Ўзбекистон | 13:50
516
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон темирйўлда юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришди

Қозоғистон ва Ўзбекистон темирйўл орқали юк ташиш ҳажмини янада ошириш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда “Дунё” АА “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги маълумотига таяниб хабар берди.

Фото: Дунё

Қайд этилишича, икки мамлакат транспорт вазирларининг учрашуви Қозоғистон президенти томонидан транзит салоҳиятини ошириш ва транзит ташувлари ҳажмини 55 миллион тоннага етказиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида бўлиб ўтган. Томонлар Ўзбекистон–Қозоғистон темирйўл алоқасининг стратегик аҳамияти ҳамда минтақавий транспорт интеграциясидаги асосий ролини алоҳида таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги темирйўл ташувлари ҳажми 32,3 миллион тоннани ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 16 фоизга ошган.

Барқарор ўсишни таъминлаш мақсадида “Сариағаш”, “Оазис” ва “Сирдарё” туташ нуқталарида инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутувчи қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Режага мувофиқ, “Оазис” орқали поездлар қатнови суткасига 2 тадан 10 тагача етказилади. Шунингдек, “Дарбаза – Мақтаарал” темирйўл участкасининг қурилиши якунлангач, “Сирдарё” туташув пункти орқали ҳам суткасига 10 жуфт поезд ҳаракати таъминланиши белгиланган.

Музокаралар давомида инфратузилмавий ва таъмирлаш ишларини синхронлаштириш, назорат жараёнларини такомиллаштириш ҳамда технологик ҳамкорликни оптималлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар Марказий Осиёдаги йирик транспорт коридорлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид