Жаҳон | 21:23
2933
4 дақиқада ўқилади

Украина зарбаларидан кейин Севастопол электрсиз қолди

Фото: Видеодан кадр

21 июнга ўтар кечаси украин дронлари Керченский паром кечувига, шунингдек, Кавказ ва Керч денгиз портларига ҳужум қилди. «Панагия» паромига ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна бир киши яраланган, деб хабар беради Краснодар ўлкаси оператив штабидагилар. Ҳужумдан кейин паромлар орқали юк ташиш тўхтатилган. Оперштабдагилар катта юк ташувчи автомобиллар ҳайдовчиларига Р-280 трассасидан Ростов-Дон, Таганрог, Мариупол, Мелитопол ва Симферопол орқали ўтишни тавсия қилган.

Керч, 2026 йил 21 июн
Exilenova+

Керч яриморолида (бу Қримнинг шарқий қисми) украин дронлари ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 28 киши яраланди, деб хабар берди Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксенов. У тафсилотларни келтирмаган, одамлар қандай шароитда ва айнан қаерда ҳалок бўлгани маълум эмас.

Керч, 2026 йил 21 июн
Exilenova+

Севастополда радиоэлектрон кураш кучлари томонидан ишдан чиқарилган дронлардан бири шаҳар марказидаги кўп қаватли турар жой биноси томига қулаб тушди, дея хабар берди шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган губернатори Михиал Развожаев. Унинг қўшимча қилишича, ҳудуд ўраб олинган, одамлар эвакуация қилинган, жабрланганлар йўқ.

Ҳужумлардан сўнг Қримнинг бир қисми электр тармоқларидаги «технологик шикастланишлар» туфайли электр таъминотидан узилди, деб хабар берди «Қримэнерго» компанияси матбуот хизмати. Авария-тиклаш ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган. Бу Украина зарбалари билан боғлиқми ёки йўқми, номаълум.

Севастополда электр энергиясини вақтинча ўчириш жадвали жорий этилди – Михаил Развожаев буни шаҳар ташқарисидаги «электр тармоқларига ҳаддан ташқари юклама тушишини бартараф этиш зарурати» билан изоҳлаган. Орадан бир соат ўтгач, у ортиқча юклама бартараф этилгани, аксарият районларда электр таъминоти йўлга қўйилгани ҳақида хабар берди. «Севастополэнерго» компанияси каналида эълон қилинган узилишлар жадвалидан маълум бўлишича, 22 июндан 26 июнгача бир қатор манзилларда кундузи электр таъминоти бўлмайди.

Бундан ташқари, 21 куни эрталабки соат 9 дан Қримдаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин сотилиши тўхтатилди – нақд ва нақдсиз тўловга ҳам, талонлар орқали ҳам (май ойи охирларида ёқилғини фақат талон бўйича сотиш, шунда ҳам бир кишига бир кунда 20 литрдан ортиқ бензин сотмаслик бўйича чеклов жорий этилганди). Сергей Аксенов ёқилғи фақат «Қрим республикасидаги ҳаёт ва хавфсизликни таъминлайдиган» давлат хизматлари учунгина берилишини эълон қилган.

Россия ҳукуматининг расмий хабарларида ҳужум оқибатлари ҳақида амалда ҳеч нарса дейилмаган. Украинадаги телеграм-каналлар FIRMS (Fire Information for Resource Management System) тизими маълумотлари ҳамда гувоҳлар томонидан юборилган кадрларга таяниб, Кавказ ва Керч портларида (Қрим кўпригидан бир километрга яқин масофада), шунингдек, ҳарбий қисмларда чиққан ёнғинлар ҳақида хабар берган.

Украина қуролли кучларининг махсус операциялар кучлари тунги ҳужум натижасида Керчдаги нефт терминали зарар кўрганини маълум қилди, бу терминал темирйўл, резервуарлар ва танкерлар ўртасида нефтни ташилишини таъминлайди, шунингдек, кемаларга ёқилғи қуйиш ва паром кечуви фаолиятини таъминлашда фойдаланилади.

Володимир Зеленский Қрим кўпригининг ҳар икки томонидаги объектлар (улар Краснодар ўлкасида нефт денгиз орқали ташилишини таъминлаган), шунингдек, С-400 комплекслари таркибидаги тўртта радар станцияси ва иккита «Панцир» комплексига зарба берилгани ҳақида ёзган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид