Жаҳон | 19:11 / 09.11.2022
17323
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ Украина билан «ҳозирги воқеликни ҳисобга олган ҳолда» музокараларга тайёрлигини билдирди

Москва ҳеч қачон музокаралардан бош тортмаган, деди Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова. Володимир Зеленский аввалроқ мулоқотни тиклаш талабларини илгари сурган эди, бироқ ТИВ бундан кейин музокаралар учун олдиндан қўйиладиган ҳеч қандай шарт йўқлигини маълум қилди.

Фото: РИА Новости

Россиянинг Украина билан музокараларга тайёрлиги бўйича позицияси ўзгаришсиз қолмоқда, деди Россий ТИВ матбуот котиби Мария Захарова.

«Биз ҳали ҳам музокаралар учун очиқмиз. Биз улардан ҳеч қачон воз кечмаганмиз. Биз уларни, албатта, ҳозирги пайтда юз бераётган воқеликни ҳисобга олган ҳолда ўтказишга тайёрмиз», — деди у.

Мария Захарова «ҳозирги пайтда юз бераётган воқелик» замирида нималарни назарда тутаётганини айтмади.

Сентябр ойининг охирида Россия ЛХР ва ДХР, шунингдек, Запорожье ва Херсон вилоятларини аннексия қилди. Шундан сўнг, Украина президенти Володимир Зеленский Россияга Владимир Путин раҳбарлик қилар экан, у билан мулоқот қилмаслигини айтди.

Шундан сўнг, Россия расмийлари ҳали ҳам музокараларга тайёр эканлигини бир неча бор таъкидлади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков 7 ноябр куни Киевнинг позицияси туфайли ҳозирча музокара учун имконият йўқлигини таъкидлади.

Эртаси куни Зеленский, агар Украина ҳудудий яхлитлиги тикланса, БМТ низоми ҳурмат қилинса, ҳарбий амалиётлардан кўрилган барча зарар учун Россия томонидан товон тўланса ва «бу воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун кафолат берилса», музокаралар олиб бориш мумкинлигини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Украина президентининг сўзларидан сўнг, Россиянинг Киев билан музокаралар олиб бориши учун олдиндан қўйиладиган ҳеч қандай шарти йўқлигини айтди.

Мавзуга оид