Спорт | 20:15 / 18.11.2022
15273
16 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 таништируви: қўрқув нималигини билмайдиган, совуққон «немис машинаси»

Мундиаллардаги чемпионликлар сони бўйича фақат Бразилиядан (5) ортда қолаётган Германия Қатарда ҳам фаворитми? Россияда ўтган 2018 йилги мусобақада бузилиб қолган (гуруҳда қолиб кетган) «немис машинаси» яна катта саҳнага қайтадими?

Фото: Getty Images

ФИФА рейтингидаги ўрни — 11

ЖЧ-2022 сари йўл — 9 ғалаба, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 36:4.

Саралашдаги энг яхши тўпурар — Серж Гнабри (5), Илкай Гундўған (5), Тимо Вернер (5).

Мундиаллардаги энг яхши натижаси — чемпионлик (1954, 1974, 1990, 2014).

Гуруҳ босқичидаги ўйинлари

23 ноябр, 18:00. Германия — Япония

27 ноябр, 23:59. Испания — Германия

1 декабр, 23:59. Коста-Рика — Германия

ТАРКИБ

Ҳанс-Дитер Флик таркибга 26 футболчини киритди.

Дарвозабонлар: Мануэль Нойер («Бавария»), Марк-Андре тер Стеген («Барселона»), Кевин Трапп («Айнтрахт»);

Ҳимоячилар: Армель Белла-Кочап («Саутҳемптон»), Маттиас Гинтер, Кристиан Гюнтер (иккиси ҳам – «Фрайбург»), Тило Керер («Вест Ҳэм»), Лукас Клостерманн, Давид Раум (иккиси ҳам – «РБ Лейпциг»), Антонио Рюдигер («Реал»), Нико Шлоттербек, Никлас Зюле (иккиси ҳам – «Боруссия» Дортмунд);

Яримҳимоячилар: Юлиан Брандт («Боруссия» Дортмунд), Леон Горетцка, Йозуа Киммиҳ, Томас Мюллер, Жамал Мусиала, Лерой Сане (барчаси – «Бавария»), Марио Гётце («Айнтрахт»), Илкай Гундўған («Манчестер Сити»), Кай Ҳавертц («Челси»), Йонас Ҳофманн («Боруссия» Менхенгладбаҳ);

Ҳужумчилар: Никлас Фюллькруг («Вердер»), Серж Гнабри («Бавария»), Карим Адейеми, Юссуфа Мукоко (иккиси ҳам – «Боруссия» Дортмунд)

Жароҳати боис Марко Ройс («Боруссия» Д) ва Тимо Вернер («Лейпциг») мусобақани ўтказиб юборади.  Матс Ҳуммелс («Боруссия» Д), Эмре Жан («Боруссия» Д), Роберт Госенс («Аталанта») каби футболчилар таркибдан тушиб қолди.

Тахминий бошланғич таркиб: Нойер – Ҳофманн, Зюле, Рюдигер, Раум – Киммиҳ, Гундўған – Гнабри, Мюллер, Сане – Ҳавертц.

МУРАББИЙ ВА ЎЙИН УСЛУБИ

Ҳанс-Дитер Флик Германия миллий жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Фликнинг фаолияти 1996 йили «Виктория Бамментал»да ўйновчи мураббий сифатида бошланган. 2000 йилда Ҳанси Ҳоффенҳаймга жўнаб кетди. У ўзининг дебют мавсумидаёқ клубни 3-дивизионга олиб чиқди, аммо кейинги тўрт мавсумда иккинчи Бундеслигага ўтиш вазифаси бажарилмади, шунинг учун 2005 йилда клубни тарк этди.

Кейин Флик дунёнинг энг машҳур мураббийларидан бири бўлган Жованни Трапаттони қўл остида кўп нарсаларни ўрганди, айниқса, тактика ва футболчилар билан муносабатларни ривожлантиришни. Лекин у Трапаттонининг ҳимояга қаратилган ёндашувига қўшилмаслигини ҳам айтган.

2006 йил 23 августда Флик Германия миллий жамоасининг ёрдамчи мураббийи этиб тайинланди ва у ерда 8 йилни ўтказди. 2017 йил 16 январида Германия футбол ассоциациясининг спорт директори лавозимини эгаллади.

