Жаҳон | 11:35 / 24.11.2022
6754
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ишчиларни ҳақорат қилгани учун россиялик менежер ишдан ҳайдалди

Тараздаги «Казфосфат» заводи ишчилари россиялик бошлиғи уларни қўйлар деб атагани учун иш ташлаш эълон қилди. Воқеа жойига полиция махсус кучлари етиб келган.

Фото: Base

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида 23 ноябрь, чоршанба куни «Казфосфат» минерал ўғитлар заводининг юзлаб ишчилари иш ташлаш ва митингга чиқишди. Бунга топ-менежерлардан бири, Россия фуқаросининг ҳақоратли сўзлари сабаб бўлган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, у ишчиларни қўй деб атаган. 

ОАВ маълумотларига кўра, намойишда 200 дан ортиқ одам қатнашган, заводда эса 400-500 нафар ходим иш ташлагани маълум қилинди. Иштирокчилар раҳбариятдан узр сўрашни талаб қилишди, шундан сўнг улар меҳнат шароитларини яхшилаш ва маошни оширишни талаб қила бошладилар. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган фотосуратлар ва видеолардан маълум бўлишича, ишчилар корхона яқинига тўплангач, у ерга полициянинг махсус бўлинмалари жалб қилинган.

Россиядан келган топ-менежерлардан бири билан суҳбат чоғида ишчилар: «Қозоқ тилида гапир!», «Россияга кет!», «Бизга бундай шовинистлар керак эмас!», «Сизлар мутлақо сурбетсизлар, бизни қўй деб аташди, шовинистлар!», «Барча русларни ишдан бўшатиш керак!», деб ҳайқиришган, дея ёзади «База» Telegram-канали. Акция иштирокчиларининг айримлари корхонадаги россиялик мутахассислар ойига 1,5 миллион тенгедан маош олиши, маҳаллий аҳоли эса худди шу иш учун 300-400 минг тенге олишидан норози бўлган.

Жамбил тумани ҳокимлигининг хабар беришича, намойишлар натижасида Россия фуқароси ишчилардан узр сўраган ва ишдан бўшатилган. Улар заводда миллатлараро низолар бўлмаганига ишонтиришди. 

Тараздаги норозилик намойишларидан сал аввал Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко россиялик сиёсатшунос Дмитрий Дробницкийнинг «Россия» телеканалидаги «Владимир Соловёв билан оқшом» ток-шоусидаги баёнотларини танқид қилди. Дробницкий Қозоғистонни «навбатдаги муаммо» деб атади ва Украинадаги каби «нацист жараёнлари у ерда ҳам бошланиши мумкин», деди. Василенконинг айтишича, бундай баёнотлар Москванинг «расмий позициясини акс эттирмайди», лекин улар «Қозоғистон ва Россия ўртасидаги анъанавий яқин муносабатларга путур етказади ва Россия расмийларининг тегишли муносабатига лойиқдир».  

Мавзуга оид