“Ҳеч бир онани фарзанди билан синамасин экан” — боласининг дардини ўзига тилаётган оналар ноласи
Ҳеч кимни фарзандига дард бериб синамасин экан. Жони оғриётган боласини кўриб ота-она ундан-да кўпроқ азобланади. Ёрдам беролмасликдан ўртанади. Имконини топса-ю, боласига азоб бераётган оғриқларни, дардни ўзига олса.
“Устачилик билан даволатиб бўлмас экан”
Кумуш тинимсиз шамоллаб қолавергач, шифокорга кўрсатишади. Даволанишлар натижа бермайди. Анализлар қизалоқнинг оққон хасталиги билан оғриганини кўрсатади. Ота-она фарзандини даволатиш учун Бухородан Тошкентга кўчиб келишади.
“Ёмон мазаси қочди. Отаси иккимиз ҳам қўрқиб кетдик. Шу ёшгача оққон болаларда учраши мумкинлигини тасаввуримга ҳам сиғдирмаган эканман. Эшитиб стрессга тушиб қолдим.
Дадаси уста. Устачиликдан даволатиб бўлмас экан. Топган пули ижара, озиқ-овқат, дори-дармонга кетиб қолади. Химия олганда жони оғрийди. Мазаси бўлмай қолади. Мактабга ҳам чиқолмади. Тенгдошлари чопқиллаб юрганини, мактабга боришганини кўриб ўксинади. Улар билан ўйнагиси, мактабга боргиси келади.
Болангизнинг жони оғриганини кўришдан оғирроқ алам бўлмас экан. Кўриб турасиз, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Боламнинг соғлом ҳаётга қайтиши энг катта орзум”, - дейди онаизор ўкинч билан.
Кумуш Абдураззоқовага оид маълумотлар:
Ҳумо: 9860 0301 1281 6282 онаси Гулноза Найимова номида
Манзил: Бухоро вилояти, Бухоро тумани, “Янги турмуш” МФЙ, 20-уй
“Ҳеч бир онани фарзанд билан синамасин экан”
Ўзи кичкина Шерозбек сура айтганида тиллари бийрон бўлиб кетади. Катта бўлганингда ким бўласан, десангиз президент деб жавоб беради. Шифохонада доктор президент деб ёзиб берган “бейжик”ни осиб юради. Беихтиёр Яратгандан шифо тилаганингизни сезмай қоласиз.
“Ҳеч бир онани фарзанд билан синамасин экан. Боламни мазаси бўлавермади. Лимфа тугунлари ишиб кетди. Докторлар кесиб кўришди. Анча вақт даволашди. Лекин натижаси бўлмади. Бу ҳол қайталайвергач лейкозга анализ топширинглар, дейишди.
Шаҳарга олиб бориб текширтирсак тасдиқлаб беришди. Фарғонада йўлга чидамайди, иссиғи бор, Тошкентга тез ёрдам машинасида олиб кетиш керак дейишди. Худога таваккал қилиб уйга олиб келдим. Ўртоқларини чақирдим. Ўзи яхши кўрган жойларга олиб бориб ўйнатдим.
Шифохонада ётавериб қийналиб кетди. Болалар билан ўйнаса, дарди нари кетадигандек, болам тузалиб қоладигандек туйилди. Эртаси куни Тошкентга олиб келдим. Йўлда иссиғи кўтарилди. Етказиб олиб боролмайманми, деб жуда қўрқдим. Терга пишиб кетди.
Худога шукур, даволаниш курсларини олиб аҳволи анча яхшиланди. Энди даволанишни давом эттиришимиз керак. Дадаси кунлик ишларга чиқадилар. Фарғонада ётганимизда ҳам қарз-ҳавола қилгандик. Ўзим ҳамшираман. Болам хасталаниб қолганидан бери ишга чиқолмаяпман”, - дейди Дилноза ўзини йиғидан тўхталолмай.
Шерозбек Ўтанбоевга оид маълумотлар:
Uzcard: 8600 0604 9640 1754 Онаси Дилноза Аминжонова номида
Манзил: Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Ғайрат Эзгулик 117.
“Отасининг сочлари оқариб кетди”
Кўзлари мунчоқдек, ўзи қўғирчоқдек қизалоқни кўриб, ҳавасингиз келади. Худо шундай ширинтойга катта синов — оғир дард берганини эшитиб, ичингиз ачийди. Шаҳзодани биринчи марта “химия”га олиб кириб кетишаётганда докторлар ота-онасидан тилхат ёздириб олишади. Чунки умид жуда кам эди.
“Бошида битта “химия”даноқ боламнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Сочлари тўкилиб кетди. Юролмай қолди. Оғзи қон. Икки ҳафтагача ҳеч нарса еёлмади. Худога шукур, ҳозир яхши. Илик кўчириб ўтказиш керак, дейишяпти. Лекин унга жуда кўп маблағ керак экан.
Бир йил давомида даволаниши учун топганимизни, мол-ҳолларимизни сотдик. Фақатгина қайнона-қайнотам яшайдиган уйимиз қолди. Ҳозир ўзимиз Тошкентда ижарада турамиз. Чунки қизимни тинмай даволатишимиз керак.
Дадаси кунлик ишга чиқади. Эркак кишига жуда қийини экан. Боланг дард чекса-ю, пул топиб беролмасанг, хотининг, болангнинг кўзларига қаролмай қоларкансан. Бир йилга қолмай соч-соқоли оқариб кетди”, - дейди Севара опа кўз ёшларини беркитиб.
Шаҳзода Алижоновага оид маълумотлар:
Uzcard: 8600 0610 2758 6386 онаси Севара Тожибоева номида
Манзил: Наманган вилояти, Чуст тумани, Аҳча кўча маҳалла. 15-уй
“Бу дарддан қутулсак, яна бошқаси кутиб турибди”
Муҳаммад Нилуфарнинг биринчи фарзанди. Ер-у кўкка ишонмай катта қилиб, боғчага бераман деб турган бир вақтида ўғлининг тоби қочди. Дори-дармонлар кор қилмади. Текширув натижаларидан уч яшар болакайнинг оққон билан хасталангани маълум бўлди.
“Ҳозир бу дарддан тузалиб чиқсак яна бир дард кутиб турибди. Шу касаллик натижасида бурнининг ўртасидаги девори чириб кетибди. У ҳам мураккаб операция экан. Жуда кўп мазаси қочиб қоляпти. Яқинда кўзига вирус тушиб қолди. Энди ҳар сафар шамоллаганда бу вирус такрорланиб, авж олаверар экан.
Кечаси билан оёқ-қўллари оғриб, додлаб чиқади. Унинг азобланишини кўришдан ортиқ азоб йўқ. Қанийди, унинг дардини олсам, болам азобланмаса. Аллоҳ шу дардни суйиб берди, суйиб шифосини ҳам берсин”, - дейди Нилуфар кўзи оғриб инжиқланаётган боласини бағрига босганча.
Муҳаммад Назиралиевга оид маълумотлар:
Uzcard: 8600 0610 4293 0940 онаси Нилуфар Мухторова номида
Манзил: Фарғона вилояти, Бағдод тумани, Обод кўчаси 123-уй
Мавзуга оид
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024