12:06 / 09.11.2022
4978

«Рақобат тўғрисида»ги қонун қабул қилинмоқда: унда нималар акс этган?

Қонун лойиҳаси билан рақобатга қарши келишув ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар учун жавобгарлик енгиллаштирилиши мумкин.

«Рақобат тўғрисида»ги ва «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунлар «Рақобат тўғрисида»ги қонунга бирлаштирилмоқда. Қонун лойиҳаси Олий мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди, дея хабар бермоқда Антимонопол қўмита матбуот хизмати.

Қонун лойиҳаси 9 та боб, 52 та моддадан иборат бўлиб, у билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби белгиланяпти.

Монополияга қарши комплаенс институти киритилиб, давлат кўмаги кўринишлари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талаблар назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, оммавий савдо тушунчаси киритилиб, нафақат танлов ва тендер, балки аукцион ва бошқа электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериш чоралари кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан рақобатга қарши келишув ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар учун жавобгарлик енгиллаштирилиши мумкин.

Молиявий жарималар киритилиши муносабати билан иқтисодий концентрацияга ва танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузиш ҳаракатлари ҳамда рақобатга қарши ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланяпти.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишининг (кўрсатилишининг) ноқонуний чекланиши ҳамда лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиниши учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Расмий хабарда таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга асоссиз равишда эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар, преференциялар беришнинг олдини олиши мумкин.

Top