Европа Иттифоқи Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини тайёрламоқда
Европа Иттифоқи Москванинг Украинадаги урушига жавобан Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини фаол равишда илгари сурмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен Финландияга ташрифи чоғида айтиб ўтди.
Тўққизинчи санкциялар тўплами ҳам иқтисодий, ҳам индивидуал чекловчи чораларни ўз ичига олиши мумкин. Шу тариқа, Европа Иттифоқи давлатлари Россия Федерацияси юридик ва жисмоний шахсларининг музлатилган активларини мусодара қилиш имкониятини кўриб чиқиши эҳтимоли мавжуд.
6 октябр куни Европа Иттифоқи Украина тўрт ҳудудининг Россия Федерацияси таркибига қўшилиши муносабати билан Россияга қарши саккизинчи иқтисодий ва индивидуал санкциялар пакетини киритди, жумладан, Россия нефти нархининг юқори чегараси, савдони 7 миллиард еврога чеклаш чоралари, шунингдек 30 нафар жисмоний ва 7 нафар юридик шахсга нисбатан чекловчи чоралар жорий этилди.
Бундан олдин Европа Иттифоқи Россиянинг қарийб 68 миллиард евролик активларини музлатиб қўйганди.
Журналистларнинг маълумотларига кўра, музлатилган маблағларнинг қарийб 50 миллиард евроси Бельгияда, яна 5,5 миллиарди Люксембургда. Италия, Германия, Ирландия, Австрия ва Франция билан биргаликда музлатилган активларнинг 90 фоиздан ортиғи ушбу давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Украинадаги тажовуз учун Европа Иттифоқи санкциялари натижасида музлатилган Россия миллий захиралари ҳажми тахминий равишда 33,8 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Еврокомиссия, бундан ташқари, яқин келажакда ЕИ кенгаши санкциялардан қочишни жиноят деб тан олишини кутмоқда, дея хабар беради Politico. Бу айблов хулосаси чиқарилган тақдирда мол-мулкни мусодара қилиш тартибини осонлаштиради. Бу билан боғлиқ қийинчиликлар, хусусан, Полшада пайдо бўляпти. Унинг вакили Варшава Европа Иттифоқи ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, аммо уни амалга ошириш учун тегишли миллий қонун қабул қилиш зарурлигини тушунтирди.
Европа Иттифоқининг янгиланган санкциялар рўйхатига ҳозирда 1241 жисмоний ва 118 юридик шахс киритилган – улар Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига путур етказишда иштирок этган деб ҳисобланади. Жазо чоралари рўйхатига активларни музлатиш ва Европа Иттифоқига киришни тақиқлаш киради.
Мавзуга оид
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:48 / 19.11.2024
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
13:31 / 19.11.2024