ойдинлашди. Ҳисоб – 2:1.
Тўртинчи раундда жамоа олтиариқлик деҳқонлар узумни хомток қилганидан кейин маҳалла аҳли том устига чиқиб нима иш қилиши ҳақидаги савол билан синовдан ўтказилди. Афсуски, жамоа узумчиликдаги бундай нозик жиҳатга етиб бора олмади. Ҳисоб яна тенглашди – 2:2
Ўйин тенгкурашлар остида кечмоқда. Бундай вазиятда ўйин натижасини олдиндан тахмин қилиш анча мушкул.
5-раунд саволи билимдонларнинг яна олдинга ўтиб олишига сабаб бўлди. Бранислав Нушич асарида чивин чақишдек гап бўлса-да, инсонни лов этиб ёндиришга қодир дея таърифланган нарса нима эканини тажрибали билимдонлар қийналмасдан топа олди. Ҳисоб – 3:2.
Навбатдаги раундда берилган Берлиндаги музей ҳақидаги саволга жамоа чала жавоб берди ва бошловчи бу раундда жамоага мағлубият ёзди. Ҳисоб яна тенглашди – 3:3.
7-раундда нега олмахон кўринишидаги копилкалар дунё бўйича кенг тарқалгани ҳақидаги савол ўйналди. Бу саволга ҳам жамоанинг берган жавоби қониқарли деб топилмади ва ҳисобда илк бор телетомошабинлар олдинга ўтиб олди – 3:4.
8-раунд. Гогол асарларида бир украин миллий либосига берилган икки хил таъриф ҳақидаги қизиқарли савол ўйналди. Жамоанинг кучи етадиган савол бўлса-да, негадир бир дақиқа якунида жамоада ишончли вариант бўлмади ва клуб ёрдамидан фойдаланилди. Клуб эса жамоанинг жонига ора кириб, ҳисоб тенглашишига ҳисса қўшди – 4:4.
9-раунд саволи қайси бургутлар булутлардан ҳам баланд жойда учиши ҳақида бўлди. Бу саволга жамоа кутилганидан бироз бошқача жавоб берган бўлса ҳам, жамоанинг жавоби мантиқан тўғри деб топилди ва яна билимдонлар олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 5:4.
Жамоа ҳисобни ўзи учун қулай кўринишга келтириб олди. Бироқ хотиржам бўлишга сира ҳожат йўқ. Агарда кейинги раундда ҳам бўшашмай, ишончли ўйин кўрсатилса, ғалаба нақд.
10-раундда жамоанинг бахтига бироз енгилроқ савол тушиб қолди. Бундай саволларни ўтказиб юбормайдиган тажрибали жамоа муҳокама якунида тўғри жавоб берди ва ғалабани ўзиники қилди. Ҳисоб – 6:4.
6:4 ҳисобидаги ишончли ғалабадан сўнг, шу кунгача ўйнаган жамоалар орасида ҳозирча Фаррух Рафиқов жамоаси финал учун номзод бўлиб турибди. Бу ҳисоб кейинроқ ўйнайдиган Бобур Ёқубов, Жобир Аҳмедов ва Нодира Турғунова жамоаларига босим юклаши мумкин. Кўрамиз, финалга қайси жамоа йўл оларкан.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллифи: Жумагул Мамаюнусова, Ёзёвон тумани.
Бошловчи: Мавлоно Али Қушчи насиҳатларидан бирини тингланг: "Эй фарзандларим, қушларни севинглар ва уларни ҳимоя қилинглар, уларни парвариш этинглар, лекин ғафлатда қолиб, қушлар сизларни уялтириб қўйишмасин" - дер эди. Ҳақиқатан ҳам бир ҳолатда қушлар эгасини уялтириб қўйиши мумкин.
Диққат савол: Қушлар эгасини қандай уялтириши мумкин?
Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Ғафлат кўпинча уйқу билан ёнма-ён юради. Эрталабда уйғонганингда қушлар сендан олдин уйғониб, сайраб қўймасин деган маъно назарда тутилиб, уйғониш ҳақида гап кетмоқда деб ўйлаймиз.
Тўғри жавоб: Қушлар эрта уйғонади, уйғонишда қушлар сиздан эрта уйғониб, сизларни уялтирмасин деган.
Ҳисоб: 1-0
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи: Гулмурод Эшонқулов, Бешкент тумани.
Бошловчи: 1970-80-йилларда Москвада театрга кирувчилар сони жуда кўп бўлган. Театрга киргач, Москва мухлислари махсус табло ёнига келиб, ўзларига керакли рақамларни босишаркан. Масалан, кимгадир 9, кимгадир 22, кимгадир 56 ва ҳоказо.
Диққат савол: Таблодаги рақам ва сонлар нимани билдирган?
Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Одам кўп бўлганлиги сабаб, одамлар ташқарига чиқиш навбатини таблодаги ўзига керакли рақам билан белгилаган ва шу тартибда ташқарига чиқиб келган.
