Омбудсман: ҳаракатланиши чекланган шахслар томонидан руҳий ва жисмоний босимлар бўйича 100 дан ортиқ шикоят келиб тушди
2022 йилнинг 9 ойида давомида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги масаласида 143 та шикоят келиб тушди. Шикоятлар юзасидан 11 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралари қўлланган ва 1 нафар ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинган. Яна бир нафар ходимга жиноий иш очилган.
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман ахборот хизматининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 9 ойида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 297 та мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, унда 4500 дан ортиқ шахс билан жамоавий ва 2605 нафар шахс билан якка тартибда суҳбат ўтказилган.
Ушбу муддатда Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатларидан 2 476 та мурожаат келиб тушди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг мазкур даврига нисбатан 418 тага ёки 16,8 фоизга ошган.
Мурожаатларнинг 582 тасида суд ҳукмидан ҳамда 443 тасида суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан шикоят қилинган. Мурожаатларнинг 351 тасида тайинланган жазонинг енгиллаштирилиши, муддатидан олдин озод этилиши ва/ёки афв этилиши, 143 тасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги, 124 тасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) билан учрашув, 73 тасида бошқа муассасага ўтказилиши, 64 тасида суд мажлисида Омбудсман масъул ходимининг иштироки, 63 тасида оила аъзоларига кўмак берилиши ва 32 тасида тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда 34 тасида бошқа масалалар баён қилинган.
Шикоятлар юзасидан Омбудсман мурожаатига асосан 4 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 14 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган ва 5 нафар маҳбуснинг эҳтиёт чоралари енгилроғига ўзгартирилган, ҳокимликлар томонидан 11 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига турли хилдаги иқтисодий ва ижтимоий кўмак кўрсатилган. Жазони ижро этиш департаменти томонидан 4 нафар маҳкум Омбудсманнинг мурожаатига асосан яшаш жойига яқин бўлган ҳудудлардаги жазони ижро этиш муассасаларига кўчирилган.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг 9 ойида Омбудсман номига руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги масаласида 143 та шикоят келиб тушган.
«Шикоятларнинг 72 таси (50,4 фоизи) юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ва прокуратура идоралари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра, мурожаатларда кўрсатилган важлар тасдиқланмади. 46 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда», -дейилади Омбудсман баёнотида.
Шунингдек, 14 та шикоят юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарорлар Омбудсманнинг хатига асосан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш белгиланди.
ИИВ ва масъул идоралар томонидан ўтказилган хизмат текширувлари якунларига кўра, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Прокуратура томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра, 1 та шикоят бўйича 1 нафар маҳкумга қўлланган интизомий таъсир чораси ноқонуний деб топилган ва бекор қилинган.
Шунингдек, ушбу шикоятлардан 1 таси юзасидан ички ишлар органларининг 1 нафар ходими Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 230-1-моддаси 1-қисмида (Далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
17:32 / 05.03.2024
Баҳромжон Ҳайдаровнинг ўлим ҳолати Омбудсман томонидан ўрганилди
18:50 / 07.02.2024
“Бу инсон ҳуқуқларига зид” – Омбудсман Навоийдаги “Шарманда доскаси” бўйича муносабат билдирди
23:42 / 29.01.2024