Жаҳон | 08:56
1047
3 дақиқада ўқилади

Херсон губернатори дрон ҳужумида 24 киши ҳалок бўлганини айтди

РФ томонидан тайинланган қўшиб олинган Херсон вилоятининг “раҳбари” Telegram’да янги йил кечасида Украина дронлари кафе ва меҳмонхонага ҳужум қилгани ҳақида ёзди. Киев ҳозирча бу маълумотни изоҳламаган.

Фото: Efrem Lukatsky/AP Photo/dpa/picture alliance

Россия томонидан тайинланган қўшиб олинган Херсон вилояти “губернатори” Владимир Салдо 1 январ, пайшанба куни эрталаб, янги йил кечасида Украина Хорлидаги кафе ва меҳмонхонага ҳужум қилганини маълум қилди. Хорли — вилоятнинг 2022 йилдан буён Россия назоратида бўлган ўнг соҳил қисмида жойлашган қишлоқ.

Унинг айтишича, дронлар ҳужуми оқибатида 24 киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган ва яна 50 киши яраланган. Бу ҳақда Владимир Салдо 1 январ, пайшанба куни ўзининг Telegram-каналида билдирган. Кейинроқ унинг матбуот котиби яраланганлар сони 29 нафар эканини аниқлаштирди.

Губернаторнинг таъкидлашича, тахминан ярим тунда содир бўлган Украина ҳужуми пайтида гўёки ёнувчи аралашма қуйилган дрон ишлатилган — шу ҳам ёнғинга сабаб бўлган ва у фақат эрталабга келиб ўчирилган.

РФ Тергов қўмитаси террорчилик ҳаракати бўйича жиноят ишини қўзғатганини пайшанба куни ТҚнинг расмий вакили Светлана Петренко маълум қилди.

1 январ куни эрталаб Херсонда РФнинг зарбали дронлари ҳужуми оқибатида бир эркак ҳалок бўлган ва 87 ёшли аёл яраланган. Бу ҳақда Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Александр Прокудин хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, бу воқеа шаҳарнинг Марказий ва Днипровский туманларида содир бўлган.

Россия Херсон вилоятининг чап соҳил қисмига мунтазам равишда ўқ узади. Бу ҳудуд Украинанинг 2022 йил кузидаги қарши ҳужуми чоғида деоккупация қилинган эди.

2025 йил 31 декабр куни Россия дрони Нововоронцовка қишлоғига берган зарба оқибатида 47 ёшли эркак ҳалок бўлди. 28 декабр куни Херсоннинг тўққиз нафар аҳолиси РФ ҚКнинг артиллерия зарбаси вақтида яраланган. 25 декабр куни шунга ўхшаш отиш шаҳарнинг марказий қисмидаги бозорга тўғри келган.

Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг 2025 йил июн ойида эълон қилинган ҳисоботига кўра, Россия армияси Херсон вилоятининг чап соҳилида тинч аҳолига қарши дронлардан “мунтазам ва атайлаб” фойдаланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, бундай қасддан қилинган ҳужумлар ўнлаб одамларнинг ҳалок бўлишига ва юзлаб фуқароларнинг яраланишига олиб келган.

2025 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳам шунга ўхшаш баҳони билдириб, Россия дронларини Украинадаги фуқаролар ҳаёти учун асосий таҳдидлардан бири деб атаган. БМТ маълумотларига кўра, кенг кўламли уруш давомида бундай ҳужумларнинг 62 фоизи Херсон вилояти ҳудудига тўғри келган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид