Украиналикларга энергияни тежаш учун қишда мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлаш таклиф этилди
Россиянинг ракета зарбалари оқибатида Украина энергетика тизимининг деярли ярми ишдан чиққан.
Украинанинг ДТЭК энергетика компанияси бош директори Максим Тимченко ватандошларига энергияни тежаш учун қишда мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилди. Бу Россиянинг йирик ракета зарбалари оқибатида Украина энергетика тизимининг деярли ярмига зарар етказилганидан кейин электр энергиясини тежашга ёрдам беради.
«Бу зудлик билан эвакуацияни талаб қиладиган фавқулодда ҳолат эмас. Аммо биз истеъмолни имкон қадар самарали ташкил қилишимиз керак», деди у.
Тимченко сўзларига кўра, Россиянинг ҳар бир янги зарбаси оқибатида Украина энергетика тизими заифлашмоқда. Шу билан бирга, истеъмолни камайтириш уни сақлашнинг калитидир. Унинг таъкидлашича, украиналиклар ватанни тарк этишни Россияга қарши урушда ғалаба қозонишга ёрдам бериш усули сифатида кўриб чиқишлари керак.
«Агар украиналиклар яна уч-тўрт ой яшаш учун муқобил жой топа олсалар, бу тизим учун жуда фойдали бўлади», — деди Тимченко.
ДТЭК бош директори Украина энергетика тизимига ёрдам бериш ҳам ғалабага ҳисса эканини тушунтирди. Электр истеъмолини камайтириш ярадор аскарлар даволанаётган шифохоналарда ёруғлик бўлишини таъминлайди.
«Агар сиз камроқ истеъмол қилсангиз, ярадор аскарлар жойлашган шифохоналар кафолатланган электр таъминотига эга бўлади. Камроқ истеъмол қилиш ёки бошқа жойга кўчиб кетиш орқали ҳам ғалабага ҳисса қўшиш мумкин», деб қўшимча қилди Тимченко.
Аввалроқ, Россия Қуролли кучлари 10-11 октябр, 17 октябр, 31 октябр, 11 ноябр ва 15 ноябр кунлари Украина ҳудуди бўйлаб йирик ракета зарбаларини берган эди. Оқибатда, 15 га яқин энергетика объектларига зарар етказилди. Шундан сўнг, энергетиклар деярли бутун Украина бўйлаб электр таъминотини фавқулодда ўчиришни бошладилар.