Тўғри жавоб: 70-80-йилларда аҳолининг кўп қисми шаҳар транспортида юрган. Спектакл бошланмасидан олдин томошабинлар ўзлари юрадиган автобусларга буюртма бериб қўйишган. Маъмурият автопаркларга спектакл тугашига шу рақамдаги автобусларни театр олдига буюртма қилиб қўйган.
Ҳисоб: 1-1
Савол муаллифи Гулмурод Эшонқулов 1 миллион сўм пул мукофотни қўлга киритди!
3-раунд. Савол муаллифи: Фозил Шарипов, Узун тумани.
Бошловчи: XVIII-XIX асрлар Бухоро амирлигида бир жазо тури бўлган. У жазони фоҳишалик билан шуғулланган аёлларга қўллашган. Унинг учун битта қоп, таёқ ва У керак бўлган.
Диққат савол: Бир дақиқа ўйланг-да, айтинг: У нима?
Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.
Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Мушук
Бошловчи: Амирлик даврида фоҳишани қопга мушук билан бирга солишган ва қопнинг оғзини боғлашган. Кейин қопнинг устидан таёқ билан калтаклашган. Калтак еган мушук қопдан чиқиб кетиш учун қопда жон ҳолатда типирчилаб, унинг ичидаги фоҳишани тимдалаб ташлаган. Жамоа тўғри жавоб берди.
Ҳисоб: 2-1
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи: Қодиржон Тўхтасинов, Марғилон шаҳри.
Бошловчи: Олтиариқда аҳоли маҳалла-маҳалла бўлиб, узум етиштиради. Олий навли сифатли узум етиштириш учун эрта баҳордан ҳаракат бошланади. Токлар хомток қилингач, бутун маҳалла аҳли томларга чиқишади.
Диққат савол: Азалдан олтиариқлик боғбонлар томларда нима қилишади?
Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Маҳалла ҳашар кўринишида бир-бирининг томига чиқиб, бир-бирининг хомтоки қанчалик тўғри қилингани, оралари очилиб қолган-қолмаганини кўриб чиқишган.
Тўғри жавоб: Узумзорларга касаллик ташувчилар - қушлар ҳисобланади, аммо қушларга ҳали эрта. Бу пайтда томларга, бўғотларга арилар ин қўяди. Баҳор пайти арилар ин қўйишга тайёргарлик бошлаши билан бутун аҳоли томларни, боғотларни текшириб, ари инларини бузишади.
Ҳисоб: 2-2
Савол муаллифи Қодиржон Тўхтасинов 2 миллион сўм пул мукофотни қўлга киритди!
5-раунд. Савол муаллифи: Хуршида Файзуллаева, Ромитан тумани.
Бошловчи: Бранислав Нушич “Таржимаи ҳол” асарида У ҳақида шундай ёзади: У қонни заҳарлашга олиб келмайдиган, баданни бироз безовта қиладиган чивин чақишдек гап бўлса-да, унда доим гугурт бўлади. Лов этиб ёндиришга қодир, аммо кўп ҳолларда бу аланга мойи тугаб, ўзи ўчадиган чироқ кабидир.
Сизларни мақсадга сал яқинлаштираман, сизга бу саволни аниқ топишингизда қашқадарёлик ва асакалик бўлган иккита ижодкорларнинг биргаликда яратган асарлари ёрдам бериши мумкин.
Диққат савол: Унинг нималигини иккита сўз билан топинг.
Жавобни Равшан Исмоилов беради: биринчи муҳаббат
Жамоа тўғри жавоб берди
Ҳисоб: 3-2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллифи: Абдувоҳид Аҳмедов, Андижон шаҳри.
Бошловчи: Эрих Мария Ремарк 1923 йил охирларида Берлинга келиб, шаҳардаги бир музейга киради. Музейдан катта таассурот билан кўнгли кўтарилиб чиқади. Музейдаги лиқ тўла томошабинларни кўриб, музейга ҳали ҳам қизиқувчилар борлигидан хурсанд бўлиб кетади. Кейинроқ томошага келганларнинг ярмидан кўпи санъатни умуман тушунмайдиган кишилар эканлигини билгач, хафсаласи пир бўлади. Уларга кириш бепул бўлганидан ҳам музей лиқ тўла, шунда ҳам улар томоша қилишга киришмаган эди.
Диққат савол: Улар кимлар ва нима мақсадда музейда юришган эди?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Улар исиниш мақсадида кирган уйсизлар деб ҳисоблаймиз.
Тўғри жавоб: Воқеа 1923 йилнинг охирида декабр ойида бўлмоқда. Ташқари совуқ, улар исиниш учун ҳам музейда айланиб юришган. Улар - ишсиз кишилар эди.
Ҳисоб: 3-3
Савол муаллифи Абдувоҳид Аҳмедов 3 миллион сўм пул мукофотни қўлга киритди!
7-раунд. Савол муаллифи: Абдулазиз Қосимов, Тошкент шаҳри.
