Жаҳон | 23:15 / 13.11.2022
23664
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кутилмаганда тезлашиб кетган Tesla икки киши ўлимига сабаб бўлди

Ҳодисага автомобилнинг дастурий таъминотидаги носозлик сабаб бўлгани айтилмоқда. ЙТҲ оқибатида яна уч киши жароҳатланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, электромобилни бошқариб келаётган 55 ёшли ҳайдовчи тўхтамоқчи бўлган. Бироқ кутилмаганда машина бошқарувни йўқотган ва ўзидан ўзи тезлик ола бошлаган.

Life нашр Хитой ОАв маълумотларига таяниб, электромобиль тезлиги 198 км соатгача чиққани ҳақида ёзган. Шу тезликда у икки километр масофани босиб ўтган ҳамда бинога бориб урилган. Машина портлаб кетгани, ҳайдовчи ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Tesla йўлидан чиққан бир нечта одамни уриб юборган. Шундан икки нафари ҳалок бўлгани, уч нафари эса жароҳатлангани айтилмоқда. Жараён кўчадаги кузатув камераларига тушиб қолган. Айни пайтда ушбу видео интернетда яшин тезлигида тарқалмоқда.

Машинанинг кутилмаганда бошқариб бўлмас ҳолат келиши унинг дастурий таъминотидаги носозлик билан изоҳланмоқда. Айни пайтда воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Бу Хитойда Tesla иштирокидаги дастлабки йўл-транспорт ҳодисаси эмас. 2021 йилнинг 11 май куни худди шу маркадаги электромобиль кутилмаганда тезлашиб хизмат вазифасини бажараётган икки нафар полициячини уриб кетганди. 2020 йилда эса ўз-ўзидан тезлашиб, сўнгра портлаб кетган Tesla ичида бўлган ҳайдовчи ҳалок бўлганди. Дастурий таъминотидаги носозлик сабаб 2022 йилнинг ўзида Tesla билан боғлиқ учта ЙТҲ қайд этилган.

Мавзуга оид