Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина ўққа тутилиши масаласини тезкор тарзда муҳокама қилади
БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украинанинг бугунги оммавий ўққа тутилиши бўйича шошилинч йиғилиши Москва вақти билан ярим тунга режалаштирилганди, деб хабар берди Россия ахборот агентликлари Россия доимий ваколатхонасига таяниб.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатнинг БМТдаги доимий вакилига учрашув ўтказишни сўрашни топширганини маълум қилганди.
«Тинч аҳолининг ўлдирилиши, фуқаролик инфратузилмасининг вайрон бўлиши терактдир. Украина халқаро ҳамжамиятдан бу жиноятларга қатъий жавоб беришни талаб қилишда давом этмоқда», — деб ёзган Зеленский.
Бундан олдин 23 ноябр куни Россия қўшинлари Украина ҳудудлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко россиялик ҳарбийлар «Украина энергия таъминот объектларини йўқ қилишга уринаётгани»ни айтди.
Украина расмийларига кўра, янги ракета зарбалари оқибатида уч регион тўлиғича электр таъминотисиз қолган: Киев, Одесса ва Черниҳив областлари. «Укрэнерго» хабарига кўра, отишмалар туфайли Украинанинг барча ҳудудларида электр энергияси авариявий ўчирилиши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб интернет фаолиятида узилишлар кузатилмоқда.
«Энергетик террор давом этмоқда», — деди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак. Мамлакат президенти Володимир Зеленский Украина бўйлаб жами 67 ракета учирилганини хабар қилган. Полиция маълумотига кўра, сўнгги ҳужумлар оқибатида жами олти киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланган.