8-9 ноябр кунлари Тошкент тиббиёт академияси ва INVIVO клиникасида Cochlear (Кохлер) компанияси билан ҳамкорликда “Кохлеар имплантация ва операциядан кейинги реабилитация” мавзусидаги халқаро илмий ва ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуман қулоғига имплант ўрнатилган ва ҳозирги кунда ижтимоий ҳаётга тўлиқ мослашган болалар иштирокидаги саҳна чиқишлари билан очиб берилди. Унда болалар реабилитация марказида ўрганган маҳорат ва имкониятларини намойиш қилди.
Анжуман давлат бюджетидан тиббиёт муассасаларида 5 ёшгача бўлган кар болалар қулоғига кохлеар имплант ўрнатиш тўғрисидаги низом асосида бажарилган амалиётлар ҳисоботига бағишланди.
“Мазкур анжуман маҳаллий шифокор ва мутахассислар билан тажриба ва билим алмашиш имконини беради. Ўзбекистонга 12 кишидан иборат Cochlear компанияси жамоаси келди, улар дунёнинг турли бурчакларидан: Чехия, Германия, Австрия, Россия, Литва, Украинадан”, – дейди анжуман ташкилотчиси – INVIVO клиникаси раҳбари, жарроҳ Зебо Каримова.

Cochlear делегациясидан, жумладан, қуйидагилар ўрин олган:
- Бахшинян Вигэн Владимирович – тиббиёт фанлари номзоди, Россия ССВ Малака ошириш институти Сурдология кафедраси доценти;
- Георгий Абелович Таварткиладзе – тиббиёт фанлари доктори, профессор; Россия ССВ Малака ошириш институти аудиология кафедраси мудири;
- Гидриус Гилис – тиббиёт фанлари номзоди, Литванинг Каунас клиник шифохонасининг отохирурги;
- Дмитрий Заика – Сосhlear компаниясининг клиник ва техник маслаҳатчиси;
- Жири Скриван – Чехияда жойлашган Мотол клиник шифохонасининг отохирурги;
- Светлана Заика – ўқитувчи-дефектолог, 1-тоифали сурдопедагог.
Зебо Каримованинг сўзларига кўра, маърузаларни эшитиш ва тренингларда қатнашиш учун қўшни мамлакатлардан ҳам шифокорлар, сурдопедагоглар келган. Суҳбатдошимиз анжуманнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
— Ҳозирги кунда карлик муаммоси тиббиётда ва ижтимоий ҳаётда долзарб муаммолигича қоляпти.
ЖСТ статистикаси бўйича ҳар 1000 нафар боладан 1-2 нафари карлик нуқсони билан туғилади. Дунё аҳолисининг 5 фоиздан ортиғи – 360 млн киши (328 млн катталар ва 32 млн болалар) эшитиш қобилиятини йўқотишдан азият чекмоқда. Бутунжаҳон карлар федерацияси маълумотларига кўра, дунёда қарийб 72 млн карлар бор.

