2019 йил 1 июлда у Нико Ковач бошқарувидаги «Бавария»га ёрдамчи мураббий сифатида қўшилди. 2019 йил 3 ноябрда хорватиялик мутахассис Мюнхен клубини тарк этганида, Флик вақтинчалик мураббийга айланди. Қониқарли иши натижасида 2019 йил 22 декабрда Ҳанси мавсум охиригача мураббий сифатида қолиши эълон қилинди. 2020 йил апрел ойида «Бавария» Флик билан 2023 йилгача янги шартнома имзолади. 2021 йил 17 апрелда мураббий клубга мавсум охирида кетишни хоҳлаётганини, миллий жамоага устозлик қилиш истагини билдирди.

Флик «Бавария»ни замонавий футбол тарихидаги энг катта ғалабали рекордлардан бири билан тарк этди. Унинг даврида «Бавария» бор-йўғи 7 та ўйинда мағлуб бўлди ва 7 та совринни қўлга киритди — икки марта Бундеслига, Германия Кубоги, Чемпионлар Лигаси, Германия Суперкубоги, УЕФА Суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати.

Флик футбол тарихидаги энг юқори ғалаба қозониш кўрсаткичларидан бирига эга бўлиб, ўйинларнинг 83 фоизида ғалаба қозонган ва унинг «Бавария»си барча мусобақаларда ҳар бир ўйинда ўртача 3 та гол урган. 2020 йил октябр ойида у Европанинг энг яхши мураббийи деб топилган.

2021 йилнинг 25 май куни Германия футбол ассоциацияси Фликни бош мураббий сифатида таништирди. 3 йиллик шартнома 2021 йил 1 августдан кучга кирди.

Германия миллий жамоаси ўйин схемаси: 4-2-3-1.

Ўйин услуби: доминант футбол, ​​минимал йўқотишлар, таянч зонасини назорат қилиш.

Германия миллий жамоаси услубининг ўзига хос хусусияти тўпга эгалик қилиш ҳудудларида ўйинчиларнинг зич жойлашишидир. Бу нафақат ҳужум вариантларини оширишда, балки қарши прессинг сифатида ҳам самарали. Бу услуб ўйинчиларда хатолар сони камайишига ва уларнинг тўғри позиция танлашларига олиб келади.

Немислар марказни назорат қилишда сезгир, бу уларга қарши ҳужумга тушиш хавфини камайтиришга ва ҳужумни иккинчи темпда давом эттиришга имкон беради. Таъкидлаш керак бўлган асосий нарса — Германия ўйнайдиган позицион ҳужумлар вақтида ҳимоя чизиғи таянч ҳудудига ўтиб, майдон марказини эгаллайди.

Ҳужум гуруҳи чалғитувчи маневрлар билан шуғулланади, рақиб ҳимояси эътиборини ўзига қаратади ва бўш ҳудудларга югуради.

ЕТАКЧИЛАР

Йозуа Киммиҳ — яширин етакчи.

Лам, Гомес ва Кроос миллий жамоани тарк этар экан, доим жароҳат оладиган Ройс ўрнига Германияга янги қаҳрамон керак эди. Ва у Йозуа Киммиҳ бўлди.

Уни тизимнинг барча асосий мезонларига жавоб берадиган 100 фоиз немис футбол мактаби маҳсулоти дейиш мумкин.

Киммиҳнинг асосий хусусиятлари — самарадорлик ва майдонни кўриш. У жуда кўп қиррали ва ҳимоядан тортиб то ҳужумга қадар исталган жойда ўйнай олади, лекин Киммиҳ кўпинча таянч зонасида ҳаракат қилади. Агар Германия миллий жамоасида алмаштириб бўлмас футболчи бўлса, у албатта Йозуадир.

Антонио Рюдигер — мудофаа қўрғони.

Рюдигер бир неча йил ичида яхши ҳимоячидан юқори даражали футболчига айланди. Ҳимоявий сифатлардан ташқари Антониода ҳужумкорлик маҳорати ҳам бор – узатма, бош билан голлар, кучли зарбалар.

