ОАВ: Россия урушдан олдин юқори аниқликдаги ракеталар учун бутловчи қисмларни тўплаб олган
Украинага ҳужумдан олдинги йилларда Россия аниқ бошқариладиган ракеталарни яратиш учун зарур бўлган электроника захирасини тўплай бошлаган. Бу Украинанинг давом этаётган оммавий ўққа тутилишини тушунтириши мумкин.
Украинага бостириб киришдан анча олдин Россия аниқ бошқариладиган ракеталарни яратиш учун зарур бўлган микрочиплар ва бошқа технологияларни захиралаб қўйган, деб ёзади The New York Times 18 ноябрь, жума куни Janes ҳарбий разведка компанияси ҳисоботига таяниб.
Janes маълумотларига кўра, Россия технологияни бир неча йил олдин захиралашни бошлаган. Ҳисоботда таъкидланишича, кўплаб компонентлар фуқаролик мақсадларида ҳам қўлланилади, шунинг учун Россия унга қарши киритилган санкцияларга қарамай, уларни учинчи давлатлар орқали ёки хусусий шахслардан олишга муваффақ бўлган.
Россия ҳужумдан олдин ҳам «Искандер», «Калибр» ва қанотли ракеталарни ишлаб чиқаришни кучайтирган, захиралар эса уларнинг камайиб бораётган арсеналини тўлдириш учун зарур, деб ёзади Janes. «Эҳтимол, улар ишлаб чиқарилмоқда, чунки иқтисодиёт ҳарбий ҳолат ёқасида ва Россия ҳарбий-саноат комплексига алоқадор кўплаб заводлар уч сменада ва ҳатто дам олиш кунларида ишлаяпти», деди компания таҳлилчиси.
Баҳордан бери АҚШ Мудофаа вазирлиги Кремлда аниқ бошқариладиган ракеталар йўқлигини тахмин қилмоқда, чунки Россия ўз захираларини тезда тугатяпти, деб эслатган NYT. Бу Британия разведкасининг кузда эълон қилинган ҳисоботида ҳам қайд этилган. Украина мудофаа вазири Олексий Резников октябр ойида Россия урушдан олдинги ракета захираларининг деярли 70 фоизини ишлатиб бўлганини айтди. Унга кўра, Россияда атиги 609 та шундай ракета қолган. Шу билан бирга, бу тахминларнинг ҳеч бирини мустақил равишда тасдиқлаш мумкин эмас, дея огоҳлантиради NYT.
Нашр Россияга Украинага кенг кўламли ракета зарбаларини беришда давом этишига имкон берувчи тўртта эҳтимолий сабабга ишора қилади. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, урушдан олдин захираларни тўплаб олишдан ташқари, Москва қурол-яроғ учун Эрон ва Шимолий Кореяга мурожаат қилган. «Ўйлайманки, бу давлатлар уларга қандайдир имкониятлар беради», деди у. Ҳар икки давлат Москвага қурол етказиб бераётганини рад этяпти.
Учинчи изоҳ шундаки, Россия ҳужумлар учун ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталаридан фойдаланишни кўпайтирган. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, 17 ноябрь куни Россия фронт чизиғига яқин бўлган шаҳарларга камида ўнта С-300 зенит ракеталарини учирди. Уларнинг қуруқликдаги нишонларга зарба бериш қуроли сифатида ишлатилиши Ғарб ҳарбий амалдорлари ва экспертларига Россияда қанотли ракеталар ёки бошқа оддий ҳужум қуроллари тугаб бораётганидан далолат берувчи сигналлардан бири бўлди.
Бундан ташқари, NYT билан суҳбатлашган таҳлилчилар, агар НАТО билан уруш бошланса, Россия ракета ва бошқа қуроллар захирасини сақлаб қолишини истисно этмаяпти.
Мавзуга оид
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:48 / 19.11.2024
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
13:31 / 19.11.2024