Жамият | 21:51 / 16.11.2022
15253
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек муҳандислари илк марта металлургия ва нано материаллар бўйича халқаро мукофотга лойиқ кўрилди

“Биз яратган қотишма ҳозирги кунда аэрокосмик ва нефт газ соҳаларида кенг фойдаланилаётган дунёга машҳур материаллардан механик хусусиятлари юқорилиги ва иқтисодий тарафдан анча арзонлиги билан халқаро жамият эътиборини тортди”, – дейди янги ихтиро муаллифларидан бири.

Фото: OKMK

Кореяда 15 ноябр куни ўтган 17-Халқаро янги ва нано материаллар симпозиуми доирасида ўзбек олимлари “Аммоний октамолибдати” ва “Никел асосида суперқотишма” ишланмалари билан иштирок этишган.

Кашфиёт Олмалиқ кон-металлургия комбинатида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси натижасида комбинат мутахассислари Абдурашид Ҳасанов, Элёржон Жумаев, Амир Обидов, Улуғбек Рўзиев ва Фарҳод Мақсумов томонидан ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Kun.uz’га кимёгар Элёржон Жумаев маълумот берди. Улар тайёрлаган ишланма Корея кукун металлургия ва материаллар жамияти томонидан “Энг яхши ишланма” мукофотига лойиқ кўрилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон олимлари илк маротаба ушбу мукофотни қўлга киритишди. Шу кунгача ушбу совринни фақатгина Корея ва Европа етакчи илмий жамоалари олиб келишган.

Фото: OKMK

Олимларнинг тушунтиришича, никел асосли супер қотишма, юқори ҳароратда узоқ ишлаши, коррозияга бардошлилиги ва мустаҳкамлигининг стабиллиги билан бошқа нодир металлардан ажралиб туради. Улар ҳозирги кунда долзарб соҳалар ҳисобланган аэрокосмик ва юқори ҳароратли соҳалар, нефт-газ соҳаси ва автомобилсозликда жуда муҳим метал қотишма ҳисобланади.

“Симпозиум давомида ушбу қотишма дунёга машҳур inconel ва hastelloy каби ҳозирги кунда аэрокосмик ва нефт газ соҳаларида кенг фойдаланилаётган материаллардан механик хусусиятлари юқорилиги ва иқтисодий тарафдан анча арзонлиги билан халқаро жамият эътиборини тортди”, – дейди ихтиро муаллифлари.

Маълум бўлишича, аммоний октамолибдат маҳсулоти аҳамияти ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, бу маҳсулот бошқа пластик маҳсулотларга қўшилганда олов сўндирувчи ва тутунни камайтирувчи хусусиятга эга. Бу эса ҳозирги кунда глобал муаммо ҳисобланган ёнғинлар, чиқинди пластик маҳсулотлари ёниб кетиб табиатга зарар етказиши каби муаммоларга яхшигина ечим бўлади. Шу билан бир қаторда, маҳсулот пластикка қўшилувчи бошқа қўшимчаларга қараганда зарарсиз бўлиб, Ўзбекистон нодир металлар саноати учун янги йўналиш очиб бермоқда

Олдинроқ Kun.uz 267 турдаги янги қотишмалар кашф қилиб, 6та кашфиёти учун халқаро патент олган кимёгар олим Элёржон Жумаев билан суҳбат уюштирганди.

Мавзуга оид