Ўзбекистон | 18:26 / 01.02.2024
4871
2 дақиқада ўқилади

Президент металлургия комбинатларини рақамли трансформация қилиш бўйича кўрсатма берди

Бунда «яшил» технологияларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Президент Шавкат Мирзиёев 1 феврал куни металлургия корхоналарини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. 

Қайд қилинишича, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати ҳамда «Навоийуран» давлат корхонаси мамлакатимиз иқтисодиётида катта ўрин тутади. Сўнгги йилларда бу тўртта корхонага 7 миллиард 400 миллион доллар инвестиция киритилди. Бунинг натижасида олтин ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоиз, мис 41 фоиз, кумуш 60 фоизга ошди. Навоий комбинатида янги конлар ўзлаштирилиб, 3 та завод ишга туширилди. «Ўзметкомбинат» ва «Навоийуран»да ҳам ишлаб чиқариш кўпайди. 

6 йилда ушбу корхоналарнинг жами саноатдаги улуши 10 фоиздан 17 фоизга, бюджет тушумларида эса 11 фоиздан 25 фоизга ошган. 

Тақдимотда мутасаддилар ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш ва инвестициялар жалб этиш бўйича режаларини баён қилди. 

Давлат раҳбари хорижий экспертларни жалб этиб, комбинатларни рақамли трансформация қилиш, бунда «яшил» технологияларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Инвестицияларни ўзлаштириш ва янги лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Ишлаб чиқаришда операцион харажатлар ва энергия сарфини мақбуллаштириб, таннархни қисқартириш вазифалари қўйилди. Шунингдек, комбинатларда меҳнат унумдорлигини ошириш, раҳбар ва мутахассислар фаолиятига самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид