Жаҳон | 18:50 / 23.11.2022
9173
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда чегара ҳудудлари аҳолисига қуролланишга рухсат берилди

Қирғизистонда чегарадош ҳудудлардаги тинч аҳоли томонидан қурол-яроғ олишнинг соддалаштирилган тартибини ва ихтиёрий сафарбарликни назарда тутувчи ўзгаришлар қабул қилинди.

Фото: AP

2022 йил сентябрида қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашувга айланган сўнгги можародан кейин Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари аҳолисини қуроллантириш масаласи кўтарилди ва қонунларга ўзгартиришлар киритилди.

Сўнгги ўзгаришларга кўра, энди Қирғизистоннинг барча чегарадош вилоятлари аҳолиси ов қуролларини харид қилиш ва фойдаланиш учун соддалаштирилган тартибда рухсат олиши мумкин. Бунинг учун қуролдан фойдаланиш тажрибаси ёки овчилик ташкилотига аъзолик талаб этилмайди.

Бундан ташқари, «Сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга янги атамалар – «кўнгилли отрядлар» ва «ихтиёрий сафарбарлик» киритилди. Энди Қирғизистоннинг 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқароси ўз ихтиёри билан ҳарбий рўйхатдан ўтиб, ўз ватанини ҳимоя қилиши мумкин.

Президентнинг сафарбарлик эълон қилиш ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Энди давлат раҳбари буни парламент билан келишиб олиши шартмас, у қарорни ўзи қабул қилиши мумкин. Бунинг учун энди ҳарбий ҳолат жорий қилиш ҳам шарт эмас.

Янгиликлардан яна бири шуки, сафарбарлик чоғида аҳоли ҳарбийлар талабига кўра, шахсий транспорти ва мол-мулкини тақдим этиши шарт. Илгари бу фақат ҳарбий ҳолат шароитида мумкин эди.

Экспертлар фикрига кўра, Қирғизистон томонидан бундай ўзгаришларнинг қабул қилиниши давлатнинг ўз чегараларини ҳимоя қилишга ожизлигини англатиши мумкин.

Мавзуга оид