Путин 21 февралдан бери биринчи марта Хавфсизлик Кенгаши билан юзма-юз йиғилиш ўтказди
Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан олдинги юзма-юз йиғилишдан сўнг, у ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олган ва уч кундан кейин Украинага қарши уруш бошлаган эди.
Россия президенти Владимир Путин 21 февралдан бери Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари билан биринчи юзма-юз оператив учрашув ўтказди.
«Бугун бизда режадаги масала бор: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаро муҳофазасини такомиллаштириш масаласини муҳокама қилишни таклиф этмоқда. Келинг, ишни бошлайлик», — деди Путин йиғилишни очиб берар экан. Шундан сўнг, йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида давом этди.
Йиғилишда Хавфсизлик Кенгашининг деярли барча доимий аъзолари, шу жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков ҳам иштирок этган. Фақат Озарбойжон сафарида бўлган бош вазир Михаил Мишустин ва президент маъмурияти раҳбари Антон Вайно қатнашмаган.
Охирги марта Хавфсизлик Кенгашининг юзма-юз йиғилиши 21 феврал куни Кремлда бўлиб ўтган эди. Унда Донецк ва Луҳанск халқ республикаларини тан олиш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишдан сўнг, Путин ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди. Уч кундан кейин, 24 феврал куни Украинага қарши уруш бошланганини эълон қилган эди.
21 февралдан сўнг Путин Хавфсизлик кенгаши билан фақат видеоалоқа орқали йиғилишлар ўтказди.