Рюдигер марказий ҳимоячи учун ақл бовар қилмайдиган тезликка эга — бир йил олдин у 36,7 км/соат тезлик қайд этиб, Премьер-лиганинг энг тезкор футболчиси сифатида тан олинганди. Ҳимояда барқарорлик етишмаётган Германия учун Антонио ниҳоятда муҳим.

Лерой Сане — энг хавфли футболчи.

Сане кўп танқидга учрайди, баъзида ҳақли, баъзида эса йўқ.

Лекин у қойилмақом дриблинги орқали чап қанотда кескинлик ҳосил қилади. У кўп голлар уриши шарт эмас, Лерой бир неча рақибни кетма-кет алдаб ўта олади, Арьен Роббендагидек техникаси бор. Шунингдек, Сане — ажойиб плеймейкер.

КУЧЛИ ВА КУЧСИЗ ТОМОНЛАРИ

Кучли томонлари: тизим, база, ғолиблик менталитети.

Кучсиз томонлари: ҳужумчи амплуаси, авлодлар инқирози, дўстона муҳит йўқлиги.

Германия футбол тизими — бу катта плюс. Германия 2006 йилги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизликдан сўнг футбол инқилобини амалга оширди.  Миллий жамоада ким мураббий бўлишидан қатъи назар, ҳар доим шундай ўйнайди. Германия футбол иттифоқида мураббий тушиши керак бўлган ўзига хос дастур ва шартлар мавжуд. Футболга қарашлар ўхшаш бўлиши керак. Ўйинчилар ўсмирлар ва ёшлар жамоалари орқали асосий жамоага чиройли тарзда олиб келинади, уларнинг барчаси бир хил дастур бўйича ишлайди.

Қолаверса, «Бавария»дек таянч клуб ҳам худди шу тизим бўйича ўйнайди, бу эса футболчиларнинг мослашувини осонлаштиради.  Футболчилар маҳоратли. Немис ўйинчисини тўп билан муомалада ёки узатмаларда хато қилишини камдан кам кўрасиз. Германияда миллий жамоанинг ўйин услубига мослашишда муаммо йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки юқорида айтилганидек, тизим барча футболчиларга таниш.

Немислардан тортиб олиб бўлмайдиган нарса бу ғолиблик менталитетидир. Майдонга тушгач, фақат битта мақсад – ғалаба борлигини билишади. Жамоанинг ўтмишдаги муваффақиятлари ва ёшларга тарбия немис тизими ҳукмронлигига ишонч уйғотади. Германия ҳар доим ишончли ўйнайди. Кўзда қўрқув ва оёқларда қалтираш йўқ.

Немис футболининг сўнгги йиллардаги асосий муаммоси — топ-ҳужумчи йўқлиги. Яхши ҳужумчилар бўлган ва бор — ҳозир эса Тимо Вернер, лекин уни юлдуз дейиш қийин, айниқса, индивидуал маҳорат борасида. Эҳтимол, бу немис тизимига боғлиқ, унда ҳужумчилик ноаниқ тушунчадир. Вернер — бунинг энг яхши исботи. У механизмнинг бир қисми сифатида яхши, лекин индивидуал равишда унчалик ёрқин эмас, шериклар ёрдамисиз йўқолади.

Германияда авлодлар алмашинувида инқироз кузатиляпти. Бундай ҳолат катта жамоаларда тез-тез содир бўлмайди. Ўйлаб кўринг: 26 ёшгача бўлган қанча кучли немис футболчиларини биласиз? Мусиала 19 ёшда, келажаги қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Ёдга фақат Ҳавертц келади, у яхши, лекин Ройс ёки Ўзил даражасида эмас. Киммиҳ ва Сане каби кучли футболчилар бор, аммо жуда кам.

Муҳит. Германия миллий жамоасига жаҳон чемпионати арафасида ўз атрофида яратаётган муҳит халал бериши мумкин. Улар футболдан кўра инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида кўп гапиришмоқда. Катта турнир олдидан шов-шувлар ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Ҳар доим максимал натижага интиладиган жамоа футболчиларининг бундай мавзуларга чалғиши ғалати.

