Украина армияси Россия ва Беларус ҳарбийларини таслим бўлишга чақирди
Украина Қуролли кучлари Беларус ва Россия ҳарбийларига шошилинч мурожаат билан чиқди.
11 ноябр куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби ижтимоий тармоқда видеомурожаат қилиб, Беларус аскарларини Украинага ҳужум қилиш буйруғи берилса, таслим бўлишга чақирди.
«Беларус Республикаси ҳарбий хизматчилари! Агар сизни Путин томонидан Украина халқига очилган урушда иштирок этишга мажбурлашса, тўхтанг, моторларни ўчиринг, қуролларни ташлаб, оқ байроқ кўтаринг ва Украина Қуролли кучлари вакилларини кутинг», дейилади мурожаатда.
Украина Қуролли кучлари беларуслик ҳарбий хизматчиларнинг бундай ҳаракатларини дўстона ишора сифатида қабул қилиб, бунинг эвазига уйига қайтишга имкон беришни ваъда қилди.
Агар аскарлар ватанига қайтишдан қўрқса, уларга Украинадаги махсус жиҳозланган ҳарбий лагерда қолиш, тиббий ёрдам бериш, қариндошлари билан мулоқот қилиш учун телефон алоқаси ва интернет билан таъминлаш, қуролларни махсус омборларда сақлаш, ҳарбий техникани автотураргоҳларга қўйиш таклиф этилмоқда.
Худди шундай таклиф Россия ҳарбийларига ҳам берилган.
«Россия Федерацияси ҳарбий хизматчилари! Агар сиз Россия босқинчи армиясининг бир қисми бўлишга қарор қилсангиз, сизда фақат иккита йўл бор: таслим бўлиш ёки ўлим.
Агар таслим бўлсангиз, халқаро конвенцияларда кўрсатилган ҳарбий асирлик ҳуқуқингиз таъминланади, тиббий ёрдам кўрсатилади, қариндошларингиз ва дўстларингизни хабардор қилиш имконияти тақдим этилади. Охир-оқибат можародан кейин ёки асирлар алмаштириш натижасида ватанга қайтиш кафолатланади. Акс ҳолда сизни муқаррар ўлим кутмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Украина Қуролли кучлари Беларус Республикаси Қуролли кучлари ва аҳолисига мурожаат қилиб, мамлакат раҳбариятини уларни урушга жалб қилишга йўл қўймасликка чақирган эди.
Шундан сўнг, Беларус Мудофаа вазирлиги украиналик ҳарбийларга мурожаат қилиб, беларусларни қўрқитмасликка чақирди, акс ҳолда жавоб қайтариш билан таҳдид қилди.
Мавзуга оид
20:52
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
20:34
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:24
Биринчи зарбада Брянсккача: Украина илк марта ATACMS баллистик ракетаси билан Россия ҳудудига зарба йўллади
18:21