Жаҳон | 20:17 / 15.11.2022
25150
2 дақиқада ўқилади

G20 саммити куни Россия Украина бўйлаб ракета зарбалари йўллади

Киевда турар жой шикастланган, Харкивда метро фаолияти тўхтаган.

Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

15 ноябр куни тушдан кейин Украина ҳудудларида ҳаво тревогаси янгради. Украина президенти девони маслаҳатчиси Алексей Арестович мамлакат ҳудудига оммавий ракета зарбалари бошланганини айтди ва буни Бали оролида старт олган G20 саммити билан боғлади.

Кривой Рог ракета-артиллерия қўшинлари раҳбари Александр Вилкул сўзларига кўра, Россия Волгоград-Астрахан ҳудудидан Ту-95 бомбардимончи самолётларидан X-101 ракеталарини Украина томон учирмоқда.

Чернигов вилояти раиси Вячеслав Чаус сўзларига кўра, ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишламоқда.

Николаев вилояти раҳбари Виталий Ким Россиянинг Украинага ракета зарбаларининг учинчи тўлқини бошланганини эълон қилди.

Киевда ҳам кетма-кет портлаш овозлари эшитилди. Киев мэри Виталий Кличко сўзларига кўра, шаҳарнинг Печёрск туманида иккита турар-жой биноси вайрон қилинган. Ҳаво мудофааси томонидан бир неча ракета уриб туширилган.

Киев вилояти раҳбари Алексей Кулеба сўзларига кўра, ҳудудда ҳаво мудофааси тизимлари ишламоқда.

«Босқинчилар Харковга ҳужум қилмоқда», деди Харков вилояти маъмурияти раиси Олег Синегубов. Шаҳарда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар бор, метро ҳаракати тўхтаб қолган.

Лвов вилояти раҳбари Максим Козицкий ҳаво мудофааси тизими ишлаётганини маълум қилди. Лвов шаҳрининг бир қисми электрсиз қолди, деди мэр Андрей Садовий.

Шунингдек, ҳаво мудофааси тизими Полтава вилоятидаги Миргород шаҳрида, Винница, Николаев, Суми, Хмелницкий, Черкаси ва Житомир вилоятларида ишламоқда.

Мавзуга оид