ОМАДСИЗ РОЙС, ГЁТЦЕДАН ҚАЙТИШ

Марко Ройс Қатардаги жаҳон чемпионатида Германияга ёрдам бера олмайди. «Боруссия» Дортмунд сардори сентябр ойида тўпиғидан жароҳат олганди ва тикланишга улгурмади.

Бу — ҳужумчи соғлиги сабабли ўтказиб юборадиган бешинчи йирик турнир.

Ҳанси Флик охиригача Марко тузалиб, жароҳат олган Тимо Вернернинг ўрнини босишига умид қилганди. Ҳатто футболчи ва Флик ўртасида оғзаки келишув бўлган — Марко турниргача камида битта тўлиқ ўйин ўтказса ҳам Қатарга борарди.

Бу — Марко учун навбатдаги шахсий фожиа. У ЖЧ-2014да — Бразилияга кетишдан бир кун олдин жароҳат олганди. Ўша мавсум Ройс учун муваффақиятли бўлган — немис барча турнирларда гол+пас тизимида 43 очко тўплаган ва турнир олдидан миллий жамоанинг асосий етакчиларидан бири сифатида эътироф этилганди. Бразилияга жўнаб кетишдан бир кун аввал немислар Арманистон ўртоқлик баҳсини ўтказишган ва ҳужумчи сафдан чиққан. Бразилияда немислар ҳаммани мағлуб этишди, финалда Аргентина (1:0) устидан қозонилган ғалабадан сўнг Марио Гётце Марконинг либосини ҳам олиб чиқди, бироқ Ройс маросимни кўрмади – у финал ҳуштаги чалинганидан сўнг телевизорни ўчириб, дарҳол ухлашга ётди. 

Ройс Евро-2016дан олдин Германия Кубоги финалида яна жароҳат олди  ва навбатдаги йирик турнирни ўтказиб юборди. Марко 6 ой майдонга тушмади, қайтганидан кейин ҳам доимий жароҳатлардан азият чекди.

Футболчи Конфедерациялар Кубоги-2017 олдидан ҳам сафдан чиқди. Ўнг тиззасидаги хочсимон пайлари йиртилиб кетгани сабабли операция қилинди. «Энг ёмони шундаки, сиз доимо ёлғиз қоласиз. Жароҳатдан тикланиш — энг қийини. Биз топ ўйинчилар сифатида кўп пул оламиз, лекин баъзида соғлиғимизни қурбон қилиб, катта товон тўлаймиз. Мен яна соғ бўлиш учун барча пулимни берган бўлардим. Ёқтирган ишим — футбол ўйнаш», — деди кейинроқ Ройс.

ЖЧ-2018 — Ройс борган илк турнир. Мураббий Йоахим Лёв сўзида турди, Марко турнир олдидан мавсумни деярли бутунлай ўтказиб юборганига қарамай таркибга жалб этилди. У Германия гуруҳ босқичининг 1-турида Мексикага ютқазаётганда, майдонга тушди. Бу Марко учун муҳим эди. У орзусига етди, аммо немислар муваффақиятсизликка учради — жамоа ҳатто плей-оффга ҳам чиқа олмади. Лёв турнирдан сўнг Ройс оғриқлар билан ўйнаганини айтди.

Футболчи Евро-2020га шахсий сабабларга кўра бормади. У ковиддан кейинги машаққатли мавсумдан кейин танаси стрессга бардош бера олмаслигини маълум қилди.

Марио Гётцедан қайтиш.

Ҳа, Германияга сўнгги чемпионликни (ЖЧ-2014 финалида ягона голни урган) келтирган ҳужумкор яримҳимоячи 2022 йилги жаҳон чемпионатига боради. 10 йил олдин Франц Беккенбауэр уни Германиянинг энг яхши ҳужумкор ўйинчиси деб атаган, Феликс Магат эса асрда бир марта туғиладиган иқтидорни кўрганини айтган. Ўшанда 2022 йилда 30 ёшли Гётце мундиалга боришидан ажабланишмасди. Аммо ҳозир Гётценинг қайдномада бўлиши Ҳанси Фликнинг энг кутилмаган қарорларидан бири сифатида кутиб олинди.

