Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бу этник тозалаш эди». Россиядан озод қилинган Херсон аҳолиси шаҳардаги оккупация даври ҳақида гапириб берди
The New York Times ва The Times нашри журналистлари рус қўшинлари кетганидан сўнг Херсонга ташриф буюрди ва маҳаллий аҳолидан рус ҳарбийларининг ўзбошимчалиги ва шафқатсизлигига оид далиллар тўплади. Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат расмийлари Херсон областида россиялик ҳарбий хизматчиларнинг 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятларини ҳужжатлаштиргани, ҳуқуқ-тартибот идоралари озод қилинган ҳудудларда ҳам тинч аҳоли, ҳам аскарларнинг жасадларини топаётганини айтди.
Журналистлар билан суҳбатлашган Херсон аҳолиси орасида болалар боғчаси тарбиячиси Елена ҳам бор эди. Унинг сўзларига кўра, рус ҳарбийлари Tik-Tok ’да Украинани қўлловчи стрим қилгани учун унинг бошига сумка кийгизиб, ертўлага олиб борган. Еленанинг айтишича, рус аскарлари маҳбуслар ертўлага тушаётган ва чиқаётган пайтда оёқости қилиши учун полга АҚШ ва Буюк Британия байроқларини тўшаб қўйган.
Еленанинг тасдиқлашича, унга наркотик қабул қилдиришган ва 11 кун ҳибсда ушлаб туришган. Кейин эса уни экстремизм ва Киев ҳукуматини қўллаб-қувватлаганликда айблашган. Еленани камера қаршисида ўз қарашларидан воз кечишга рози бўлгандан кейингина қўйиб юборишади.
Ғарб нашрларининг яна бир херсонлик суҳбатдоши, Херсон шаҳридаги кафелардан бирининг эгасининг айтишича, маст россиялик аскарлар агар тадбиркор нархларни гривнадан (Украина пул бирлиги) рублга ўтказмаса, унинг кафесига граната ташлаш билан таҳдид қилган.
«Улар ташқарида туриб, йўлдан ўтиб кетаётган аёлларни ушлаб олди», – дейди кафе эгаси.
The Times газетаси Херсондаги рус истилоси давридаги муҳитни Сталин террори билан тенглаштирди.
«Мен ким биландир гаплашишдан олдин сўзларимни етти ўлчаб, бир кесардим. Чунки сиз Украинани қўлловчи гапингиз учун ким сизни сотиши мумкинлигини ҳеч қачон билмайсиз», – деган маҳаллий тадбиркор Олександр Савельев The Times нашрига.
Қурувчи Сергей Блошконинг айтишича, у тўққиз ой давомида дўстлари билан яшириниб юришга мажбур бўлган. У март ойида Россия қўшинлари Херсонга кирганидан кўп ўтмай юз берган босқинчиларга қарши митингларда қатнашгани учун ҳибсга олинишидан хавфсираган.
Блошконинг сўзларига кўра, унинг баъзи дўстлари ҳибсга олингандан кейин йўқолиб қолган. Россиялик ҳарбийлар Сергейни топиш учун унинг уйига келади. Уни топа олишмагач, музлатгич ва телевизорни олиб кетишади.
«Улар Украинани қўлловчи аҳолига босим уюштирди. Бу ерда содир бўлган нарсалар этник тозалаш эди», – дейди Блошко The New York Times газетасига.
Нафақахўр Ирина Родаванова журналистларга россиялик ҳарбийлар эрини йўл ҳаракати қоидаларини бузганликда айблаб, йўл ёқасида калтаклаганини айтди. Унинг таъкидлашича, рус ҳарбийларининг маҳаллий аҳолига нисбатан шафқатсиз муносабати херсонликларнинг норозилигига олиб келган ва шаҳарни «руслаштириш» сиёсатининг барбод бўлишига асосий сабаб бўлган.
Херсон рус армияси Украинага бостириб киргандан сўнг эгаллашга муваффақ бўлган ягона област пойтахти бўлган шаҳар эди. Сентябр ойи охирида Кремль Украинанинг Запорижжя ва Херсон областларининг босиб олинган қисмлари, шунингдек, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луҳанск халқ республикаларини расман аннексия қилди.
Херсон босиб олингач, Россия ҳукумати ва маҳаллий россияпараст амалдорлар шаҳарни «руслар шаҳри» деб атади ва «Россия бу ерда абадий» деган залворли шиорлар тўқиди. Шаҳарда ҳисоб-китоблар рублга ўтказилди, мактабларда рус ўқув дастурлари жорий қилинди ва ўқитувчилар рус тилида дарс бера бошлади.
Херсонда рус пропаганда телекўрсатувлари эфирга узатила бошланди, кўчаларга россияпараст шиорлар ёзилган баннерлар осиб қўйилди (рус қўшинлари шаҳардан чиқиб кетгандан кейин маҳаллий аҳоли уларни йиртиб ташлади).
Журналистлар томонидан тўпланган маълумотларга кўра, шаҳар аҳолисининг бир қисми босқинчи ҳокимият талабларига бўйсунишдан бош тортган. Масалан, Россия Федерацияси томонидан тайинланган мансабдор шахслар Херсондаги таксопарк ходими Ольга Макарчук тўловларини рублда тўлашни талаб қилади, аммо Макарчук ҳисобни гривнада тўлашда давом этади.
Яна бир маҳаллий аҳоли вакили Ирина Дягилеванинг айтишича, у қизини ўқитувчилар яширинча Украина дастурлари асосида дарс берувчи ва Россия мадҳияси ўрнига «Слава Украине!» дея ўқувчиларни кутиб олувчи мактабга юборган.
Россия қўмондонлиги 9 ноябр куни Херсон шаҳри жойлашган Днепрнинг ўнг қирғоғидаги бўлинмалари таъминоти билан боғлиқ муаммолар туфайли Херсондан чекиниши ҳақида эълон қилди. Россия Федерацияси мудофаа вазирлиги қўшинларни дарёнинг чап соҳилига олиб ўтишга қарор қилди. Орадан икки кун ўтиб украиналик ҳарбийларнинг биринчи гуруҳлари шаҳарга кириб келди.
Украина ҳукумати Херсонда бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган «барқарорлаштириш» тадбирларини ўтказмоқда. 14 ноябр куни Украина президенти Володимир Зеленский Херсонга келди.
Бу пайтда Кремль Херсонни «Россия Федерацияси ҳудуди» дея таъкидлашда давом этмоқда.