Ўзбекистон | 11:50 / 20.11.2024
8003
2 дақиқада ўқилади

Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин

Даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир, деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтяпти.

Президент таъкидлаганидек, ижро этувчи ҳокимият органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни, уларнинг асосланган бўлишини таъминлаши лозим.

Кейинги вақтда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан маслаҳат қилишда қонунларимизда белгиланган талабларга ҳамиша ҳам риоя этилмаётганига эътироз билдирилди.

Адлия вазирлигига бир ой муддатда бу масала бўйича таклифларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан бирга муҳокама қилиш ва ҳукуматга киритиш топширилди.

Ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари сифатини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди.

"Даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир.

Бу борада таниқли хитой файласуфи Шан Яннинг “Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир”, деган сўзларини эслаш ўринли, деб ўйлайман. Ҳар бир қонунда шундай ҳурмат намоён бўлиши керак. 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин", - деди президент.

Мавзуга оид