Сабаблар бор. 2016 йилда «Бавария»дан «Боруссия»га қайтгач, Марионинг фаолиятида пасайиш бошлади. Йилдан йилга ўйинлар, гол ва ассистлар сони камайиб борди. 2020 йил Дортмунд клуби Гётце билар хайрлашди, ҳужумчи ПСВдан қўним топди ва Рожер Шмидт қўл остида формасини тиклаб олди. Ўтган ёзда эса Бундеслигага — «Айнтрахт»га қайтди.

Германияда агар Гётце жаҳон чемпионатига бормаганида ҳам, ҳеч ким Фликни танқид қилмаган бўларди. У 2017 йилдан бери миллий жамоада ўйнамайди, унинг марказий ҳужумкор яримҳимоячи сифатида ўрнида Томас Мюллер ва Жамол Мусиала бор.

«Биз Марионинг олмос эканлигига аминмиз, у порлашга қодир. Ҳозир у жисмоний жиҳатдан яхши, ҳафтасига 3 марта 90 дақиқа ўйнашга тайёр. Гётце боғламларда фойдали, жамоа ҳаракатини ажойиб ҳис қилади», — деди Фликнинг ўзи танловини изоҳлаб.

Марио яна қандай хусусиятлари учун жалб қилинди? Булар — жамоавийлиги, яримҳимоя ва ҳужумни боғлай олиши, прессингда фойдали.

Шунингдек, Фликнинг шахсий симпатияси ҳам муҳим аҳамият касб этган. Sport Bild хабарига кўра, Ҳанси 2020 йилда Гётце билан унинг «Бавария»га қайтиши ҳақида гаплашган. Мураббийнинг фикрича, коронавирус пандемияси туфайли иқтисодиётда бундай эркин агентлар фойдали бўларди. Аммо клуб раҳбарияти бунга қарши бўлган.

Гётце схемага мос келади — ҳам классик 4-2-3-1, ҳам Флик синаб кўраётган 3-4-2-1да ўйнай олади. «Айнтрахт»да ҳозир иккинчи схемада ўйнаяпти. Аммо Франкфурт клуби қарши ҳужумда ҳаракат қиладиган жамоа, Флик бошчилигидаги Германия эса доминант футбол ўйнайди. Мураббий қўл остида 15 ўйинда фақат бир бор тўпга эгалик қилиш 60 фоиздан пастга тушган (Нидерландия билан баҳсда).

Германия ҳудудий доминатор, лекин гуруҳ босқичида Испания бор, улар ҳам тўпни аниқ бериб қўймайди. Ҳа, Гётце энди аввалгидек эмас, лекин унинг кесувчи узатмалари ҳимоя чизиғи юқори кўтарилиб ўйнайдиган жамоаларга қарши фойдали бўлади.

Хулоса қилганда, Марионинг чақирилиши мантиқий экан.

Мариодан фойдаланишнинг икки варианти бор: 4-2-3-1да «ўнлик» ва 3-4-2-1да ҳужумчи ортидаги позиция. Шунингдек, у вазиятга қараб чап қанот яримҳимоячиси сифатида ҳам ўйнаши мумкин.

ПРОГНОЗ

Германиянинг гуруҳдан чиқишига шубҳа йўқ. Улар Япониядан ҳам, Коста-Рикадан ҳам анча кучли, аммо Испанияни енгиш қийин. Немислар катта эҳтимол 2-ўрин билан плей-оффга йўлланма олади.

Бу ҳолда улар 1/8 финалда Бельгия билан тўқнаш келиши эҳтимоли юқори, Бундестимга осон бўлмайди. Агар жамоа Бельгия тўсиғидан ўта олса, яримфиналгача бориш имконияти бўлади. Чунки чоракфиналда немисларга одатда қулай рақиб бўлиб келган Португалия ёки Уругвай дуч келиши мумкин. Яримфиналда Франция ёки Англия тўғри келиши эҳтимоли бор. Гуруҳ ва плей-офф йўлидан келиб чиқсак, Флик шогирдларининг яримфиналга етиб боришини ҳам яхши натижа сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо нимчоракфиналдаёқ мусобақани тарк этиш хавфи ҳам бор.

Мавзуга оид