Жаҳон | 08:02 / 10.11.2022
9579
3 дақиқада ўқилади

Германия Украинага 30 та Dingo пиёда жанговар машинаси ва IRIS-T учун ракеталар юборди

Германия ҳукумати Украинага янги таъминот жараёни ҳақида хабар берди. Киев Бундесвер захираларидан қурол ва жиҳозлар, шунингдек, Германия корхоналари маҳсулотлари билан таъминланган.

Фото: ukrinform

Германия Украинага ҳарбий техника ва қуролларнинг навбатдаги партиясини юборди. Германия ҳукумати сайтида 9 ноябрь, чоршанба куни эълон қилинган маълумотларга кўра, Киевга 30 та Dingo пиёда жанговар машинаси, IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизими учун ракеталар, 18 та разведкачи дрон, 18 та учувчисиз қурилмалардан ҳимоя ускунаси, бешта М1070 Oshkosh танк ташувчи ва учта юк кўтаргичлар келади. 

Германия Украинани Бундесвер захираларидан қурол-яроғ ҳамда Хорижий шериклар хавфсизлигини таъминлаш учун ёрдам кўрсатиш ташаббуси (Ertüchtigungsinitiative) доирасида молиялаштириладиган корхоналар маҳсулотлари билан таъминлайди. 2022 йилда Берлин ушбу ёрдам фондини 2 миллиард еврога кенгайтирди, пулнинг катта қисми Украинага ҳарбий ёрдамга йўналтирилади.

Ertüchtigungsinitiative - Германия хавфсизлик сиёсатининг қуроли бўлиб, икки федерал вазирлик: мудофаа ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан биргаликда бошқарилади. У можароларнинг олдини олиш ва чеклашда хорижий ҳамкорлар ва ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.

Германия ҳукумати матбуот хизмати мунтазам равишда Украинага етказиб бериладиган қуроллар рўйхатини янгилаб боради. Германия Киевни Gepard ўзиюрар зенит қуроллари, Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар артиллерия қуроллари, MARS II ялпи ўт очиш реактив тизимлари, Stinger портатив зенит-ракета тизимлари ва қўлда тутиладиган танкка қарши гранаталар билан таъминлайди.

Октябрь ойида Германиядаги ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи «Союз-90/Яшиллар» партияси вакиллари Украинага қурол етказиб бериш ҳажмини ошириш тарафдори экани маълум бўлди. 15 октябр куни Боннда бўлиб ўтган партия қурултойида қабул қилинган баёнотда қайд этилишича, Россиянинг босқинчилик уруши «етарли даражада фуқаролик ва ҳарбий мудофаа қобилияти қанчалик ҳаётий муҳим эканлигини» кўрсатмоқда. Партия ҳамраиси Омид Нурипурнинг фикрича, Германия қўлидан келганича ёрдам бериши керак, «чунки бу қуроллар ҳаётни сақлаб қолади». Ноябрь ойида Бундестаг Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумини қурол билан қўллаб-қувватлашга чақирган эди.

Мавзуга оид