Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада Россиянинг таслим бўлган ҳарбийларига хиёнат қилиш бўйича иш очилди
Текширувга иккита резонансли видео сабаб бўлди: россиялик ҳарбийларнинг таслим бўлиши, улардан бири ўт очиши ва ўлдирилган рус аскарлари.
Луҳанск вилояти прокуратураси россиялик ҳарбий хизматчиларнинг хиёнат қилиш эҳтимоли ҳақидаги маълумотларни судгача бўлган терговларнинг ягона реестрига киритди. Бунга бири украиналик аскарларга қарата ўт очган рус аскарларининг таслим бўлиш жараёни акс эттирилган иккита видео ва ҳалок бўлган рус аскарлари тасвири сабаб бўлган. Бу ҳақда 22 ноябрь, сешанба куни Украина Бош прокуратураси сайтида маълум қилинди.
Уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш (Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси 1-қисми) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. «ОАВ мониторинги натижаларига кўра, Луҳанск вилоятининг Макийивка қишлоғида россиялик ҳарбийлар Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларига таслим бўлиш баҳонасида украиналик ҳимоячиларга қарата ўт очгани маълум бўлди. Бундай ҳаракатлар халқаро гуманитар ҳуқуқ билан тақиқланган», - дейилади Украина маҳкамасининг Женева конвенцияларига қўшимча протоколнинг 37-моддасига ишора қилган баёнотида.
Халқаро ҳуқуққа кўра, хиёнат қилиш, яъни ҳужум учун таслим бўлиш йўли билан душманни ўлдириш, жароҳатлаш ёки қўлга олиш тақиқланади.
Украина маҳкамаси украиналик ҳарбийларга нисбатан, улардан бирининг хиёнати учун қасос сифатида таслим бўлган барча рус аскарларини ўлдириши мумкинлиги ҳақидаги гумонларга изоҳ бермади.
18 ноябрь куни Telegram каналларида Луҳанск вилоятининг Макийивка пунктида россиялик ҳарбий асирларнинг таслим бўлгани тасвирланган иккита видео пайдо бўлди. Биринчи видеода жанг пайтида у ерда яширинган россиялик ҳарбийлар шахсий уйдан чиқиб, украиналик ҳарбийлар буйруғи билан бинога кириш эшиги олдида ерга ётиб олишади. Бино девори ортидан охирги бўлиб қора кийимдаги одам пайдо бўлиб, у автоматик қуролдан Украина жангчилари томон ўқ узади, шундан сўнг ёзув узилиб қолади.
Иккинчи видео худди шу ҳовлида ҳаводан суратга олинган. Кадрларда 12 нафар ҳарбий кийимдаги жасадлар қон излари билан ерда ётганини кўриш мумкин. Афтидан, булар биринчи видеода ерда ётган одамлардир.
Видеони эълон қилган кремлпараст «Рыбарь» Telegram канали муаллифларининг таъкидлашича, россиялик аскарлардан бири таслим бўлиб, украиналик ҳарбий хизматчиларга қарата ўт очгандан сўнг, «Украина Қуролли кучлари барча ҳарбий асирлардан ўч олишга қарор қилди».
Conflict Intelligence Team (CIT) таҳлилий гуруҳи асосчиси Руслан Левиев россиялик аскар ҳақиқатда уруш жинояти - хиёнат қилганини даъво қилмоқда. У ўзини таслим бўлишга тайёрдек кўрсатди, лекин ўт очди. Бироқ, Россия ҳарбийларининг отишма бошлагани Украина Қуролли кучларига бошқа россияликларни ўлдириш ҳуқуқини бермайди, деди Левиев.
The New York Times газетаси видеоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Нашрнинг таъкидлашича, эълон қилинган видеороликлардан россиялик аскарларнинг қандай ва нима учун ҳалок бўлгани ҳақида аниқ хулоса чиқариш мумкин эмас. Ҳарбий жиноятлар бўйича судлов эксперти Ива Вукусичнинг NYT'га айтишича, украиналик ҳарбийларнинг ҳаракатларини таснифлаш ерда ётган руслар қачон ўлдирилганига боғлиқ: рус аскаридан кейин бошланган отишма пайтида, таслим бўлиш, ўт очиш ёки ундан кейин.
Россия Мудофаа вазирлиги украиналик ҳарбий хизматчиларни ҳарбий жиноят содир этишда айблади. Россия Тергов қўмитаси икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш, ҳарбий асирларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ва қуролли можарода тақиқланган воситалар ва усулларни қўллаш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Украина расмийларида «Россия ҳарбийларининг бир қисми ҳақиқатан ҳам таслим бўлмоқчи бўлган, баъзилари эса ўт очган» видеонинг тўлиқ версияси бор, у хиёнатни исботлайди. У Украина яқин орада тергов тафсилотларини эълон қилишига ваъда берди. Кремлнинг таъкидлашича, Россия «ушбу жиноятни содир этганларни қидириш билан ўзи шуғулланади».