Рус ҳарбийлари Херсонни тарк этишдан олдин 400 дан ортиқ маҳкумни озодликка чиқариб юборган
Озод қилинган Херсонда 500 га яқин украиналик полициячи ишламоқда. Бу ҳақда Украина Миллий полицияси раҳбари Игор Клименко умуммиллий телемарафон эфирида хабар берди.
Клименконинг сўзларига кўра, Херсон вилоятининг деоккупация қилинган ҳудуди бўйлаб яна 300 га яқин полициячи ишламоқда ҳамда бир ҳафта ичида миналардан тозалаш ва ишлар устуворлиги аниқлангандан сўнг, контингентнинг умумий сони камида 2000 кишига етказилади.
Игор Клименко ҳозиргача бостириб кирган ҳарбий хизматчилар томонидан содир этилган 414 та ҳарбий жиноят ҳужжатлаштирилганини, айни вақтда ҳужжатлаштириш ишлари давом этаётганини таъкидлади.
Миллий полиция раҳбарининг сўзларига кўра, рус ҳарбийлари Херсонни тарк этишдан олдин шаҳар тергов изоляторидан 400 дан ортиқ маҳкумни озодликка чиқариб юборган.
Айни пайтда 166 кишининг қўлга олингани Миколайив ва Одесса вилоятларидаги тергов ҳибсхоналарига қайтарилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланди.
Бундан олдин Украина ҳукумати бир қатор Ғарб журналистларининг Херсондан тайёрлаган репортажлари учун аккредитациясини бекор қилганди.
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 13 ноябрь куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, аккредитация «Херсон шаҳрида барқарорлаштириш чора-тадбирлари тугалланмай туриб ҳам ахборот фаолиятини олиб борган» айрим оммавий ахборот воситалари вакилларидан олиб қўйилган. Улар Украина ҳарбийлари билан келишувсиз ишлагани айтилади.
Бош штаб бундай ҳаракатларни ҳарбий қўмондонлик буйруқларини қўпол равишда бузиш, деб атади.
Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги қайси журналистларнинг аккредитацияси бекор қилингани, уларнинг пресс-карталари эса ҳақиқий эмас деб топилганига аниқлик киритмади.
Украинанинг «Детектор медиа» нашри хабардор манбаларга таянган ҳолда маълум қилишича, камида олти нафар журналист, жумладан CNN ва Sky News вакиллари, шунингдек, «Громадське» телеканали журналистлари Анастасия Станко ва Микола Пастико ишлаш учун рухсатномаларини йўқотган.
Мавзуга оид
15:49 / 02.11.2024
Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 68 нафар маҳкум тўғри келмоқда
12:30 / 25.10.2024
Хориждаги маҳкумларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартиби такомиллаштириляпти
12:00 / 08.06.2024
Херсон вилояти «ҳокимияти»: Украина зарбасидан 22 киши ҳалок бўлди
22:57 / 29.05.2024