07:43 / 09.11.2022
4480

Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари АҚШда музокара ўтказди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Арманистон ва Озарбойжон вазирлари ўртасидаги музокараларда воситачи бўлди. У Ереван ва Бокунинг тинчлик йўлидаги «ҳақиқий ва дадил қадамларини» маъқуллади.

Энтони Блинкен (чапда) / Фото: Alex Brandon/ Pool via AP Photo

Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жейҳун Байрамов АҚШ воситачилигида музокаралар ўтказди. 8 ноябрь, сешанба куни AFP агентлиги хабарига кўра, уларнинг учрашуви Вашингтонда 7 ноябрь куни, ҳар икки давлат чегарасида янги тўқнашувдан бир неча соат ўтиб бўлиб ўтди.

Вазирларни музокараларда воситачилик қилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен қабул қилди. «АҚШ Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик музокараларини ўтказиш тарафдори», - деди Блинкен учрашув олдидан. У ҳар икки томонни «ўтмишни орқада қолдириш ва мустаҳкам тинчлик сари ҳаракат қилиш учун ҳақиқий ва дадил қадамлар қўйгани»ни олқишлади. АҚШ давлат департаменти раҳбари, шунингдек, тинчлик музокаралари БМТ Бош ассамблеяси доирасидаги аввалги муҳокамалар ҳамда Арманистон, Озарбойжон ва АҚШ расмийлари ўртасидаги бошқа суҳбатларга асосланишини таъкидлади, деб ёзади Reuters.

Арарат Мирзоян (марказда) / Фото: Alex Brandon/ Pool via AP Photo

Учрашувнинг қолган қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, Арарат Мирзоян ва Жейҳун Байрамов «потенциал тинчлик шартномасининг элементлари бўйича фикр алмашган ва ҳали ҳам ҳал қилиниши керак бўлган қатор муаммолар мавжудлигини маълум қилган». Бундан ташқари, ҳар икки вазир Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларининг 6 октябр куни Прагада ва 31 октябрда Сочида бўлиб ўтган учрашувларида ўз зиммаларига олган мажбуриятларини яна бир бор тасдиқладилар.

Аввалроқ Ереван ва Боку куч ишлатмасликка келишиб олган эди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин 31 октябр куни Сочидаги уч томонлама учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот берди. Унда томонлар «барча муаммоли масалаларни фақат БМТ низоми ва 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ўзаро тан олиш асосида ҳал этиш» ниятида экани таъкидланган.

Жейҳун Байрамов (чапда) / Фото: Alex Brandon/ Pool via AP Photo

Бу баёнотдан кейин Озарбойжон бир неча бор Арманистонни чегарани ўққа тутганликда айблади. Ўз навбатида, Арманистон Мудофаа вазирлиги 4 ноябрь куни, шунингдек, 7 ноябрга ўтар кечаси Озарбойжон қуролли кучлари бўлинмалари чегаранинг шарқий қисмида жойлашган арман позицияларини ўққа тутганини маълум қилди.

Тоғли Қорабоғ юзасидан Ереван ва Боку ўртасида ўнлаб йиллар давом этган можаро сентябр ойи ўрталарида яна авж олди. Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Озарбойжон чегарадаги Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишини ўққа тута бошлаган. Боку Ереванни чегарада Дашкесан, Қалбажар ва Лочин йўналишларидаги «кенг кўламли диверсия»да айблади. Натижада ҳар икки томондан 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Top