Жаҳон | 17:04 / 23.11.2022
8657
2 дақиқада ўқилади

Украина разведкаси: Россия Қрим шимолида мудофаа чизиқларини қурмоқда

Фото: Picture Alliance

Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари аннексия қилинган Қримни ҳимоя қилишга фаол тайёргарлик кўрмоқда ва яриморолнинг чеккасида ҳамда унинг шимолий қисмида мудофаа чизиқларини қурмоқда

«Улар Херсон вилоятида Днипронинг чап қирғоғида ҳам, яриморолнинг шимолида - Қрим билан маъмурий чегарада ҳам мудофаа зонасини яратмоқда, хусусан, Жанкойнинг шимолий қисмида иккита позицион ҳудуд қурилмоқда. Бу улар учун жуда муҳим, чунки Украина қўшинларининг қарши ҳужуми натижасида Қрим шимоли Украина Қуролли кучлари учун нишонга айланади», деди Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Черняк «Укринформ» агентлигига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, у Херсон ва Запорижжя вилоятларидан эвакуация қилинаётган россияликлар ва коллаборантлар (босиб олинган мамлакатларда ўз ватанининг душманлари билан ҳамкорлик қилган киши) Қримга эмас, Россия ҳудудига етиб боришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. 

«Ҳатто улар у ёки бу тарзда Қрим Россия учун йўқолиб, Украинага қайтишини тушунишяпти», — дея қўшимча қилди у. 

Бундан олдин Россия қўшинлари аннексия қилинган Қрим шимолида ва Херсон вилоятида окоплар қазишни бошлагани хабар берилганди.

Шунингдек, очиқ манбалардаги разведка бўйича мутахассис (OSINT) Бенжамин Питтет ҳам тегишли маълумотларни эълон қилди. У Twitter’да сунъий йўлдош суратларини жойлаштирди, уларда Қрим шимолида окоплар қазилаётганини кўриш мумкин.

Мавзуга оид