Бошловчи: Марҳамат, экранга диққатингизни қаратинг. Турли кўринишдаги пул тўпловчи копилкалар сурати.
Ҳар йили октябр ойида болалар ўртасида халқаро молиявий саводхонлик ҳафталиги ўтказилади. Болаларга пул жамғариш усуллари ўргатилади ва турли хил копилкалар ҳам намойиш этилади. Копилкалар масалан, мўғулларда туя кўринишида, немисларда чўчқа кўринишида, қирғизларда ўтов кўринишида ва ҳоказо. Кўп миллатлар негадир олмахон кўринишидаги пул тўплаш идишларини танлашади.
Диққат савол: Кўплар нега айнан олмахондан копилка ясашади ва қандай хусусияти учун?
Жавобни Умархон Шариф беради: Олмахонларнинг ёнғоқни қора кунга йиғиб, ғамлаб қўйиш одатлари бор, яъни ёнғоқ ғамлаш хусусияти учун.
Тўғри жавоб: Табиатан олмахон топган нарсасини дарров ерни кавлаб, кўмиб ташлайди, кейин эслолмай юради. Пишиқ кишилар унинг мана шу одати учун, яъни кўпроқ тўплаб, камроқ сарф қилай деган мақсадда олмахонни танлашади.
Ҳисоб: 3-4
Савол муаллифи Абдулазиз Қосимов 4 миллион сўм пул мукофотни қўлга киритди!
8-раунд. Савол муаллифи: Дилшод Оғаниёзов, Олот тумани.
Бошловчи: Николай Василевич Гогол бир асарида “Унинг украинларга тааллуқлисида Қора денгиз беқиёслигини кўриш мумкин” - деган иборани ишлатган ва бу анча бўрттирилган факт албатта. Яна бир ҳикоясида Унга каттагина ҳовлининг ярмини лаш-лушлари билан сиғдирса бўлади деб ёзган.
Диққат савол: Унинг нималигини айтинг.
Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.
Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Украинларнинг миллий кийими - шароварлар.
Тўғри жавоб: Украинларга тааллуқлисида ҳам Қора денгиз беқиёслигини кўриш мумкин, беқиёс, каттани худди шунга ўхшатган. Бу “Тарас Булба” асарида эди. “Иван Иванович ва Иван Никифорович” ҳикоясида Иван Иванович шалварига уйнинг ярми ашқал-дашқали билан сиғади деб ёзган.
Ҳисоб: 4-4
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
9-раунд. Савол муаллифи — Сарвар ва Шаҳноза Ғаниевалар, Каттақўрғон тумани.
Бошловчи: Қирғиз адиби Чингиз Айтматов “Асрни қаритган кун” романида бир ҳудудда яшайдиган бургутлар ҳақида ёзган. Улар ҳатто булутлардан ҳам тепада соатлаб уча олади деб ёзган ёзувчи.
Диққат савол: Бу бургутлар қайси ҳудудда яшашади?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Бойқўнғир (Байконур) ҳудудидаги бургутлар
Тўғри жавоб: Гап бу ерда пастда, булутдан пастда соя жой топа олмаганидан кейин улар иссиқда соатлаб булутлардан ҳам тепада учиб юришга мажбур бўлишган. Салқинлаш мақсадида. Улар саҳрода яшовчи бургутлардир. Дашт бургутлари жавоби ҳам қабул қилинади. Сизларнинг жавобингизни қабул қилса бўлади.
Ҳисоб: 5-4
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
10-раунд. Савол муаллифи: Шерзод Қурбонов, Касби тумани.
Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Суратда биринчи ўзбек тракторчи аёл - Сайдинисо Шокирова тасвирланган. Паранжида бўлса-да, тракторни шаҳдам ҳайдаяпти. Савол у аёл ҳақида эмас. Яхшилаб қарасангиз, бу суратда икки кишининг юзлари қорага бўяб қўйилган.
Диққат савол: Нима учун уларнинг юзлари бўяб қўйилган?
Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Булар кейинчалик сиёсий сургун бўлган инсонлар, шунинг учун бўяб қўйилган.
Тўғри жавоб: Бу сурат 1923 йилда Қўқонда олинган. Тарихий шахслар тасвирланган бу ерда. Музейда осилиб турганда у икки кишининг юзини бўяб қўйишга мажбур бўлишган, чунки улар кейинчалик қатағонга учрашган.
Ҳисоб: 6-4
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Энг яхши савол муаллифи - Хуршида Файзуллаева
Биринчи муҳаббат ҳақидаги саволи учун Хуршида Файзуллаева 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Ўйиннинг энг фаол билимдони - Фаррух Рафиқов.
Фаррух Рафиқов 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Мавзуга оид
19:38 / 06.08.2024
“Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди
10:04 / 06.08.2024
Саида Мирзиёева: “Жадидлар ҳам, Алаш ҳаракати ҳам халқни озод қилишга интилган”
22:57 / 05.08.2024
“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар – бутун дунёга намуна” — Саида Мирзиёева
17:39 / 05.08.2024