11:25 / 09.11.2022
2061

Ўзбекистон-Германия тиббиёт жамғармасини ташкил қилиш режалаштириляпти

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида Германияда фаолият юритадиган ватандош Ориф Аҳмадалиев, Haus des Stiftens GmbH хайрия жамғармаси масъул ходимлари Михаэль Симон ҳамда Ҳелена Бликенбергер иштирокида онлайн-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Фото: Dunyo

Haus des Stiftens GmbH ижтимоий корхонаси 1995 йил Мюнхен шаҳрида ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти хайрия тадбирлари ва болалар жамғармаларини бошқаришга йўналтирилган.

Мулоқот давомида Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш, ватандошларга соғлиқни сақлаш соҳасида кўмаклашиш доирасида гуманитар фондлар билан музокаралар олиб бориш орқали Ўзбекистон-Германия тиббиёт жамғармасини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Ориф Аҳмадалиев Бош консулхона кўмагида Германияда ўзбекистонлик ногирон болалар учун инсонпарварлик жамғармасини ташкил этишни режалаштираётганини билдирди.

Ўз навбатида, Михаэль Симон ва Ҳелена Бликенбергер ташкил этилажак жамғарма ҳуқуқий базасини яратиш, низом ва бошқа ташкилий ҳужжатларни тасдиқлаш, Германия расмий идораларида қайддан ўтказиш бўйича фикр билдирди.

Учрашув якунида томонлар хайрия жамғармасини ташкил қилиш бўйича масалаларда ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишиб олди.

Top